Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Пике ва Шакира ўртасидаги муҳаббат тарихи

Баҳо:
+ | -

Шакира ва Пике ажралишди. Эҳтимол, улар испанзабонлар жамиятининг ХХI асрдаги намунали жуфтлиги ва спорт билан санъат уйғунлигидан пайдо бўлган Бекхэмлар давридан кейинги мукаммал жуфтликдир.

Жаҳон ОАВ замонавий «Мажнун»нинг бевафолиги ва «Лайли»нинг асабий кечинмалари хусусида бонг ураётган паллада, биз уларнинг энг бахтиёр ва қувончли дамлари - қай йўсинда учрашганлари, нима сабаб севишиб қолишгани ва ҳамкорликдаги 10 йилни нималар билан тўлдиришганини ёдга олишни афзал кўрдик.

Улар ЖАРда танишдилар: об-ҳаводан гаплашдилар, ЖЧ тугагунича ёзишиб турдилар - Лайли билан дийдорлашиш ишқида Мажнун финалгача етиб борди

Испания ЖАР мундиалида ғолиб чиқди, аммо ўша давр Пике учун фақатгина ҳал қилувчи баҳслардаги мунтазам иштирок билан ёдда қолгани йўқ. Бошланишида Жерар Испаниянинг асосий ҳимоячиси, Шакира эса турнирнинг мусиқий юзи эди. Улар мусобақа старти арафасида, Waka Waka клипини тасвирга олиш пайтида танишдилар. Якунда Пике This Time for Africa шиорини намойиш этиш билан видеодан жой олди.

Кейинчалик Пике Шакирага яна учрашиш ниятида эканлигини ёзди, у финалга чиқишдан умидвор эди. Чунки Шакира финалнинг бадиий қисмида иштирок этарди. Мулоқот узилиб қолмаслиги учун футболчи об-ҳаво хусусида савол берди, қиз Африкага ундан аввалроқ келганди. Кейинчалик Шакира шундай деганди: «Бутун ҳаётим муҳаббатини ўша турнирда учратганимни ҳеч қачон унутмайман».

Улар турнир давомида ўзаро ёзишмалар орқали боғланиб туришди. Пике Шакирани терма жамоа натижалари билан таништириб, финални кутарди. Бунга жавобан ўша видеода ўта чиройли кўрингани ҳақидаги хабарни олди. ЖЧ якунлангач, умумий танишлари севишганларга учрашув уюштиришди. Ўшанда дўстлик ришталари боғланди. Танишув пайтида қиз ҳам, йигит ҳам бошқа жуфтликда эдилар. 2010 йилнинг августида ҳам улар шунчаки, танишлардек кўрингандилар. Лекин тез орада Шакира 11 йил бирга юрган Антонио де ла Руа билан ажрашди, Жерар эса актриса Нурия Томас билан алоқани узди. 2011 йил баҳорида ниҳоят, Пике ва Шакира пинҳоний севгиларини ошкор этишди.

Иккиси учун ҳам ўтмишни унутиш осон бўлмади. Нурия Томас бир неча йилдан кейин аламлар унутила бошлаганини тан олганди. Шакира эса Антонио билан товон пули масаласида судлашиб, уни ўз фойдасига ҳал этди.

Шакира Жерардан 10 ёшга каттароқ. Лекин иккови бир кунда - 2 февралда туғилишган, буни биргаликда нишонлашарди. Бу санани жуфтлик Яратганнинг ўзига хос инъоми сифатида баҳолади. «Бир неча йил давомида муҳаббатдан йироқ эдим. Тўсатдан уни учратдим ва қуёш чиқди», - деганди Шакира.

Ўзаро муносабатлар Шакиранинг турмуш тарзига сезиларли таъсир этди. Пике унинг эркаклар билан клипларда тасвирга тушишини тақиқлаб қўйди. Аста-секин жуфтлик икки тенг ҳуқуқли кишини қониқтирадиган тартибни ишлаб чиқишди. Энг қийини - келиннинг ўта бандлиги эди. Турли мамлакатлардаги гастроллар туфайли, у бир ой оиладан айро юрар, лекин мунтазам равишда телефон орқали боғланиб турарди. Бошқа жиҳатларни келин ҳам, куёв ҳам ошкор этишни истамади.

Улар деярли ҳеч қачон қандайдир кескин вазиятни намойиш этишган эмас. Икки нафар ўғлонни дунёга келтиришгач, муносабатлар янада мустаҳкамланди. 2013 йил январида Милан, 2 йилдан кейин Саша таваллуд топди. Шакира турмуш ўртоғини замонавий ота сифатида ҳурмат қилиши ва ўзи ҳам болалар туфайли тегишли ўзгаришларни амалга оширганини айтганди. Пике эса бу борада камтарона фикр билдирди: «Биз бошқа оилалардан фарқ қилмаймиз. Фарзандимизга кўпроқ вақт ажратишга, сайр қилиш, кино ёки театрга боришга ҳаракат қиламиз».


Шакира туфайли Пике янада    интизомлироқ бўлди ва «Барса»да қолди

Жерар билан танишгунга қадар, футбол Шакирани умуман қизиқтирмасди. Кейин у барча воқеаларни тўхтовсиз кузатадиган, Пике иштирокидаги ўйинларни томоша қиладиган бўлди.

Пике билан таништирган футболга миннатдорлик сифатида Шакира бутун оиласини миллионлар ўйинига жалб этди, ўзи ўйин қоидаларини ўрганди. Унинг ёнма-ён эканлиги ҳатто Жерардаги ижобий ўзгаришларга сабаб бўлди: машғулотларда янада интизомлироқ бўлиб қолди, Гвардиола билан самимий муносабатни тиклади, «Барса»ни тарк этиш фикридан қайтиб, идеал футболчи бўлишга аҳд қилди.

Тантанали маросимларга Пике кўпинча Шакира ҳамроҳлигида борарди. Каталония ФФнинг мукофоти қабул қилганида маъшуқасини маҳкам қучоқлаб олгани маросимнинг энг таъсирчан лавҳаси бўлди. Шакира трибунада ўтирган паллада Жерар албатта унга бўса йўллашни унутмасди. «Қачондир Жерар «Барселона» президенти бўлади. Мен эса «Барса»нинг етакчи хоними бўламан», - деганди Шакира тўлқинланиб.

Ажралиш хусусидаги гап-сўзлар қаердан келди?

Жуфтлик ўртасидаги муаммоларни 2022 йилда El Periodico чоп этди. Испан ва каталон тилларида чиқадиган газета 1978 йилда ўз фаолиятини бошлаган, ихтисоси - спорт. Мавқеи жиҳатидан Испаниянинг 5-газетаси.

2019 йилда нашр соҳибининг алмашуви таҳририят сиё­сатига ҳам таъсир этди. Айнан шу нашр журналистлари Пике Шакирага хиёнат қилганлигини таъкидладилар. Шу сабабли футболчи маъшуқасини тарк этиб, эски уйига қайтган. Материалларда қизнинг шахси ошкор этилмаган - фақат 20 ёшли барселоналик малласоч эканлиги баён этилган. Гўёки, Шакира уни Пике билан кўрган эмиш. Кейин бошқа нашрлар ҳам медиа гулханига мой қуйишни бошлаб юборади. Мактабдан болаларни Шакиранинг ўзи олиб келаётгани, дам олиш кунларида ҳам Пике уларнинг ёнида кўринмай қолгани ҳақидаги хабарлар «болалаб» кетди.

Жуфтликнинг ажрашиши хусусидаги миш-мишлар 2017 йилда ҳам авж олганди. Жерарни аввал исроиллик моделга, кейин собиқ маъшуқаси Нурия Томасга «бичишган», Нурия буларнинг барчаси туҳмат эканлигини расман таъкидлаб ўтганди. Шунга ўхшаш «тош отишлар»га жуфтликнинг ёнма-ён тушилган суратлари жавоб бўларди. Улар ҳаётда оила доимо 1-ўринда туришини, ҳар қандай муаммо муҳаббатга раҳна сола олмаслигини кўп таъкидлашарди. Шу йилнинг баҳорида Шакира ва пуэрто-риколик рэпер Rauw Alejandro янги ижодий ишларини намойиш этдилар. Афсус-надомат, изтироб ва умидсизлик билан тўлиб-тошган асардан қуйидаги жумлалар ҳам ўрин олган: «Йиғлайвериб кўзларим қизариб кетди - мен сен туфайли йиғлаяпман. Назаримда, сен афсусдасан. Сўзларинг самимийдек, лекин сени яхши биламан, ёлғон сўзлаётганингни биламан. Фақат актёрлик маҳоратинг мақтовга лойиқ».

СОДИҚ СОБИР тайёрлади.

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 14:00, 06.08.2022.
Ўқилди: 7391 марта.
Фикрлар: 6 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.