Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида бўлиб ўтаётган Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида бугун саккизинчи тур ўйинлари ўтказилмоқда. Ўзбекистоннинг ҳар икки терма жамоаси кичик ҳисобда рақибларини мағлуб этишди.
Айниқса, йигитларимизнинг ғалабаси жуда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Боиси, Абдусаттаров, Синдаров ва Жаҳонгир Воҳидов ўз партияларини дуранг билан якунлагач, барча нарса Ёқуббоевнинг қўлида қолди. Нодирбек ўз устунлигидан унумли фойдаланиб, баҳсни ғалабага олиб бора олди. Якуний ҳисоб — Ўзбекистон - Германия - 2,5 : 1,5.
Ушбу ғалабадан кейин Ўзбекистон ўз очколарини 14тага етказиб олди. Ҳиндистон-2 терма жамоаси АҚШ устидан 3:1 ҳисобида ғалаба қозониб, очколарни 14тага етказди. Айни пайтда Арманистон ва Ҳиндистон ўртасидаги иккита баҳс давом этмоқда. Ҳозирча ҳисоб — 1:1.
Ўзбекистон аёллар терма жамоаси бугун Шимолий Македонияни 2,5 : 1,5 ҳисобида мағлуб этди. Омонова ва Ҳамдамова ғалаба қозонишга бўлса, Бобомуродова дуранг ўйнади. Биринчи рақамли шахматчимиз ушбу мусобақа яхши ўйин намойиш эта олмаяпти. У бугун ҳам ютқазди. Қизларимиз ушбу ғалабадан кейин жадвалда 30-ўринлар атрофига кўтарилиб олишади.