“Ливерпуль” клубининг мисрлик ҳужумчиси Муҳаммад Салоҳ Миср пойтахти Қоҳирадаги черковни таъмирлаш учун катта маблағ хайрия қилган. Бу ҳақда The National газетаси хабар бермоқда.
Манбага кўра, ҳужумчи ибодатхона таъмири учун тахминан 3 миллион Миср жунайҳи (тахминан 150 минг евро) ўтказган. Бундан ташқари футболчи воқеа юзасидан ҳамдардлик билдирган.
Эслатиб ўтамиз, Қоҳиранинг Имбама туманидаги черковда юз берган ёнғин оқибатида камида 41 киши ҳалок бўлгани, ўнлаб кишилар жароҳатлангани хабар қилинганди. Ёнғинга кондиционердаги қисқа туташув сабаб бўлгани айтилган. Ҳалок бўлганларнинг аксарияти тутундан бўғилиб вафот этган.
Маълумот ўрнида. Салоҳ аввалроқ Буюк Британиядаги энг кўп эҳсон қилувчи одамларидан бири сифатида тан олинган эди. Муҳаммад Салоҳ яқинда "Олтин тўп" мукофотига номзодлардан бири сифатида кўрсатилди.