"Олмалиқ"қа қарши кечган учрашув "Локомотив"нинг мағлубияти билан интиҳо топди. Шу тариқа жамоанинг саккиз ўйиндан иборат мағлубиятсиз юришига чек қўйилди. Натижада "Локо"нинг рақобатчилари бироз илгарилаб кетишди. Бироқ, жамоамизни олдинда муҳим ўйинлар кутиб турибди. Вазиятни ўнглаш эса "Локомотив" футболчиларининг ўз қўлларида. 12-тур доирасидаги "Локомотив" ва "Қизилқум" жамоалари учрашуви олдидан WWW.LOKOMOTIV.UZ сайти мухбири темирйўлчилар жамоаси катта мураббийи Ҳаким Фузайлов билан суҳбатлашди. Унда "Олмалиқ"қа қарши кечган ўйин ва бўлажак баҳсга қандай тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида сўз борди.
— Ҳаким Қаюмович, келинг даставвал Олмалиқда кечган ўйин ҳақида суҳбатлашсак. Шу куни "Локомотив" ёмон ўйнамасада ютқазди. Умуман, учрашув сизда қандай таассурот қолдирди?
— Ўйин менда икки хил таассурот қолдирди. Биз учрашувни назорат қилдик, тўп билан кўпроқ муомалада бўлиб, рақиб дарвозасида олдида ҳавфли вазиятлар содир этдик. "Олмалиқ" эса ташаббусни бизга бериб қўйган ҳолда жуда хавфли ўйин намойиш қилди. Жамоа ҳужумчилари юзага келган вазиятлардан фойдалана олишолмади. Шунингдек, ўрта чизиқдаги айрим футболчилар ҳам имкониятидан паст ўйин намойиш қилди. Рақиб бизни қарши ҳужумда ушлашга ҳаракат қилди ва бунинг уддасидан чиқишди. "Олмалиқ" сафида икки марказий ҳимоячи яхши ҳаракат қилди ва ҳужумчиларимизга имконият қолдирмади. Улардан бири гол киритиб, ўйин тақдирини ҳал қилди. Марказий ҳимоячимиз Юлдошев майдондан четлатилгач, биз ўйин схемасини ўзгартиришга мажбур бўлдик. Гарчи майдонда камчилик бўлиб тўп сурган бўлсакда, ўйинда ташаббусга эга бўлдик. Натижа адолатли кўриниш олди, чунки шу куни "Олмалиқ"да иштиёқ кучли эди.
— Игорь Шквирин жамоаси сизни нимаси билан ажаблантирди?
— Юқорида айтдим, уларда иштиёқ жуда кучли эди. Жамоа ўйинчилари ғалаба иштиёқида астойдил ҳаракат қилишди. Тактиканинг ўзгариши эса мени ажаблантиргани йўқ. Чунки, ҳар бир жамоа рақибга қараб тактика танлайди.
— "Қизилқум" билан бўладиган ўйинга жамоа қандай тайёргарлик олиб бормоқда?
— Жиддий. Негаки шу кунгача ўз майдонимиздаги ўйинларда кўп очко йўқотдик. Энди очко йўқотишга ҳаққимиз йўқ.
— Сўнгги икки учрашувда "Локомотив" ҳужумчилари жуда кўплаб қулай вазиятларга эга бўлишса-да, улардан самарали фойдаланишолмаяпти. "Қизилқум" билан ўйинда таркибда қандайдир ўзгариш бўладими?
— Албатта. Лекин кимлар асосий таркибда майдонга тушишини ҳозирча ошкор этолмайман. Бизда ҳужумчилар танқислиги сезилмоқда. Лекин, "Қизилқум" билан ўйинда айрим ўзгаришлар бўлади.
— Жора Оганесьян ўйингача тайёр бўлиши мумкинми?
— У индивидуал тарзда шуғулланмоқда. Аммо,"Қизилқум"га қарши ўйинда майдонга тушиши даргумон. Уни елкасидаги жароҳат безовта қилмоқда.