Ўзбекистон Суперлигасининг 21-туридан ўрин олган сўнгги иккита учрашув ўз ниҳоясига етди.
“Бухоро” — “Навбаҳор”
Бухорода кечган баҳсда маҳаллий “Бухоро” жамоаси ўз майдонида Наманганнинг “Навбаҳор” клубини қабул қилди ва йирик ҳисобда мағлубиятга учради.
Ўйин жуда тезкор гол билан бошланди: 4-дақиқадаёқ меҳмонлар аъзоси Русланбек Жиянов ҳисобни очди. Мезбонлар бунга тезда муносабат билдириб, 12-дақиқада Асадбек Жўрабоевнинг аниқ зарбаси эвазига мувозанатни тиклашга муваффақ бўлди — 1:1. Бироқ иккинчи бўлим тўлиқ наманганликлар устунлигида ўтди. 69-дақиқада Диёр Холматов жамоасини яна олдинга олиб чиққан бўлса, орадан кўп ўтмай, 78-дақиқада Шоҳруҳбек Абдураҳмонов орадаги фарқни оширди. Ўйин якунига келиб, 87-дақиқада Жасурбек Жалолиддинов ўз голи билан учрашувга якуний нуқтани қўйди — 1:4.
Ўзбекистон Суперлигаси, 21-тур
“Бухоро” — “Навбаҳор” 1:4
Голлар: 0:1 — Жиянов (4), 1:1 — Жўрабоев (12), 1:2 — Холматов (69), 1:3 — Абдураҳмонов (78), 1:4 — Жалолиддинов (87).
“Локомотив” — “Машъал”
Тошкентдаги учрашувда эса “Локомотив” жамоаси Муборакнинг “Машъал” клуби билан куч синашди. “Темир йўлчилар” бу ўйинда рақиб дарвозасига жавобсиз учта тўп киритиб, ишончли ғалабани қўлга киритди.
Биринчи таймда дарвозалар дахлсизлиги сақланиб қолди. Асосий воқеалар иккинчи бўлимда юз берди. 56-дақиқада тажрибали ҳужумчи Темурхўжа Абдухолиқов рақиб дарвозасини ишғол қилиб, мезбонларни олдинга олиб чиқди. Ўйин охирларида, аниқроғи 85-дақиқада айнан Абдухолиқов дубль қайд этиб, ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди. Ҳакам томонидан қўшиб берилган 90+1-дақиқада эса Жаъфар Баҳодиров учинчи голни уриб, ўйин тақдирини узил-кесил ҳал қилди.
Ўзбекистон Суперлигаси, 21-тур
“Локомотив” — “Машъал” 3:0
Голлар: 1:0 — Абдухолиқов (56), 2:0 — Абдухолиқов (85), 3:0 — Баҳодиров (90+1).













