Мюнхеннинг «Бавария» клуби ярим ҳимоячиси Майкл Олисе жамоани тарк этган тақдирда фаолиятини давом эттириш учун ягона вариант сифатида Мадриднинг «Реал» клубини кўрмоқда.
Франциялик футболчи бошқа клублардан келадиган таклифлар сабабли жамоасини ўзгартиришни режалаштирмаяпти.
Sky Sport Germany маълумотларига кўра, Олисе фақат «Реал» томонидан жиддий қизиқиш билдирилган тақдирдагина «Бавария»дан кетиш имкониятини кўриб чиқишга тайёр.
Агар Мадрид клуби уни сотиб олиш бўйича аниқ ҳаракатларни амалга оширмаса, футболчининг «Бавария» билан шартномасини узайтириши энг эҳтимолий вариант ҳисобланади.
Майкл Олисе 2024 йилнинг июль ойидан буён «Бавария» шарафини ҳимоя қилиб келмоқда.
Ўшанда мюнхенликлар франциялик футболчини Англиянинг «Кристал Пэлас» клубидан тахминан 60 миллион еврога сотиб олган эди.
Олисенинг «Бавария» билан амалдаги шартномаси 2029 йилнинг 30 июнига қадар мўлжалланган.













