Криштиану Роналду "Олтин тўп" учун кураш олиб бораётган бир пайтда Португалия терма жамоаси у билан параллел равишда яшашга ҳаракат қилаётган эди. Рус блоггери, Испания ва "Атлетико" Мадрид мухлиси – Станислав Ринкевич футбодан кўра кураш ва ҳиссиётлар жўш урган даслабки ярим финал ҳақида мушоҳада қилади.
"Injustiça", – дея пичирлади Криштиану Роналду Фабрегасининг аниқ зарбасидан сўнг. Адолатсизлик, дегани. Икки йил аввал у миллат қаҳрамони бўлиш учун тамал тоши қўяётган эди, бу ерда эса... пенальтилар сериясида унга навбат ҳам келмади. Бу воқеадан икки дақиқадан сўнг Алан Ширер Би-Би-Си эфирида Португалия етакчисининг биринчи ёки учинчи эмас, айнан бешинчи бўлиб пенальти тепишга қарор қилганидан жаҳлланарди. Ўйиндан кейинги пенальтилар сериясида сўнгги ва ҳал қилувчи зарба доим ҳам синоним бўлавермайди…
Иберияча ярим финалнинг бундай тус олиши рамзийлигини ҳар хил талқин қилиш мумкин. Роналду ўз қаноти остига яхши жамоа тўплагани хусусидаги хулоса ҳам бўй кўрсатди. Матбуот ва телевидение замонавий футболнинг энг ёрқин ва фойдали индивидуалистини шу қадар севиб қолган эдики, бутун бошли Португалия терма жамоаси Криштианунинг бир қисмига, унинг шотирларига ёда ола-була фонига айлантирилди. Агар унинг бир ўзи Европа ва Жаҳоннинг амалдаги чемпионига қарши келиб қолса-чи?
Португалия бундай муносабатга лойиқ эмасди. КриРо "Олтин тўп" учун ҳаракат қилаётган бир пайтда терма жамоа у билан бирга яшашга, вақти-вақти билан ҳамоҳангликка эришишга ҳаракат қилди. Алмейда керакли вазиятларда ўзининг номдор жамоадошини пайқашни истамади ва қийшиқ зарбалар бераверди, Рауль Мейрелеш эса кераксиз вақтда ўйин тақдирини айнан сардор зиммасига юклади. Ақлли меҳнаткаш Моутинью, ҳар доим батартиблиги билан ном қозонган Коэнтрау, пенальтилар сериясига тайёр турган Руй Патрисиу – хуллас, "майдонда бир киши жангчи эмас" нақли Португалия терма жамоасининг Евро-2012даги марсиясига айланди. Ахир чинданам бир ўзи эмасдику?
Ҳеч ким Криштиануни айбдор санамоқчи эмас. У кўпроқ ўзининг буюк иқтидори қурбони бўлди. Нидерландлар ва Чехияга қарши ўйинлардан сўнг унга атаб ажойиб сценарий битилганди, фақат ўша сценарийнинг сўнгги варақлари унинг жамоадошлари томонидан ҳавога учирилди. Роналду гоҳ Арбелоага, гоҳ Серхио Рамосга тўқнашаверди, Хаби Алонсо туфайли тезкор қарши ҳужумларни бошлай олмади ва… Касильяс томон аниқ зарбалар беролмади. Начора, Мадриднинг "Реал"и берди, Мадриднинг "Реал"и олди.
Альваро Негредо ўрнига Сеск Фабрегас туширилгач, "Барселона" ва "Реал" футболчилари учрашув қатнашчиларининг қолган ярмидан кўра кўпроқ бўлишди. Футболдан кўра кўпроқ ҳис-ҳаяжон ва кураш — ахир бу ўрта асрлар моуриньоча мумтоз асарининг қайта нашр этилиши эмасми? Ҳаттоки анча ўзини босиб олган Пепе ҳам тиззаларини ишга солиб Алонсони қулата бошлади. Бутун бир соат мобайнида португалияликлар ўз прессингларида беназир ҳаракат қилишди. Испаниянинг ўйини эса майдоннинг турли қисмларидаги ўзаро тўп алмашишларга бўлиб ташланди, лекин "Фурия" ва "Барселона" ўйинининг доимий кузатувчилари (ҳа, айнан кузатувчилари, томошабинлари эмас) билишадики, юқори темпда 90 дақиқа прессинг қилиш им-кон-сиз!
Висенте дель Боскенинг Альвадо Негредонинг ҳужум чизиғига чиқариши билан боғлиқ ғалати юриши унинг олдинги стратегиялари – ҳужумчиларсиз таркиб тушириши тўғри эканлигини исботлаш учун қилингандек. Негредо иккинчи қаватдаги курашларда яққол ютқазаверди ва жарима тўпи ишлаб, бошини чангаллаганча қулайверди – уч марта бунинг уддасидан чиқди, шу билан севильялик форварднинг миссияси тугади. Финалда Альваро Арбелоа билан боглиқ ана шундай айёрона трюк кўришни истардик, чунки испанларнинг ўнг қаноти бутун турнир давомида энг заиф нуқтаси бўлиб келмоқда.
Opta 120 дақиқа давомида португалиялар бирор марта дарвоза соҳасига аниқ зарба беролмаганини қайд этди. UEFA икки зарба топибди, лекин уларнинг либерал сиёсати жарима майдонига ҳар қандай тўп ҳаволатилишини 100 фоизли имконият деб ҳисоблайди. Сариқ карточка олишнинг ёпиқ тизими, Донецк чимидаги ётиб олишлар ва босим қўшимча вақтда узилиб қолди. Қанчалик парадоксал бўлмасин, Хавининг майдондан олиниши испанларнинг қўлини бўшатди. Иньеста майдон марказига кўчди, Алонсо эса майдонга янги тушган "чопағонлар" Хесус Навас ва Педрони майдон ичкарисидан тўп билан таъминлай бошлади. Дель Боскенинг ўйинчи алмаштиришлари ўйинни жонлантирди ва устуворликларни бошқача жойлаштиришга замин яратди. Паулу Бенту ўйинчи алмаштиришлари эса, бор-йўғи икки мураббийнинг ресурсларидаги фарқни кўрсатди, холос. "Фурия"га сўралаётган голни киритиш учун 10-15 дақиқа етмай қолгандек кўринди.
Пенальтилар сериясида олдинги икки соат мобайнида муҳим бўлган нарсалар беҳудага айланади. Сен энди Бруну Алвешмассан – жаҳоннинг энг қудратли ярим ҳимоясига гол уришга имкон бермаган. Сен – Бруну Алвешсан, бировнинг навбатида пенальти тепишга ошиққан. Сен энди Криштиану Роналду эмассан, "Олтин Тўп"дан битта гол нарида турган. Сен – Криштиану Роналдусан, умуман навбат етмай қолган. Сен энди Серхио Рамос эмассан, тепган тўпини коинотда Ер сайёрасининг жамики фазогирлари ахтарган. Сен – Серхио Рамоссан, асаб мустаҳкамлиги қанақа бўлишини ҳаммага намойиш этиб қўйган. Касильяс ва Фабрегасга ҳурматни сақлаган ҳолда айтайлик, келинг, айнан Рамоснинг зарбаси ярим финал ютилган он бўлиб қолсин.
Фақат, у кимлардир учун ўша сонияда бой берилгани – адолатсизликдир…