Эртага футбол бўйича Ўзбекистон кубогини 1/8 финалининг дастлабки учрашуви, Локомотив ва Нефтчи клублари ўртасида бахс бўлиб ўтади. Икки учрашувдан иборат бўлган 1/8 финалда темирйўлчилар дастлабки учрашувни ўз майдонида ўтказадилар. Ушбу мухим учрашув олдиган Локомотив жамоасининг моҳир ҳимоячиси Ислом Тўхтахўжаев билан кичик сухбат уюштирдик.
- Ислом, авваламбор биринчи даврани сўнгги учрашувида Динамо билан ўйинда эришилган мухим ва керакли ғалаба билан табриклаймиз.
- Рахмат.
- Эртага жамоамизни мамлакатимизнинг кучли клуби Нефтчига қарши ўйин кутиб турибди. Ушбу учрашувга тайёргарлик жараёни қандай кечди, чарчоқ аломатлари йўқми? Чунки, Локомотив 15 кунни ичида 4 та учрашувда майдонга тушди.
- Биз бу учрашувга бошқа учрашувларга каби тайёргарлик кўргандек машғулотлар олиб бордик. Профессионал футболда икки хафтада 4 учрашув ҳеч нарса эмас.
- Нефтчига қарши ўйинда кўпчилик мухлис ва мутахасисларнинг эътибори сизга қаратилади. Фарғона клубида кўп йиллар тўп сургансиз, ўша ерда футболчи бўлиб танилгансиз. Кубок бахсида бу сизга ортиқча босим ўтказмайдими?
- Йўқ, аксинча барчамизни жудаям қизиқ учрашувлар кутиб турибди. Ўзимнинг яқин дўстларим, синфдошларимга қарши майдонда тўп суриш қизиқ бўлади. Бу икки учрашувдан иборат ўйин, биз майдонга фақат ғалаба учун чиқамиз.
- Сўнгги учрашувларда сиз жарима тўпларини амалга оширмоқдасиз, Андижон ва Машъал клубларининг дарвозаларини қойилмақом тарзда ишғол этдингиз. Жамоада жарима тўпларидан гол киритишда моҳир Садриддин Абдуллаев, Дилшод Жабборов, Жора Оганесян каби футболчилар бор. Тўпни тепишдан олдин бу футболчилар билан қандай келишиб оласизлар? Ёки ўзингиз амалга оширишни сўрайсизми?
- Ҳа, таркибимизда жарима тўпларини голга айлантира оладиган футболчилар кўп. Ҳамманинг ўзининг нуқталари бор. Ким ўзида ишонч бўлса тўпни тепаверади. Бунда ҳеч қандай келишув йўқ (кулади).
- Сухбатингиз учун рахмат, кубок ўйинларида омад тилаймиз!
- Рахмат!