Қатардаги Жаҳон чемпионати ўзига хос ўтиши кутилмоқда. Унинг фарқи нафақат ўтказилиш вақтида, балки ташкилотчилик жараёнида ҳамдир. Қуйида Қатардаги мундиалнинг молиявий жиҳатларига тўхталиб ўтмоқчимиз. Демак, бошладик...
Форс кўрфази ёқасида жойлашган жимитдеккина мамлакатнинг жуда бойлигидан ҳамманинг хабари бор. Маълумотларга кўра, араб давлати ЖЧга тайёргарлик кўриш мақсадида 200 миллиард фунт-стерлинг сарфлаган. Бу эса Российдаги 2018 йилги мундиалга қараганда 20 баробарга кўпроқ маблағ деганидир. Турнирнинг 2022 йилги версияси бутунлай тескари вақтда ўтказилади. 20 ноябрда старт оладиган мусобақада ҳар доимгидек 32 та жамоа иштирок этади. Аммо унга сарф қилинган сармоя ҳар доимгидек эмас. Энг охирги мундиалда Россия 11,6 миллиард фунтни турнир учун ишлатган. Қатарда эса 200 миллиард...
Бундан олдинги рекорд сарф-харажат Бразилияга тегишли эди. Ўшанда бразилиялик ташкилотчилар 15 миллиард фунт эвазига бир ой давомида Жаҳон чемпионатига мезбон бўлганди.
Шунингдек, 2010 йилда Жанубий Африка 3,6 миллиард, 2006 йилда Германия 4,3 миллиард, Жанубий Корея ва Япония эса биргалашиб, 7 миллиард фунтни айнан мана шу нуфузли мусобақага сарфлаган. Бу борада 1998 йилдаги Франциянинг кўрсаткичи 2,3 миллиардга, АҚШники эса (1994) 500 миллион долларга тенг.
Қатардаги мундиалнинг яна бир хос жиҳати, у ерда талабдагидан кўра, меҳмонхоналарнинг анча камлигидир. 2022 йилнинг март ойидаги маълумотга кўра, Қатарда бор-йўғи 30 минг ўринга эга меҳмонхоналар тармоғи бўлган. Ваҳолангки, қишда ушбу давлатга ЖЧ муносабати билан бир миллиондан ортиқ меҳмон ташриф буюриши кутилмоқда. Яна камига, мавжуд жойларнинг қарийб 80 фоизи қатнашувчи терма жамоалар, ҳомийлар ва уларнинг шахсий гуруҳлари учун ажратилган.
Шу сабабдан Қатарга қўшни ҳисобланган Саудия Арабистони, БАА, Уммон ва Қувайт келадиган мухлисларга ўз бағридан жой бермоқчи. Хусусан, улар учун ўша давр мобайнида Дубай-Доҳа йўналишига кунлик 50 та рейс қўйилиши режалаштирилган. Бирлашган Араб Амирликлари ўзида бир миллионгача туристни қабул қилиши мумкинлигини айтган.
Энди турнир ташкилотчиси бўлган давлатнинг инфратузилмасига ҳам озгина тўхталиб ўтсак. Агарда Қатар юқоридаги 200 миллиард фунт-стерлингни фақатгина мундиал учун тиккан десангиз, адашасиз. Пуллар асосан мамлакатни ривожи ва модернизацияси учун сарф этилган. Хусусан, ҳозирги қурилиш ишларининг кўпи Қатарда 2030 йилда ўтказилиши режалаштирилган "Қатар Миллий Кўргазмаси" учун ҳам аталган. Шу муносабат билан давлатда 2019 йилнинг май ойида илк метро фойдаланишга топширилди. Бу учун бюджетдан 36 миллиард доллар сарфланди. 2014 йилда ишга туширилган Ҳамад халқаро аеропортини қуриш учун эса 16 миллиард доллар сарф этилган. Шунингдек, пойтахт, Доҳа атрофида яратилган қўшимча 19 та туман учун ҳам 100 миллиард доллар атрофида харажат қилингани айтилади. Қолаверса, мамлакатда 7 та янги стадион қурилди, "Халифа" халқаро стадиони эса тўлиқ реконструкция қилинди.
ИСМАТОВ Ж.