Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Мурод Ризаевдан Кувайтдаги футзал чемпионати таассуротлари

Баҳо:
+ | -

Футзал ғалати ўйин. Унда ғаройиботлар кўп бўлади. Мисол учун дарвозабон ўрнига ўйинчини тушириб ҳаракат қилиш катта таваккалдир ва жуда катта аниқликни, зийракликни талаб этади. Рақиб стандарт вазиятларида сонияга концентрацияни йўқотдингми, тамом. Жазоланасан. Тўртликдаги битта ўйинчининг жароҳат олиши ўйинга катта таъсир ўтказиши мумкин. Шу боис кўпинча футзалда йирик ҳисоблар, кутилмаган натижалар қайд этилади. Кувайтдаги Осиё чемпионати ҳам бундан мустасно бўлмади... Аввало шуни айтишим керак , Литвада бўлиб ўтган мундиалда футзалчиларимиз билан бирга бўлиш насиб этмаган эди. Бу сафар менга бундай имкониятни тақдим этган Ўзбекистон футбол ассосиациаси раҳбариятига ўз миннатдорчилигимни билдираман.

"Туркиш ҳаво йўллари"даги ғирромлик
Терма жамоамиз аъзолари акклиматизацияни ҳисобга олиб Кувайтга вақтлироқ 22сентябрда кетишди. Мени эса чипталарим Тошкент-Истанбул-Ал-Кувайт йўналиши бўйича термамизнинг биринчи ўйинига, яъни 27 сентябрь куни Кувайтда бўлишимни таъминлар эди. Лекин "Туркиш ҳаво йўллари" ходимларининг атайлаб қилинган хатоси туфайли 10га яқин одамларнинг рейси бир неча соатга сурилди. 16.05да учадиган рейс учун аэропортга роппа-роса 15.00да етиб бордим. Мендан анча олдин борган йўловчилар ҳам дарғазаб бўлиб туришган экан. Сабабини эшитиб ёқамни ушладим. Ортиқча чипта сотилганмиш ва борт йўловчилар билан тўлганмиш. Воажаб...

Худди ўша йўналиш билан ўрнига ўрин янги чипталар қилиб беришди. Бир неча соат кеч учган бўлсак-да, термамизнинг биринчи ўйинига етиб бориш насиб этмади. Кувайтга 27 октябрдан 28 октябрга ўтар кечаси тунда етиб бордим. Меҳмонхонага киришим билан Даврон Чориевни учратиб қолдим. У ҳали ухламаган экан. Ғалаба билан табриклаб бироз суҳбатлашдим.

Меҳмонхонага жойлашгач, йўл чарчоғидан шекилли ўша заҳоти ухлаб қолибман. Эрталаб турсам маҳаллий вақт билан соат 10:17. Туришим билан ювиниб "Саад ал-Абдуллоҳ" мажмуасига йўл олдим. Борганимда Япония-Саудия ўйини бошланиб бўлган экан. Биринчи кўрган ўйинимда Япония яхши ўйнай олмади ва мағлубиятга учради — 1:2. Очиғини айтаман, ўша куни шу жамоа чемпион бўлади дейишса, менимча барча "олааа, обқоча"  дейган бўларди.

Мени хурсанд қиладиган томони — терма жамоа футзалчилари, мураббийлар штаби мени ўзларига энг яқин инсонларидек қабул қилишди. Нонушта, тушки, кечки овқат, машғулотларда ва бошқа пайтларда ҳам шунга амин бўлдимки, Баҳодир Аҳмедов мураббийлар штаби ва футзалчилар билан бирга жуда самимий ва аҳил жамоани шакллантира олган эди. Бу терма жамоанинг энг катта ютуғи эди. Штабдаги барча ўзининг ишига маъсулият билан ёндошарди. Администратор Акмал Қорабоев тўплар, интрументлар, футзалчиларнинг кийимларини озодалигига жавобгарликдан ташқари  бошқа кўплаб вазифаларни бажаришга улгурарди. Тасвирчи Ҳусан Низомиддинов нафақат бизнинг ўйинларни тасвирга тушириши, балки рақиблар ўйинини ҳам яхшироқ ўрганиш учун имконият яратиб берарди. Ундан ташқари ЎФАга маълумотлар етказишда ҳам фаол бўлди. Мураббийлар Баҳодир Аҳмедов, Нодир Элибоев ва фитнес мураббий Аркаиц Гомес футзалчиларга жуда куюнчаклик билан бош қош бўлишди. Айниқса, машғулотларда учала мураббийларимизнинг куюниб, асабийлашиб кўрсатма беришларини кўриб бу қанчалик қийин касб эканлигини яна бир бор ҳис қилдим. Испан мутахассиси Аркаиц Гомес футзалчиларнинг жисмоний ҳолатидан ташқари, уларнинг овқатланишигача ўзини маъсул деб ҳис қилди. Керак пайтда койиб ҳам берди. Шифокор ва массажчи Расул Даянов ҳам тиним билмасдан ҳар куни футзалчилар билан машғул бўлгани тушунарли ҳол албатта. У даволаш билан бирга муолажа ишларини ҳам олиб борди. Энг кўп ва қийин вазифа менежер Умид Ҳатамовга юклатилган эди. Ҳужжатлар билан шуғулланиш, чипталар, таржимонлик, керакли нарсалар билан таъминлаш, йўлбошчилик, хуллас, ҳамма учун асосий жавобгар шахс вазифасини қойилмақом уддалади. Шунчаки респект. Хуллас ҳамма, футзфлчилар ҳам ўз ишларига масъулият билан ёндошишди... Ҳа айтмоқчи, футзалчиларни машғулотларга ёки ўйинга кетаётганда мураббий Нодир Элибоев бошчилигида аҳиллик билан "Овчини топиш"  ўйинини ўйнаб кетиши кишини ҳавасини келтирди. Бу футзалчини топқирлигини, фикрлашини яхшилашдан ташқари, қайсидир ўйиндаги вазиятларни тезроқ унутиш учун ҳам жуда асқотарди.

Ўзбекистон-Тожикистон ўйини

Тожикистон билан бўлган ўйиннинг иккинчи тайми баъзи камчиликларимизни кўрсатиб қўйди. Бу эса рақибнинг ҳар қандай кутилмаган тактик қарорига қарши тайёр бўлишимиз кераклигини англатарди. Ғалабадан эса кўпчиликнинг кўнгли тўлмади...

Лекин бу ғалаба бизни биринчи бўлиб 1-ўрин билан чорак финалга олиб чиқди. Шу боис бизни Кувайт-Ироқ ва Япония-Вьетнам ўйини қизиқтирар эди. Биринчи жуфтлик ўйинини барча мажмуада қолиб кўрди. Жанговар курашда 2:2 ҳисоби қайд этилди. Чорак финалда мезбонларга қарши тўп сурадиган бўлдик. Эртаси куни Япония-Вьетнам ўйинини мураббийларимиз мажмуадан, мен эса хонада ютуб орқали кўрдим. Япония яна бўш ўйнади. Агар ўша учрашувда японлар иккинчи голни ура олишмаганда бизга кейинчалик ярим финалда Вьетнам ёки Индонезия рўбарў келган бўларди. Японлар эса керакли иккинчи голни уришди ва гуруҳдан тўплар нисбати эвазига биринчи ўрин билан чиқишди. Мусобақани мағлубият билан бошлаган кунчиқар юрт вакиллари, қарангки, Индонезиядан ҳам қийинчилик билан ўтишди. Улар жуда қўпол ўйнашар эди. Балки шу натижалар мени Японияга бўлган ишончимни анча пасайтирган бўлса керак. Кувайт билан бўлган ўйин ҳам биз учун осон кечмади. Маҳаллий мухлислар кўплиги учун Абдураҳмон Фозилов бошчилигидаги мухлисларимизни иккинчи қаватга равона қилишди. Лекин Абдурахмон бошчилигидаги 100га яқин Кувайтдаги ўзбеклар ҳам маҳаллий ишқибозларга бўш келишмади. Учала голимиз ҳам бир-биридан чиройли бўлди. Ғалабани ҳам Ўзбекистоннинг Кувайтдаги элчихонасида чиройли тарзда, ўзбекча ош билан нишонладик. Бу борада элчихона раҳбари Баҳром акага ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Шу куни ОФК мусобақаларни ўтказиш департаменти раҳбари Авазбек Бердиқулов ҳам биз билан бирга бўлди. Шу тариқа ярим финалга етиб келдик.

Ўзини оқламаган тахминларим..
Рақиб — Япония. Кўпчилик Япония анча хавфли рақиб эканлигини айтиб мени ҳайрон қолдиришарди. Чунки бу терманинг ўйини бир вақтлари чемпион бўлган терманинг ўйинига ўхшамас, қийинчиликлар билан чиқиб келишаётган эди. Анасхон Раҳматов автобусга чиқишдан аввал: "Мурод ака, бугун қаттиқ жанг бўлади", — деди.

Йўғе, йигитлар ўз ўйинини ўйнаса, бемалол ютамиз, деб жавоб бердим. Лекин чучварани хом санаган эканман. Артур бошчилигидаги Япония рақибга қараб ўйинини ўзгартира олишини қаёқдан ҳам билай. Шундай бўлса-да ғалаба қозонишимизга ишончим комил эди. Биринчи бўлимда Ҳусниддин Артурдан чиройли тарзда ўтди ва тўпни Илҳомга етказди. Ҳамроев ҳужумни чиройли якунлади — 1:0. Биринчи бўлимда ҳисоб ўзгармади. Лекин Равшан Элибоев жароҳат олгани ёмон бўлди. Ўрнига Рустам Умаров туширилди.

Иккинчи бўлимда жанг жиддий давом этса-да, устунлик японларга ўтди. Улар рақибни билдирмай туртиш, уриб олиш усулларидан ҳам усталик билан фойдаланишди. Бу эса асабийлашишимизга ва голларга олиб келди. Иккита хато иккита гол. Кейин эса футзалчиларимиз бешталик ўйинчи билан роса ҳисобни тенглаштиришга ҳаракат қилишди. Лекин Япон дарвозабони муқаррар голлардан қутқариб қолди. Аламли мағлубият. Буни эса қабул қилиш жуда қийин бўлди. Аммо, афсуски, бошқа чорамиз йўқ эди. Роса алам қилди... Нега? Нима учун? Футзалчиларимизга савол берар эканман "Япония — кучли жамоа" деган жавобларни эшитгим келмасди. Дилшод, Ҳусниддин, Анас Япониянинг тайёргарлиги бошқача бўлганлиги, улар рақибга қараб тактикани ўзгартира олишини айтишар эди. Мен эса аламда "ўз ўйинингларни кўрсата олмадинглар, япон биздан кучли эмас эди, ютишинглар керак эди" дейишдан чарчамасдим...

Эрон - Таиланд ўйинини мажмуадан кўрар эканман, Таиланд менда яхши таассурот қолдирди. Таиланд кучли, қийин бўлади деганимда эса, йигитлар "Мурод ака, қараб туринг, Худо хоҳласа, бу командани ютамиз" дейишарди. Жумладан, администратор Акмал ҳам Таиландни ютишимизни таъкидлаб, мендан финал ҳақида сўради. Эрон камида учта фарқ билан ютса керак дедим ишонч билан.

У эса "Эрон ютсаям, жуда қийналиб ютади" деди. Ўша куни "Миксбол" кўрсатувига интервью берар эканман, японларни "Реал"га қиёс қилиб ўйиндан ўйинга кучайиб бораётганлигини, японлар билан ўйинимиз қовушмаганлигини, Таиланд анча кучли эканлигини, агар яна япон билан бўлган ўйиндаги каби ўйнашса футзалчиларимиз юта олмасликларини, ўз ўйинларини кўрсатишсагина ютишлари мумкинлигини айтдим. Менинг гапим таъсир қилдими ёки мураббийлар зўр мотивация беришдими, футзалчиларимиз ўзларини нималарга қодир эканликларини кўрсатишга аҳд қилишдими, билмадим, 3-ўрин учун кураш бошқача кечди. Мен Ўзбекистон терма жамоасининг ҳақиқий кучини, ҳақиқий ўйинини кўрдим. Бронза медали! Ўйиндан кейин футзалчилар менга қараб "нима бўлди, қалай Таиланд" деб ҳайқиришар, мен эса кулиб уларни табриклардим.



Ниҳоят финал. Финал ўйинини кўрибгина бу Японияга нисбатан фикрларим тамомила ижобий томонга ўзгарди. Ҳақиқатан ҳам японларнинг жанговарлигига, ўта тартибли жамоа эканлигига, жамоага қараб тактика танлашига, жуда иродали терма жамоа эканлигига амин бўлдим. Чунки японларда охирги икки-уч ўйинларида асосан 5-6та футзалчи майдонда ҳаракат қилишди. Гуруҳлардаги ўйинлари билан японлар мени ҳам бошқаларни ҳам чалғитган экан. Улар Эрон билан кечган драмада ҳақиқий жанг қилишди ва иродали ғалабани қўлга киритишди... Япония — чемпион!

Йигитларимизга бронза медаллари топширилди. Навбатдаги Осиё чемпионати ҳам тарихга айланди. Шу тариқа, Кувайтга қилган сафаримиз ўз ниҳоясига етди. Очиғини айтаман, турли хил терма жамоалар ва клублар билан бирга 20 дан зиёд мамлакатларда бўлдим. Лекин ҳали бу даражадаги аҳил ва иноқ коллективни кўрмаган эдим. Ва ўйлайманки, бу жамоадаги футболчиларнинг сони камроқ эканлигидан эмас. Шунчаки, мураббийлар бу борада яхши иш олиб боришган. Мен бу терма жамоадан келажакда бунданда яхши натижаларни кутиб қоламан. Уларга омад ва зафарлар тилайман. Яхши, ёмон гапларимга эса рози бўлинглар деб қоламан.

Мурод Ризаев.

Манба: stadion.uz
Киритилди: 21:04, 13.10.2022.
Ўқилди: 1704 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.