Йил бошида янги чемпионатга катта тайёргарлик кўрган ва таркибини бир қатор тажрибали футболчилар билан бойитган Ғузорнинг “Шўртан” клуби биринчи даврани 4-ўрин билан якунлади.
Йил бошида маҳаллий футболчилардан ташқари легионерлар - Адама Соро ва Виталий Рушницкийлар жамоа таклиф этилганди. Клуб рахбарлари ҳар икки легионер футболчидан кўп нарсаларни кутишганди. Фақатгина Адама Соро раҳбарият томонидан билдирилган ишончни оқлади. Қолаверса, айни пайтда Соро мамлакатимизнинг энг етакчи таянч ярим ҳимоячилари қаторидан жой олиб турибди. Виталий Рушницкийдан ҳам умид катта эди. Савлатли, ёш ва тезкор бўлган ҳужумчи эса ўтказилган 13 учрашувнинг 12 тасида майдонга тушиб, жами 477 дақиқа ҳаракат қилди. Рақиблар дарвозасини эса умуман ишғол эта олмай, ҳакамлар томонидан уч маротаба сариқ карточкага лойиқ кўрилди.
“Соро таклиф этилган энг омадли легионер футболчимиз бўлди. Виталий Рушницкийдан ҳам яхши натижалар кутгандик, лекин ҳужумчи ўзига билдирилган ишончни оқлай олмади. Шу боис, футболчи билан келишган ҳолда, шартномани икки тарафлама бекор қилишга мажбур бўлдик”-дейди клуб ижрочи директори Икром Норчаев.