«Чиғатой» терма жамоаларни тайёрлаш марказида 16-18 июль кунлари ўзбек футболининг 100 йиллик юбилейига бағишланган ногирон-ампутантлар ўртасида футбол турнири бўлиб ўтди. Унда Фарғона, Сирдарё, Тошкент вилоят ва шаҳар терма жамоалари иштирок этишди.
Унда Тошкент шаҳар терма жамоаси барча рақибларни мағлуб этиб, бош соврин эгасига айланди. Ўтказилган 3та ўйинда рақиблар дарвозасига 34 бор йўл топган пойтахтликлар, ўз дарвозаларидан фақатгина уч бор тўп олиб чиқишди. Голларнинг 17тасини Абдужамил Шукуров ўз ҳисобига ёзиб, турнирнинг нафақат тўпурар футболчиси, балки энг яхши футболчиси деб ҳам топилди.
Мусобақа якунига кўра 6 очко жамғарган Тошкент вилояти терма жамоаси иккинчи ўринга эга чиқди. Сирдарё вилоятига учинчи, фарғоналикларга эса тўртинчи ўрин насиб қилди. Сўнгги икки ўриндаги жамоалар 1тадан очкони қўлга киритишганди. Сирдарё терма жамоаси тўплар нисбатига кўра учинчи ўриндан жой олди.
Қайд этиш керак, мазкур турнир Ўзбекистон терма жамоаси мураббийларига янги футболчиларни кузатиш имконини берди. Ўзбекистон ногирон-ампутантлар терма жамоаси шу йилнинг 5-10 октябрь кунлари Калининградда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида иштирок этади.