Агар охирги турда бирор оламшумул воқеа бўлмаса, гуруҳ босқичининг энг омадсиз жамоаси “Атлетико” деган бўлардим. Жамоанинг ўртачароқ рақиблар ичида 3-ўринда (балким тўртинчи) қолиб кетишини ғайритабиий омадсизлик билан боғлаш мумкин.
Амалга оширилмаган икки пенальти, агар XG бўйича қарасак, “Атлетико” 5 ўйинда 9.7 Xg яратди – одатда бунча вазиятдан жамоалар камида 10-12 та гол уришади. Масалан, “Ливерпуль” жами 10.01 Xg яратган ва 15 та гол урган. Мадридликларнинг голлари сони – 4 та. Умуман, гуруҳ масаласини ҳал қилиб бўлган ПСЖ, “Челси”, “Реал”, “Брюгге”, “Бенфика”, “Порту” каби жамоалар бу кўрсаткич бўйича “Атлетико”дан ортда.
Ва табиийки, Антуан Гризманн билан боғлиқ масхарабозликнинг ҳам таъсири бор. Эсингизда бўлса, мавсум бошида франциялик ҳужумчи тўлиқ ўйнатилмади, сабаби, футболчининг “Атлетико” либосида майдондаги дақиқалари қандайдир лимитдан ошса, “Барселона”га 40 миллион евро пул тўлаши лозим бўларди. Молиявий манфаат билан футболнинг аралашуви яхшиликка олиб келмайди – Гризманн охирги уч ўйинда “Атлетико”нинг энг яхши футболчиси бўлмоқда. Дастлабки ўйинларда эса, у доим захирадан майдонга тушаверганидан юқори спорт формасига кира олмаганди. Поезд эса, қараб турмайди.
№ | Жамоа | Ўйин | Ғалаба | Дуранг | Мағ-т | Т-Н | Очко | |
---|---|---|---|---|---|---|---|---|
1 | Брюгге | 5 | 3 | 1 | 1 | 7-4 | 10 | |
2 | Порту | 5 | 3 | 0 | 2 | 10-6 | 9 | |
3 | Атлетико | 5 | 1 | 2 | 2 | 4-7 | 5 | |
4 | Байер | 5 | 1 | 1 | 3 | 4-8 | 4 |
Қаҳрамон Асланов.