Қашқадарёлик бир футболчи борки, уни мамлакатимизда танимаган футбол ишқибози камдан-кам топилади. Бу футболчи — Асрор Алиқуловдир. Асрор Алиқулов 1978 йил 12 сентябрда Косон шаҳрида таваллуд топган. Ўрта таълимни Косон шаҳридаги Х.Темиров номли 10-сонли ўрта мактабда олган. У аксарият футболчилар сингари ёшлигидан футболга меҳр қўяди.
Асрор Алиқулов дастлаб, катта футболга кириб келиши 1995 йили Муборакнинг “Машъал” жамоасида бошланган, 1997 йилдан Қаршининг “Насаф” жамоасига ўтган. Ушбу футбол жамоасида 2 марта бронза медали совриндори бўлган.
2002 йил мавсум сўнгида Тошкентнинг “Пахтакор” футбол жамоасидан таклиф олиб, ушбу жамоанинг аъзосига айланади ва футболчи сифатида энг кўп совринларни шу жамоада қўлга киритган. Ушбу клуб сафида 5 марта мамлакат чемпиони, 5 марта Ўзбекистон Кубоги соҳиби бўлган, бир неча марта Осиё чемпионлар лигаси мусобқаларида иштирок этган ҳамда Ҳамдўстлик Кубоги соҳиби бўлган.
Асрор Алиқулов Ўзбекистон терма жамоаси сафида ҳам 60 мартадан ортиқ майдонга тушган.
Оилалик ва 3 нафар фарзанди бор. Олий маълумотли. Ҳозир Ғузорнинг “Шўртан” жамоасида 5-рақам остида ҳаракат қилади ва жамоа сардори ҳамдир.
www.voha.uz мухбири Асрор Алиқулов билан суҳбат уюштирган.
— Асрор Сизга суҳбатимизни бошидан анъанавий савол билан мурожаат қилсак, футболчи бўлишингиз қандай кечган?
— Ёшлигимдан футболга қизиқишимга акам сабабчи бўлган. Акам ўша пайтлар (Собиқ Иттифоқ даврида) 2-дивизиондаги Косон шаҳрининг “Пахтачи” жамоасида тўп сурарди. Мен у кишига ҳавас қилиб футболчи бўламан деб, орзу қилганман. Ўрта мактабни битириб Самарқанд вилояти Тойлоқ туманидаги футбол мактабида Анвар Бердиев, Рустам Тоҳаевлар билан бирга футбол бўйича таълим олганман.
— Агар футболчи бўлмаганингизда қандай касбни эгаллаган бўлардингиз?
— Футболчиликни (кулиб) тўғриси бошқа касб эгаси бўлиш ҳақида ўйлаб кўрмаганман. Мен умуман инсон қайси касб эгаси бўлишидан қатъий назар ўз касбига сидқидилдан меҳр қўйиб, ўз касбини устаси бўлган инсонларни чин юракдан ҳурмат қиламан, худди шунингдек футболда ҳам. Ҳаётимда шундай инсонларни кўп учратдим ва уларга ич-ичимдан ҳавас қилдим, улардан ибрат олишга интилдим.
— Сизни майдонда шлёмда ўйнаганингизни ҳам кўрганмиз?
— Бу 2007 йилда содир бўлди, терма жамоанинг ўйинига тайёргарлик машқларининг бирида бошимдан қаттиқ жароҳат олганман, сўнг шифокорлар 3 ой футбол ўйнашимни таъқиқлаб қўйишди. Ўша фурсат ўтгач навбатдаги ўйинларга шлём кийиб тушганман.
— Асрор футболчида 33 ёш бу нимани англатади? Яъни катта тажриба эгасими ёки?..
— Биласизми, агар футболчи ёшим катта бошқаларга нисбатан маҳоратим ва тажрибам кўп деб ўйласа – бу унинг энг катта хатоси бўлади. Албатта футболда ёшингиз улғаверган сари жисмонан ёшларга нисбатан заифлигингиз сезила бошлайди. Агар оғир ўйинлардан кейин ёш футболчи 1 кунда жисмоний ҳолатини тикласа, ёши каттароқ ўйинчи учун 1-2 кун керак бўлади. Шунинг учун мен доимо жисмоний ҳолатимга катта эътибор бераман яъни жисмоний чиниқиш мен учун энг керакли машқ деб ҳисоблайман. Қолаверса, футболчи қандай ёшда бўлмасин доимо ўз жамоаси мураббийини ҳамма кўрсатмаларини тўлиқ бажариши керак, жамоада ўйинчи учун мураббий танлаш ҳуқуқи йўқ.
— Яна қанча футбол ўйнамоқчисиз? (Ушбу саволимиз Асрорга оғир ботди шекилли озроқ ўйланиб қолди)
— Албатта ҳар бир инсон учун энг севимли иши ёки машғулотидан узоқлашиши жуда оғир бўлса керак. Мени фаолият олиб бораётган жамоамга қанча хизматим керак бўлса, шунча футбол ўйнаш ниятим бор. Балки 2-3 йил бўлар, балки бу йил сўнгиси ҳам бўлиши мумкин. Футбол жамоавий ўйин агар жамоада битта ўйинчи яхши ҳаракат қилолмаса бу бутун жамоа ўйинига салбий таъсир қилиши мумкин. Шунинг учун ўйлайманки, бугун жамоага керак бўлсам, бор маҳоратим ва кучим билан ўйнайвераман агар эртага керак бўлмай қолганимни сезсам, дарҳол футболчилик фаолиятимни тугатаман.
— Асрор Сизга саволимиз оғир ботди шекилли, бунинг учун узр сўраймиз. Агар футболчилик фаолиятингизни тугатсангиз нима иш билан шуғулланмоқчисиз?
— Йўқ хафа бўлмайман, бу қачондир бўладиган ҳолатку. Менинг бор йўғи битта севган соҳам бор у ҳам бўлса футбол. Шундай экан бари-бир футболда қоламан. Насиб этса, жуда оғир соҳа бўлсада, ўзимни мураббийлик соҳасида синаб кўрмоқчиман. Ҳаётимда жуда кўп тажрибали мураббийлар қўлида тарбия олдим, улардан жуда кўп нарсаларни ўргандим, ўйлайманки бу менга келгусида асқотади.
— Асроржон, сайтимиз мухлислар сайти бўлгани учун мухлисларга қандай тилакларингиз бор?
— Футболда бежизга мухлисларни жамоанинг 12-ўйинчиси деб айтишмайди. Бунга ҳаётимда жуда кўп иқрор бўлганман. Футбол мухлис учун ўйналади. Футболчи учун минбарлари тўлиб турган стадионда ўйнаш бошқа, бум-бўш стадионда ўйнаш бошқа-бошқа. Мухлисларнинг кўплиги ўйинчи учун катта завқ беради. Майдонда қанча меҳнат қилсанг, чарчаганингни сезмайсан. Шунинг учун ўз севган жамоангизга мухлислик қилишдан чарчаманг дейман. Жамоада қандай ўйинчи ўйнамасин, жамоангизда қандай мураббий ишламасин улар Сизнинг севган жамоангиз учун меҳнат қилаяпти, буни қадрига етинг дейман. Футболчи ҳам ўз жамоасининг мухлисларини ҳурмат қилиши ва севиши керак деб ҳисоблайман.
— Асрор сизга сайтимиз ва барча футбол мухлислари номидан суҳбатингиз учун ташаккур изҳор этамиз ва умид қиламизки ҳали кўп йиллар ўзингизнинг чиройли ўйинларингиз билан мухлисларни хушнуд этаверасиз.
— Сизларга ҳам эътиборларингиз учун раҳмат айтиб қоламан. Футбол ҳамиша ҳамроҳингиз бўлсин.
P.S. Ушбу суҳбатни ташкил этишимизда, сайтмизга яқиндан ёрдам берган "Шўртан" ПФК матбуот хизматига катта миннатдорчилигимизни билдириб қоламиз.
Суҳбатни Ренат Эрназаров олиб борди.