"Манчестер Юнайтед" ҳужумчиси Роналдунинг бу мавсумдаги ҳолатидан ҳамманинг хабари бор. Буни ифодалаш учун бугун яна бир статистикага эътибор қаратамиз. Қуйида шу ҳақида сўз боради.
Португалиялик юлдуз АПЛнинг 2022-23 йилги мавсумида 1 та голга муаллифлик қилди. Европа лигасида эса "Шерифф" дарвозасини ишғол этишга эришган.
Роналду "Тоттенхэм" билан баҳсда ёмон хулқи учун жазоланади. Эрик тен Хаг уни "Челси" билан ўйин учун қайдномага киритмай, асосий жамоадан маълум вақт узиб қўйганди. Бу воқеаларнинг ҳаммаси Роналдунинг мавсум бошидаги ҳолатини ифодаларди.
Ҳа, Криштиануни ҳимоя қилиш учун унинг 13 та АПЛ баҳсларидан атиги 4 тасида қатнашганини айтиб ўтиш лозим. 37 ёшли футболчига асосан Еврокубокларда имконият тақдим этилмоқда. "МЮ"нинг асосий ҳужумчиси бўлмиш Антони Марсьяль жароҳатда бўлган тақдирда ҳам тен Хаг ҳужум учун Роналдудан бошқа футболчилардан фойдаланди.
Гарчанд афсонавий футболчи мавсумнинг иккита топ ўйинида майдонга туширилмаган бўлсада, куни кеча "Астон Вилла"га қарши баҳсни асосий таркибда, жамоа сардори сифатида бошлади. Маълумотнинг асосий қисмига энди келдик!
Роналду Унаи Эмери бошчилик қила бошлаган жамоага қарши тўлиқ ўйин ўтказиб, дарвоза томон фақат битта аниқ зарба бера олди холос. Собиқ "Реал" юлдузи рақибга қарши жами 7 та ҳолатда қоида бузган деб топилган. Бу эса Роналдунинг бу мавсумда рақиб дарвозасига берган аниқ зарбалари сонидан кўпроқдир (6 та)! У 6 та зарбанинг фақат биттасини муваффақиятли якунлай олган. Ўшанда Криштиану "Эвертон" билан ғалаба голига муаллифлик қилган эди.
Роналду бу ҳафтада "Астон Вилла" билан яна бир бор тўқнаш келади. Бу сафар бошқа мусобақа, Англия лига кубогида. Португалия терма жамоаси аъзоси ушбу турнирда охирги марта бундан 14 йил илгари, "Дерби Каунти"га қарши гол урган. "Астон Вилла" эса жиддийроқ рақиб. Қолаверса, бирмингемликлар "МЮ"ни кечагина ер тишлатди. Эрик тен Хаг Роналдуни яна асосий таркибга қўшса керак. Кўрамиз, мегаюлдуз ҳужумчи ўч олишни уддалай олармикин...
ИСМАТОВ Ж.