Испания ҳукуматининг спортга дахлдор янги қонунида алоҳида банд бўлади - «Анти-Пике». Ҳаммасига «Барселона» фахрийсининг мамлакат суперкубоги учун ўйинни ташкиллаштиришдаги ҳамкорлиги сабабдир.
Ҳа, Жерар Испания қонунчилигида из қолдирадиган бўлди.
Хўш, Испания ҳукуматининг спортга доир янги қонун лойиҳасига киритилган «Анти-Пике» банди моҳияти нима? Қонун ҳужжатларининг якуний таҳрири аллақачон тайёр ва тез орада депутатлар конгрессида овозга қўйилади. Унга кўра, фаолияти давом этаётган спортчининг ўзи иштирок этиши эҳтимоли бор мамлакат мусобақалари билан тижорат масаласида алоқа ўрнатиши тақиқланади. Гап шундаки, ўтган йил баҳорда Жерар Пике Испания суперкубоги турнири Саудия Арабистонида ташкил этилишида воситачилик қилгани маълум бўлганди. Аниқроқ айтсак, «Барса» сардори Саудия Арабистони томони илгари сурган таклифни ўзига қарашли Kosmos компанияси орқали Испания спорт федерациясига етказган. Тўғри, RFEF (Испания Қироллик футбол федерацияси) ҳаммаси қонун доирасида амалга оширилганини таъкидлади ва буни футболчи ҳам тасдиқлади. Ҳар ҳолда, федерация президенти Луис Рубиалеснинг айтишича, Пике воситачилик учун комиссион ҳақ олган эмас. Лекин Саудия Арабистони унинг компанияси ҳисоб рақамига 4 миллион евро ўтказиб берган.
Жерар Пике бу борадаги айбловларни бир неча марта инкор этди. У бот-бот ўз ишида ноқонуний томони йўқлигини таъкидламоқда: «Биз амалга оширган барча ҳаракатлар қонунийдир. Юзимни борича кўрсатаман, чунки яширадиган ҳеч нарса йўқ. Қисқаси, ниманидир яширмаяпман, аксинча, Kosmos воситасида қилган ишимдан фахрланаман». Бироқ спорт тўғрисидаги янги қонун бўйича амалдаги спортчининг бундай келишувларда иштирок этиши тақиқланади. Оддий айтганда, бу энди ноқонуний ҳисобланади. Тўғри, ушбу қонун олдинги ҳолатларга қаратилмаслиги тайин, шундай экан, Пикега Испания суперкубогидаги воситачилиги учун ҳеч қандай таҳдид йўқ. Фақат унинг фамилияси Испания қонунчилигига киргани қолади, холос.