Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов ЖЧ-2026 гуруҳ босқичининг учинчи турида Конго ДРга 1:3 ҳисобида мағлуб бўлган учрашувдан кейин ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
— Фабио Каннаваро жамоага тажриба етишмаганини, иккинчи бўлимда эса келишилмаган ҳолда узун узатмаларга ўтиб кетганингизни айтди. Ростдан ҳам шундай бўлдими?
— Ҳа, албатта. Бу ерда ҳаммаси психология билан боғлиқ. Ҳисобда олдинда бўлсангиз, ҳар қандай ҳолатда ҳам гол ўтказмаслик ва устунликни сақлаб қолишга ҳаракат қиласиз. Шу сабабли хатолар юзага келади. Биз тўпни яхши назорат қила олмадик ва ўйлайманки, рақиб бизни айнан шунинг учун жазолади.
— Голли узатма вақтида Аббос Файзуллаев тўпга текканми?
— Унинг ўзи тўпга текканини айтди. Умид қиламанки, ассист ҳам унга ёзилади.
— Жаҳон чемпионатида гол урганингиз сиз учун қанчалик муҳим?
— Албатта, бу мен учун муҳим. Ҳар қандай футболчи жаҳон чемпионатида гол урганини эслаб юради. Агар ғалаба қозонганимизда, янада яхши бўларди.
— Португалия билан ўйиндан кейин ким биландир футболкангиз билан алмашдингизми?
— Йўқ. Ўша пайтда ҳеч ким билан футболка алмашиш кайфиятида эмасдим.
— Каннаваро жамоага нималар берди?
— Жуда кўп ижобий нарсалар берди. Уларни бирма-бир санаб ўтирмайман. Бизда унинг истагидаги футболни тўлиқ шакллантириш учун вақт кам бўлди. Лекин профессионал жиҳатдан у футболчиларга жуда кўп нарсани ўргатди, бундай юқори даражада тўп суриш учун қандай футболчи бўлиш кераклигини тушунтирди, — деди Шомуродов.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ-2026 гуруҳ босқичида учала учрашувда ҳам мағлубиятга учраб, K гуруҳида сўнгги ўринни эгаллади. Жамоа аввалроқ Колумбияга (1:3), Португалияга (0:5) ва Конго ДРга (1:3) имкониятни бой берди.













