Соҳиб Абдуллаев гарчи наманганлик бўлсада, шу пайтга қадар ўзи туғилиб ўсган вилоят жамоаларида тўп суриш имкониятига эга бўлмаганди. Профессионал футболдаги фаолиятини «Машъал» бошлаган ҳужумчи учун жорий йилги мавсумнинг биринчи ярми муваффақиятли келмади. Яъни муборакликлар сафида атиги битта ўйинда майдонга тушди холос. Бу ҳолатни футболчига ёқмаганлиги табиий ҳол. Айнан шу сабабли ёш ҳужумчи давралар оралиғида жамоасини ўзгартиришга қарор қилди. Бугунги кунда футболчи «Навбаҳор» жамоаси машғулотларида иштирок этмоқда. Наманганликларнинг машғулотларидан бири якунига етгач, Соҳиб билан суҳбатда бўлдик.
— Иккинчи даврага тайёргарликни «Навбаҳор» таркибида бошладингиз. Жамоага сизни ким таклиф қилди?
— «Навбаҳор»га клуб директори Дилмурод Мамажанов таклиф этди. Наманганликлар сафида бир маротаба машғулотда қатнашганимдан сўнг, катта мураббий Александр Клименко билан ҳам суҳбатлашдим. Мураббий ишончни оқлай олсам, асосий таркибдан жой олишим мумкинлигини айтиб ўтди.
— Агарда Наманганда қолсангиз, у ҳолда «Навбаҳор»даги илк учрашувингизда «Машъал»га қарши майдонга тушишингизга тўғри келади. Ўйинни бир ҳаёлингиздан ўтказиб кўрдингизми?
— Билмадим, лекин қачондир барибир «Машъал»га қарши майдонга тушишимни билгандим. Шундай бўлсада дебют ўйинимда ҳам шундай бўлади деб ҳеч ўйламагандим. Яна бир гап вақти келиб «Навбаҳор»да ўйнашимни билардим. Айнан «Навбаҳор» сафида муборакликларга қарши тўп суришни умуман ҳаёлимга ҳам келтирмагандим.
— Мубораклилар билан ўйинда гол уриш ниятингиз борми?
— Амплуа бўйича ҳужумчиман. Шундай экан майдондаги вазифам гол уришдан иборат. Қайси жамоада тўп суришимдан қатъий назар гол уришим лозим. Қайси ҳужумчи бўлишидан қатъий назар собиқ жамоаси бўладими ёки бошқасими гол ураман деб майдонга тушади. Профессионал футболчи қандай ҳолат бўлишидан қатъий назар шарафини ҳимоя қилаётган жамоасининг ғалабасини кўзлаши шарт.
— «Навбаҳор» сафига қўшилганингизга анча бўлди. Жамоанинг ҳужум чизиғида биринчи давра давомида муаммолар юзага келганлиги бор гап. Нима деб ўйлайсиз, иккинчи даврада ушбу муаммо бартараф этиладими?
— Ўйлайманки мавсумнинг иккинчи ярмида ушбу муаммога барҳам берилади. Худо хоҳласа бор кучимизни ишга солиб, жамоани юқори ўринларга кўтарилиши учун ҳаракат қиламиз. Мухлислар олдида ҳам юзимизни ёруғ қиламиз деган умиддаман. Иккинчи даврани яхши ўтишидан умидворман. Шунингдек, ўз майдонимиздаги учрашувларида икки ҳисса кўпроқ куч билан тўп суришга ва очколар сонини оширишга ҳаракат қиламиз.
— Жамоа олдига иккинчи даврада қандай вазифа қўйилган?
— Ҳозирча бу масала бўйича оғиз очилганича йўқ. Сабаби ҳали таркиб тўлиқ ҳолда аниқланмаган. Иккинчи давра яқинланиши арафасида олдимизга қўйиладиган вазифа айтилса керак. Бу пайтга келиб, таркиб ўзаги ҳам шаклланиб улгурган бўлади.
— «Навбаҳор»дан ташқари бошқа жамоалардан ҳам таклифлар бўлдими?
— Келинг, шу нарса сирлигича қолаверсин. Ахир қароримни чиқариб бўлганман. Бошқа таклифлар ҳам келиб тушди. Аммо, энди ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмайдику.