C гуруҳидаги жамоалар ҳам бугундан бошлаб курашга кирди. Гуруҳнинг илк қарама-қаршилиги Аргентина ва Саудия Арабистони ўртасида кечди. Ўйиннинг якуни ва натижасидан эса ҳамманинг хабари бор. Айни дамда осиёликлар гуруҳда пешқадамликни ўз қўлига олди...
Саудия Арабистони учун бу натижа тарихий аҳамият касб этади. Чунки улар турнирнинг фаворит жамоаларидан бирини мағлуб этишди. Қатар билан бирга бутун дунё жумбушга келган бўлса, ажаб эмас. 10 дақиқа ичида ўз дарвозасидан гол ўтказган арабларга биринчи тайм давомида янги технологияларнинг ёрдами тегди. Нақ, уч марта Аргентинанинг урган голлари оффсайд туфайли бекор қилинди. Қумли ўлка эгалари иккинчи бўлимга катта иштиёқ билан чиқишди ва кўп ўтмай иккита гол билан ҳаммасини ўзгартириб юборишди.
Бу баҳсда энг ачинарли аҳволга тушган футболчи бу Месси эди. У 10 дақиқада "Ювентус" футболчиси Леандро Паредес томонидан ишланган пенальтини голга айлантирди. Ушбу гол тарихга Мессининг терма жамоа сафидаги 92 голи бўлиб кирди. У 162 та ўйинда бу натижага эришган. Аммо...
Аммо Месси ва Лаутаро Мартинес ҳамкорлигидаги 3 та гол арзимаган, кичик оффсайдлар сабабли ҳисобга олинмади. Технология Месси жамоасига панд берди: ултра-сезгир сенсорлар аргентиналикларнинг ғалабали йўлига ҳақиқий ғов бўлди. Шундай қилиб, Аргентинанинг 36 та ўйиндан иборат мағлубиятсиз сериясига шу ерда якун ясалди.
Саудия Арабистони устози Эрве Ренар мундиалга "марожни еб кетиш учун" келмаганини қайта-қайта таъкидлаган эди. Ўйинда эса унинг шогирдлари буни исботлаб берди. Иккинчи бўлим бошланганидан уч дақиқа ўтиб, араблар ҳужумчиси Солиҳ аш- Шеҳри рақиб жарима майдончаси ичида пайдо бўлди. Унга қарши чиққан "Тоттенхэм" ҳимоячиси Кристиан Ромеро "подкат" ижро этишда хатога йўл қўйди. Ажойиб гол урилди.
Орадан кўп ўтмай Аргентина ҳимояси ўзига келмагани аён бўлди. Саудияликлар футболчиси Салим Ал-Досари тўпни эгаллаб олди ва чап қанотдан жарима майдончасига ёриб кирди. 180 даражага бурилиб олиш орқали, у рақибнинг уч ҳимоячисини доғда қолдирди ва зарба йўллади. Бу тўпни қайтаришга "Астон Вилла" посбони Эми Мартинес ожиз эди.
Саудия Арабистони ФИФА рейтингида 51 ўринни банд этган. Улар атиги бир марта, 1994 йилда гуруҳ баҳсларини муваффақиятли якунлаган холос. Аммо бугун бу жамоа ўта мураккаб, аммо уддаласа бўладиган ишни бажаришди. Бу натижа Осиё футболининг ҳам ғалабасидир. ИСМАТОВ Ж.