Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Майдонлар масаласида ЎзПФЛ нималарга эътибор беряпти?

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси Суперлига ҳамда Про лига стадионларини талаб даражасига олиб чиқиш устида ишлаяпти. 2022 йилнинг ўзида Тошкент, Фарғона, Бухоро ва Хоразмдаги катта стадионлар қайта фойдаланишга топширилди. Прожектор билан боғлиқ муаммолар сабаб чемпионатнинг икки клубига ўз аренасида ўйин ўтказишга рухсат этилмади.

Кубок финали ҳақида жамоатчилик фикри илиқ бўлди. «Бухоро» аренасига 2022 йилги финал иштирокчилари етиб келгач, улар расмий машғулотда иштирок этди. Ҳар икки томон расмийлари, футболчилар майдонга нисбатан бирор эътироз билдирмади. Бу эса финал учрашувини кўтаринки кайфиятда ўтказишга ёрдам берди. Бугун биз мазкур арена майсасини талаб даражасига келтирган мутахассис Учқун Қувонов фикрлари билан қизиқиб кўришни лозим топдик. Мутахассис 2015 йилдан бошлаб шу соҳада фаолият олиб боради. У ўтган давр мобайнида Қарши, Наманган, Бухоро ва Фарғонадаги марказий майдонларни, шунингдек, Тошкентдаги «Жар» стадиони майдонини талаб даражасига келтирди. Айни вақтда мутахассис «Бунёдкор» майсасини яхшилаш ишларини амалга оширмоқда.

«Футбол майдонлари билан ишлаш жуда нозик масала. Чунки бунда тупроқдан тортиб, иқлим шароитига қадар ўрганиш, футболнинг ич-ичига кириб бориш, уни ҳис қилиш талаб этилади. Табиатнинг қатор инжиқликлари, парвариш билан шуғулланувчи мутахассисларнинг майда хатолари ҳам катта ишни барбод қилиши мумкин. Биз Қаршидаги майдонни фойдаланишга топшириш асносида бундай муаммоларнинг барчасига дуч келдик. Қаршида ёз жуда иссиқ, ҳудуд чўл билан ўралган, тоза ичимлик суви билан боғлиқ муаммолар бор эди», — дея гап бошлади Учқун Қувонов.

“Шундан кейин Европа ва Осиёдаги стадионларни яқиндан ўрганишни бошладик. Сўнгги тўрт йил ичида Туркиянинг «Бешиктош», «Галатасарай», «Фенербаҳче» клублари уй ўйинларини ўтказадиган ареналарни ипидан игнасига қадар қараб чиқдик. Кейин Россиянинг «Лужники», «Ахмат арена», «Краснодар» каби стадионларида бўлиб, мутахассислар билан фикр алмашдик. БАА сафари давомида Отабек Шукуров тўп сурадиган «Шаржа» ўйингоҳида бўлдик, ўзимизни қийнаётган қатор саволларга жавоб олдик. Булар қаторига Саудиядаги 4 та стадион, Грузиянинг Батуми шаҳридаги катта стадион, Мюнхендаги машҳур аренани ҳам қўшиш мумкин. Уларнинг ҳаммасидан нимадир олдик, изландик. Биз бу билан 4 хил иқлим шароитида майсани қандай парвариш қилиш мумкинлигини ўргандик”.

Мутахассис фикрига кўра, агар стадион дренаж тизими ҳамда пойдевори яхши бўлса, у камида 20 йил ва ҳатто ундан кўп вақт давомида ҳам нормал ҳолатда ишлаб бериши мумкин. Агар майса парваришига жиддий эътибор билан ёндошилса, йил давомида у тўлиқ назорат қилинса, витаминлар билан озиқлантирилса, бундай майса 100 йил давомида ҳам яшнаб туради. Бироқ афсуски, айрим футбол клубларида, стадионлар раҳбарларида бундай тушунчанинг ўзи йўқ. Улар майдон ҳолатини табиатнинг ўзига ташлаб қўйган. Бундай аҳволда эса сифатли майдон бўлмайди.

«Бухорога бизни таклиф қилишди. Бизгача бўлган ишни кўздан кечирдик, камчиликларни аниқладик, вилоят раҳбариятига барчасини тушунтириб бердик. Бу ЎзПФЛ талаби эди. Биз 8 ой давомида Бухорога ўз техникамиз, мутахассисларимизни киритиб, жиддий иш олиб бордик. Апрель ойида ЎзПФЛ раҳбарининг ўзи Бухорога келди, барча масала қайта ўрганилди ва стадион футбол ўйинлари учун қайта очиладиган бўлди», — дейди мутахассис.

Мутахассис республикадаги бошқа майдонлар ҳақида ҳам фикр билдирди: «Пахтакор» клуби узоқ вақт давомида майдонга жиддий эътибор берди ва ҳамкасбларимиз у эрда катта ҳажмдаги ишни бажаришди. «Локомотив» клуби ҳам тажрибали мутахассислар билан ишлаган, унинг майдони ҳам узоқ йиллар яхши ҳолатда турди. «Турон» клубини ҳам шундайлар қаторига киритиш мумкин. Раҳбарият яхши майдон қилиш учун ҳеч нарсани аямади, улар ўзлари изланиб, ўрганиб, Яйпанда ажойиб майдон барпо қилишди. Агар қолган клублар ёки вилоятлар раҳбарияти ҳам бир йилда битта майдон учун камида 500-600 миллион сўм ҳаражат қилиш шарт эканлигини онгли равишда тушуниб этса, бизда яхши майдонлар кўпаяди. Қайтараман, сўнгги 2 йилда майдонлар масаласида яхши ўзгаришлар бор. Бироқ тўхтаб қолмаслик керак. Чунки кимларнингдир умуман ишламаслиги оқибатида АГМК, «Турон», «Жар», «Локомотив», «Пахтакор» каби клублар тўп сурадиган майдонларга жуда катта зўриқиш тўғри келяпти. Бир жойни тўғирласангу, бошқаси шу жойни барбод қилиб турса, бу адолатдан эмас”, — дейди Учқун Қувонов.

ЎзПФЛ келаси йилдан бошлаб бу каби мавзуларда қатор ишларни амалга оширади ва агрономлар билан бошқа суҳбатларни ҳам ҳавола қилади. Ҳозирча эса футбол мухлислари бирор хулосага келишлари учун юқоридагиларни баён қилишни лозим топдик.

«Қоидага кўра, стадион раҳбарияти майдонни қабул қилиб олгач, унда 1 та расмий учрашув ўтказилади ва майдон сифати борасида ҳеч қандай эътироз бўлмаса, биз ишимизни якунлаган бўламиз ҳамда ишни топшириб, стадиондан чиқиб кетамиз. Бироқ Бухорода ҳаво жуда иссиқ. Биз Қаршида бундай муаммоларга дуч келганимиз учун ишдан қочмадик ва раҳбарият илтимосига кўра бутун ёз давомида ҳам майдон парвариши билан шуғулландик. Унинг ҳолати талаб этилган даражада сақланиб турди. Шундан кейин ЎзПФЛ илтимоси билан финал ўйинига қадар майдондан техника ва мутахассисларни олиб чиқмадик. Финал ҳам кўтаринки руҳда ўтди. Бизнинг Бухорода қиладиган ишимиз қолмади. Бироқ муаммо энди бошланиши мумкин. Чунки стадионнинг ўзи биздан кейин уни парвариш қилишга тайёр бўлмаслиги мумкин. Одатда ҳар қандай компания майдонда иш бошлагач, унга маҳаллий мутахассислар бириктирилиши, улар ойлаб ишни ўрганиши керак. Чунки компания ўз ишини якунлагач, маҳаллий мутахассислар шу ишни давом эттириши шарт. Майдон майсаси нозик ва инжиқ. У туну кун эътибор талаб қилади. Агар озуқани меъёридан кўп ёки кам берсангиз, сувни нотўғри тақсимласангиз, бирор нотўғри парвариш қилсангиз, майдон уч кунда ҳам ҳолатини ўзгартириши мумкин. Қолаверса, майдон кейинчалик ҳам яхши ҳолатда сақланиши учун зарур техника воситалари керак. Афсуски, Бухорода бундай техника йўқ. Менга маълум бўлишича, ЎзПФЛ раҳбари Бухоро вилояти ҳокими ва БНҚИЗ раҳбари билан учрашувда бу масалани кўтарган ва улар қишга қадар техника сотиб олишга ваъда беришган. Агар шундай қилинмаса, майдон келаси мавсумда ЎзПФЛ қўяётган талаб даражасидан чиқиши мумкин».

ЎзПФЛ майдон техникаси масаласида ҳам икки йилдан буён бош қотиради. Бундай техника бугунга келиб қатор стадионларда мавжуд эмас. Биз Андижон, Бекобод, Самарқанд, Жиззах, Сурхондарё майдонларини ўрганиш жараёнида ҳам техника талабини қўйганмиз. Мазкур талаб 2023 йилги мавсум олдидан клублар сметасидан ўрин олиши кўзда тутилган.

Афсуски, халқаро ўйинлардан кейин «Насаф», «Пахтакор», «Локомотив» каби стадионлар майсасида ҳам толиқиш бор. Эндиликда мазкур стадионлар майса масаласида жиддий бош қотирмоқда. АГМК майсани алмаштириши лозим, Намангандаги стадионда эса янги мутахассислар айрим камчиликларга йўл қўйиб, сал қолса майдон ҳолатини бузиб қўйиши мумкин эди. Жиззахдаги арена майсаси 2023 йил учун қабул қилинмайди. Муаммоларни тўлиқ ҳал қилиш эса вақт талаб этади.

«Биз Диёр билан 2017 йилда танишгандик. Майдон масаласида суҳбатлашиш учун у Қаршига келди. Ўтган вақт давомида ҳамкорликда ишлаб келдик. Сўнгги 5 йил билан солиштирса, майдонлар кескин яхшиланди. ЎзПФЛ вилоятлар раҳбарларининг стадионларга бўлган муносабатини ўзгартириш учун тинимсиз ҳаракат қилаётганидан доим хурсанд бўламан. Албатта бирданига катта талаб қўйиб бўлмайди. Йўқса, Ўзбекистонда 4-5 та стадиондан бошқаси қолмайди. Ҳаммаси босқичма-босқич кетяпти. Агар клублар ўз чиқимлари қаторига майса парваришини ҳам қўшишни одатга айлантиришса, ҳаммаси янада яхшироқ бўлади. ЎзПФЛ ҳозир шунинг ҳаракатида экани кишини қувонтиради. Чунки агар сиз сифатли футбол кўрмоқчи бўлсангиз, бунинг учун биринчи навбатда сифатли майдон керак бўлади».

Манба: pfl.uz
Киритилди: 13:10, 29.11.2022.
Ўқилди: 2294 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.