Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Карим Бензема: шахсий самолёт, Дубайча зиёфатлар, фил билан ўйин

Баҳо:
+ | -

Франция ҳукумати ўтган асрнинг 60-70-йиллари синов тариқасида кўп уйли арзон турар-жой районларини барпо этиш лойиҳасига қўл ургач, чиройли шаҳарлар атрофида бир-биридан фарқи йўқ кўп қаватли қуюқ кулранг бинолар қад ростлайди.

Бироқ бундай хонадонлар французларга унча ёқмайди ва уларни тезда мигрантлар эгаллашади. Жазоирнинг мўъжаз қишлоғидан кўчиб келган Бенземалар оиласи 80-йиллар Лион четидаги худди шундай районлардан бирида қўним топади. Орадан маълум вақт ўтгач, оилада «Олтин тўп»нинг бўлажак соҳиби Карим дунё­га келади.

*** 

Карим - оилада 10 нафар фарзанднинг олтинчиси. Лион четида жойлашган турар-жой ҳудудларида болалар учун биттаю-битта хавфсиз овунчоқ бор эди - футбол. Жумладан, Карим ҳам бутун кунни тенгдошлари қатори кўчада тўп тепиш билан ўтказарди. Иқтидорли араб вояга етгач, «Лион» ўринбосарлар жамоа­сида узоқ ушланиб қолмади - асосий таркибга ўқ мисоли ёриб кирди. Лекин унинг учун деярли ҳеч нарса ўзгармаганди - қаттиққўл ота-онаси соат 22:30дан кейин кўчага чиқишига рухсат беришмасди. Шу аснода ёш Карим тунги клублар, қимматбаҳо автомобиллар ва вояга етмаган «хоним»лар давраси нималигини билмасдан улғайди. Фақат 2009 йили «Реал» билан шартнома тузганидан кейингина кундалик ҳаёти кескин ўзгарди. Бинобарин, ота-онаси ва ака-укалари Лионда қолишди, қолаверса, Каримнинг ҳисоб рақамига ҳар йили 4 млн. евро туша бошлади. Натижада ҳужумчи ўзи хоҳлагандек ҳаётдан чинакамига завқ олишга тушди. Бензема GQ нашрига берган интервьюсида барчасини дангал ифода этганди: «Ҳаётдан борича лаззатланишни хоҳлайман. Шиорим - ҳар дақиқадан завқ ол». 

***

Бензема - саёҳат шайдоси. Унда шахсий самолёти бор, ҳаётидаги муҳим лаҳзаларни муҳрлаш учун эса про-фессио­нал видеографни ишга ёллаган. Ёшлигини пана-пастқам хароба жойларда ва машғулотлар билан ўтказиб юборган футболчи энди шу кемтикни тўлдириш ҳаракатида. Дейлик, Карим йилига камида икки марта Дубай томон учади, ёзда албатта, АҚШга боради, дам олиш кунлари эса Ибица оролига (ҳа, унинг диди чакки эмас). 

Бензема Gulfstream G200 Business Jet самолётини 2016 йили харид қилди. Баҳоси 4-20 миллион евро (ишлаб чиқарилган вақтига боғлиқ)га тенг бу самолёт ҳаттоки, «Реал» футболчиси учун ҳам катта ҳашаматдир. Дейлик, Каримнинг 2016 йилги маоши чамаси 6 миллион эди. Фақат 2019 йилдан буён 7,5-9 «лимон» оляпти. Ўша пайт шахсий самолёт эгалари элит гуруҳида атиги 3 нафар футболчи бор эди - Криштиану, Месси ва Неймар. Карим нафақат саёҳат, балки унинг лаҳзаларини фото ва видео билан муҳрлашни хуш кўради. Хусусан, «Инстаграм» тармоғида 33,5 миллион обуначиси бор. Ҳужумчи барчаси профессионал даражада бўлиши учун Мероже исмли уста видеограф ва фотосуратчини ишга ёллаган. «Карим қаергадир чоғланса, сездирмай суратга олишим керак. Уни ҳар жойда кузатиб бораман: уй, спорт зали, автомобилда... Шундай экан, менда жуда кўп маълумот бор. 1 дақиқалик видео учун уни чамаси 1,5 соат суратга олишим керак», - дейди Мероже. Асосийси, Карим шу ҳамкорлик самараси ўлароқ, ижтимоий тармоқларда обуначилари сонини кескин кўпайтирди. 

*** 

Бензема ва Дубайнинг «муҳаббат қиссаси». Бензема туғилган кунини шу шаҳарда нишонлайди - 500 долларлик зарҳал бифштекс, полиция машинаси... «Дубайга нега тез-тез бораман? Чунки муҳит ёқади - нур сочиб турган қуёш, чиройли ва замонавий бинолар. Ҳа, Дубайда ҳаммаси ўта қиммат, лекин бадавлат одам учун ажойиб жой, албатта», - дея бизнес пойтахтига меҳрини ифодалаганди голеадор. Айтишларича, у 4 йиллик мунтазам парвозлари давомида Дубайдаги барча кўнгилочар масканлар билан танишиб чиққан. Хаёлига келадиган биринчи гўша - машҳур ошпаз Salt Bae ресторанида уюштирилган зиёфат. Турк ошпази ўшанда оддий бифштекс тайёрлашни беқиёс шоуга айлантирган ва унинг чаққонлиги акс эттирилган видео (гўштга туз сепиш жараёни) ижтимоий тармоқларда миллион марталар томоша қилинган. Эндиликда «Инстаграм» аҳли учун Salt Bae ресторанида овқатланиш Бали оролида дам олиш каби муҳимдир. Карим зиёфат учун олтин кукуни сепилган 500 долларлик стейкка буюртма берган. 

Бензема Дубайда ҳаттоки, полиция автосини ҳам бошқарди ва ижтимоий тармоққа махсус видео қўйиб, мухлисларини хавотирга солди. Зеро, у Мадридда йўл қоидасини бузгани учун мунтазам жаримага тортилади ёки ҳайдовчилик гувоҳномасидан айрилади. Тўғри, Карим тезда ҳаммани тинчлантирди: «Полициячилар мени таниб қолиб, махсус жиҳозланган Lamborghini автосини бошқариш кўришимга рухсат беришди». Бенземанинг Дубайдаги яна бир севимли жойи - италиялик таниқли дизайнер Роберто Кавалли бизнес лойиҳаси саналган Cavalli тунги клуби. У ҳар йили 23 декабрда туғилган кунини шу мажмуада нишонлайди. Бунда бутун клубни бир суткага ижарага олиб, дабдабали зиёфат уюштиради. «Карим Дубай зиёфатлари ҳақида кўп гапирарди, лекин бунчалик дабдабали ва шовқинли бўлишини хаёлимга ҳам келтирмагандим. Бордим, кўрдим, аммо Карим билан атиги бир оғиз гаплашишга улгурдим. Чунки у меҳмонлардан бўшамади. Асосийси, завқ ичида қолганди», — дея эслаганди шундай зиёфатлардан бирида қатнашган Модрич. 

*** 

Бензема эркакларга хос эрмакларни қадрлайди: АК-47дан ўқ отган, яна фил билан тўп тепган. Ҳа, Карим ўқ отишга муккасидан кетган. У Мадриддаги уйи ертўласига тир ўрнатишни хойлайдию, бунга ёш болаларини ўйлаб, ҳозирча ботинолмаяпти. Лекин махсус полигонларда мунтазам шуғулланади. Хусусан, 2018 йили Майами ўқчилар клубида кўриниш берди. Францияликнинг тан олишича, унга айниқса, АК-47ни ишлатиш ҳузур бағишлаган. Бенз яна жониворларни яхши кўради, яхшики, бу муҳаббати мерганлиги билан уйғун эмас. Футболчи асосан ноёб жониворлар билан суратга тушишни ёқтиради. Тўғри, бу қизиқиши ортидан ҳайвонларни муҳофаза қилиш ташкилотларидан бир неча марта дакки ҳам олган. Дейлик, у 2017 йилнинг февралида Мартиника миллий боғида ёввойи игуана билан суратга тушганди. Муаммо шуки, бу жонивор одамларга сира ўрганмаган ва қўлга тушса, кучли безовталик домига ғарқ бўлади. Футболчи ке­йинчалик Дубайда 7 ойлик ўғли Иброҳим ва 4 ёшли қизи Мелиянинг йўлбарс боласи билан ўйнаётганини суратга олиб, уни тармоққа қўйди. «Йўлбарсчанинг онаси қаерда? Уни нима қилмоқчисан? Йўлбарс табиий муҳитда яшаши кераклигини ўйламадингми?» - дея Каримни сиқувга олишди тегишли ташкилот вакиллари дарҳол. Асосий воқеа: Бензема 2019 йилнинг декабрида дўстлари билан Дубай миллий боғи бўйлаб саёҳатга чиқди. Улар ер ҳудуди 225 квадрат|километрга тенг ушбу ноёб қўриқхонада филни кўриб, уни суратга ола бошлашди. Шу паллада кимдир тўп олиб келди ва Карим ҳамда дўстлари фил билан квадрат шаклида ўйнашди. Фақат ўша куни Мероже йўқ эди, шунинг учун ижтимоий тармоққа сифатсиз видео юкланди. 

*** 

Карим экстремал спорт турлари олдида ҳам ўзини тўхтатиб туролмайди. «Реал» 2015 йили Дубайда «Милан» билан назорат ўйини ўтказди. Бензема учрашувдан сўнг бир неча кун севимли шаҳрида қолди. У Карло Анчелоттидан қандай рухсат олгани номаълум, ҳар ҳолда, парашютдан сакрамоқчи эканлигини айтмаган бўлса керак. Хуллас, футболчи Skydive Dubai парашютдан сакраш марказига борди. У ерда улкан аэропорт бор ва 4 минг метр баландликдан параш­ютда сакраш мумкин. Марказга кириш чиптаси - 550 доллар. Афсуски, Каримга омад кулиб боқмади. Йўқ, у парашютдан сакраганини ошкор қилмади, яъни фотосуратларни «Инстаграм»га қўймади. Фақат шуниси борки, ҳар доим барча-барчасидан вақтида «ис» оладиган Marca нашри бу воқеадан ҳам бехабар қолмади ва Бенземанинг парашютдан сакраш қобилиятини достон қилди. Оқибати - «Реал» уни моддий жарима билан «сийлади». 

***

Карим Бенз - америкалик рэпер Тупак Шакур ижоди фанати. Бежиз «Олтин тўп» тақдимоти маросимига айнан унинг қиёфасида бормади. Буни кўпчилик дарҳол пай­қади. Тўғри, 2017 йили Бенземалар оиласида иккинчи фарзанд дунёга келгач, Карим ўзини анча босиб олди. Ҳар ҳолда, зиёфатларни анча камайтириб, фарзандлари тарбиясига кўпроқ вақт ажрата бошлади, яна машғулотларда фаоллашди. Лекин Дубай саё­ҳатлари Бензема учун тиғиз жадвалдаги ягона заиф нуқта бўлиб қолди, барибир.

Равшан ИБРОҲИМ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 23:33, 01.12.2022.
Ўқилди: 9339 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.