Мана, интизорлик билан кутганимиз — Олимпиада мусобақаларини ҳам бошлаб олдик. Бошладигу, лекин шу билан бирга асаббузарликлар ҳам бошланди. Бунга сабаб спортчиларимизнинг кетма-кет мағлубиялари бўлмоқда. Ачинарлиси, Ришод Собировнинг бор-йўғи бронза медали билан кифоялангани бўлди. Тўғри, бутун бошли Олимпиада учун медалнинг ўзи катта ютуқ, лекин биз 2 карра жаҳон чемпионидан бунданда яхшироқ натижа кутганимиз бор гап. Ришод-ку майли, Олимпиададан қуруқ қўл билан қайтмаяпти, лекин қолган спортчиларимиз Олимпиадага бордимми, бордим, деб қайтишаётганга ўхшайди гўё. Йўқ, мен улар кўрсатган натижаларига қараб бундай демаяпман, шунчаки, мен уларнинг жон-жаҳдлари билан курашганларини кўрмадим. Менимча, сиз ҳам кўрмадингиз.
Пекинда ўтказилган олимпия ўйинларида спортнинг 14 тури бўйича жами 56та спортчи билан ташриф буюрган Ўзбекистон делегацияси умумий рейтингни 40-поғона билан якунлаганди. Ўшанда ҳам юртдошларимиз 1та олтин, 2та кумуш ва 3та бронзага эгалик қилишганди. Бундан кўриниб турибдики, ҳозирда давом этаётган олимпиадада ҳам бундай натижани қайд етишнинг иложи бор. Сабаби медалар учун кураша оладиган спортчиларимиз энди баҳсларга киришишади. Лекин биз яна ўша натижани эмас, балки унданда яхшироқ натижани қайд этишни хоҳлаган эдик. Ҳозирги ҳолатимиздан келиб чиқиб, ўша Пекиндаги натижани қайд этсак ҳам етарлидек кўриниши мумкин, лекин бунда ўсиш бўлмайди. Ўзи бундан олдинги Олимпия ўйинларида қандай натижа қайд этганмиз, ҳозиргача ўсиш кузатиляптими ёки пасайиш, бу менимча, кўпчилигингизга қизиқ бўлса керак. Эътиборингизга ўзбекистонлик спортчиларнинг ўзлари қатнашган барча ёзги Олимпия ўйинларидаги натижаларни ҳавола этаман:
1996 йил. Атланта.
Мустақиликка эришганимиздан сўнг илк ёзги олимпиадада иштирок этиш айнан Атланта-1996га тўғри келган. Ўшанда спортнинг 2 тури бўйича 7 нафар спортчиси билан иштирок этган Ўзбекистон делегацияси олимпиадада 1 та кумуш ва 1та бронзага эгалик қилиб, умумий рейтингда 58-ўринни банд этган. Илк медални Ўзбекистон ҳисобига Армен Богдасаров дзюдадан келтирган. Финалгача етиб борган Армен Олимпия ўйинларидаги илк кумуш медални Ўзбекистонга олиб келган. Спортнинг бокс туридан ринга чиққан Карим Тўлаганов эса бронза медалини Ўзбекистон ҳисобига ёздириб қўйган. Ўз тарихида илк бор Олимпия ўйинларида иштирок этган Ўзбекистон делегацияси умумий ҳисобда 2та медал билан кифояланган.
2000 йил. Сидней.
Австралияда бўлиб ўтган олимпиадада 70 нафар спортчимиз спортнинг 12 тури бўйича иштирок этиб, 1 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронзага эгалик қилиб, умумий рейтингда 42-ўринни банд этган. Муҳаммадқодир Абдуллаев боксда рингга чиқиб, Ўзбекистон тарихида олимпия ўйинларидаги илк олтин медални Ўзбекистон ҳисобига ёздириб қўйган. Шунингдек , Ўзбекистон ҳисобига Артур Таймазов кумуш медал олиб берган бўлса, 2 боксчимиз Сергей Михайлов ва Рустам Саидов бронза медалини юртимизга олиб келишган. Шундай қилиб, умумий ҳисобда 4та медал билан ҳамюртларимиз Сиднейдаги олимпиадасини якунлашган.
2004 йил. Афина.
Юнонистонда бўлиб ўткан олимпиада ўйинларида спортнинг 14 тури бўйича 69 нафар спортчиси билан иштирок этган Ўзбекистон делегацияси ўз ҳисобига 2 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медалини ёздириб қўйган ва умумий рейтингда 34-ўрини қайд этган. Бу кўрсаткич ҳозиргача энг яхши натижа бўлиб турибди. Ўшанда 1-олтин медални курашдан Артур Таймазов олиб берган бўлса, 2-олтин медални юнон-рум курашидан Александр Доктуришвили Ўзбекистон ҳисобига ёздириб қўйган. Кумуш медални эса яна бир курашчимиз Могомед Ибрагимов қўлга киритган. Шунингдек, 2 боксчимиз Боҳодиржон Султонов ва Ўткирбек Ҳайдаров юртимизга бронза медали билан қайтишган. Шундай қилиб, Афина-2004ни ҳамюртларимиз умумий ҳисобда 5та медал билан якунлашган.
2008 йил. Пекин.
Хитойда бўлиб ўтган олимпия ўйинларида Ўзбекистон делегацияси спортнинг 14 тури бўйича 56 нафар спортчиси билан иштирок этди ва 1 та олтин, 2 та кумуш, 3 та бронза медалларига эгалик қилишди. Умумий рейтингда эса 40-ўринни эгалашди. Ягона олтин медални Артур Таймазов курашдан олиб берган бўлса, дзюдочимиз Абдулло Тангриев ва курашчимиз Сослан Тигиев кумуш медаль соҳибига айланишди. Дзюдочимиз Ришод Собиров ва икки гимнастикачимиз Антон Фокин ва Екатерина Хилько делегациямиз ҳисобига бронза медални ёздириб қўйишди. Шундай қилиб Пекин-2008ни юртдошларимиз умумий ҳисобда 6 та медаль билан якунлашди.
Кўриб турганингиздай, ҳозиргача 4 та ёзги олимпиада ўйинларида иштирок этган Ўзбекистон делегацияси энг кўпи билан битта олимпиадада 6 та медаль олишган, холос. Ҳозирда Лондонда давом этаётган олимпиадада юртдошларимиз ҳисобида 1та медаль бор. Демак, яна 5 та медал сон жиҳатидан аввалги энг яхши натижани қайд этиш учун етарли бўлади. Асосий спортчиларимиз энди баҳсларга киришишларини ҳисобга олсак, аввалги натижани сон жиҳатдан ҳам, сифат жихатдан такрорлашнинг иложи бор. Насиб этса, ундан-да яхшироқ натижани 0қайд этишар. Демак, кузатишда давом этамиз. Ҳали ҳаммаси олдинда.
Беҳзод Юнусхўжаев