Олимпиада ўйинлари, табиийки, ҳозирча биз учун муваффақиятсиз давом этмоқда. Бор-йўғи битта бронза. Ҳукуматимиз томонидан спортга катта эътибор берилаётгани ҳаммага аён. Ҳудудларда турли спорт турлари бўйича замонавий, барча шароитларга эга спорт иншоотлари барпо этилди ва янгидан-янгиларини қурилиш ишлари давом этмоқда. Лекин Лондон олимпиадасида бунинг натижасини ҳозирча кўрмаяпмиз. Тўғри ҳали Таймазов, Меньков каби етакчиларимиз баҳсларга киришмади. Насиб этса, улар Ватанимизга орзиқиб кутилган олтин медалларни келтирар. Лекин савол туғилади — қачонгача Таймазов ёки Менковнинг иштирокини кутиб юрамиз. Уларнинг ҳам ёши ўтиб боряпти. Таймазов 1-2 йил аввал кўзга кўриниб қолган ёш спортчи эмас. У спорт оламида анча йиллар аввал ўз сўзини айтиб бўлган. Ташвишланарлиси, уларга муносиб ўринбосарлар, етакчига айланишга қодир бўлган ёшларнинг кўзга кўринмаётганидадир. Спортчиларимизни ҳаракат қилмаяпти деб бўлмайди. Улар ҳам Лондондан қаҳрамон бўлиб қайтишни сизу биздан кўпроқ истайди. Улар ҳам яратиб берилган шароитларга муносиб жавоб бериш учун тер тўкиб меҳнат ҳам қилмоқда .Аммо барибир 4 йилликнинг энг нуфузли мусобоқасида натижаларни яхшилай олмаяпмиз. Бизга замонавий ишлаш методига эга бўлган ва хақиқий истеъдод эгаларини кашф эта оладиган мутахасислар етишмаяпти.
Бу ҳолат айниқса сузиш спорт турида яққол кўзга ташланмоқда. Тан олайлик, олимпия ўйинларининг энг кўп, шода-шода медаллари ўйналадиган ушбу спорт турида мутлоқ аутсайдермиз. Кўпгина мамлакатлар эркин, чалқанча, брас, батерфлай, комплекс каби услубларда “килолаб” медалларни қўлга киритишмокда. Бизнинг сузувчилар эса ҳатто бирорта бронзанинг ёнига ҳам яқинлаша олмаяпти. Янги барпо этилган, замонавий, барча шароитларга эга сув ҳавзаларида машғулотлар ўтказа туриб, Хитой, Австралия, АҚШ, Япония сузувчилари олдида ожиз қолмоқдамиз. Ҳаракат қилсак ҳам етолмаяпмиз. Бошқача қилиб айтганда, бизнинг эскирган услубимиз ўтмаяпти. Шундай экан сув ҳавзаларида етакчилик қилаётган юртлардан малакали мутахассисларни терма жамоаларимизга ва спорт мактабларимизга жалб қилишимиз керак. Уларнинг спортчиларни мусобоқаларга тайёрлаш методини ўзлаштиришимиз лозим. Акс ҳолда сузиш спортида етакчи юрт вакиллари билан орамиздаги фарқ тобора катталашиб бормоқда. Шошилинч чораларни кўрмасак ва улар билан тажриба алмашган ҳолда ишламасак, кейинги олимпия ўйинларида ҳам сузиш спортидан бирор жўяли натижага эриша олмаймиз.
Биргина афсонавий сузувчи Майкл Фелпснинг олимпия ўйинларида қайд этган натижаларига боқинг.
Афина-2004 - 6та олтин, 2та бронза.
Пекин-2008 - 8та олтин!
Лондон-2012 – ҳозирча 3 та олтин ва 2 та кумуш (мақолани ўқиётган пайтингизда бу рақамлар янада ошиб кетган бўлиш эҳтимоли жуда юқори)
Фелпснинг бир ўзи қўлга киритаётган медаллар шодасини 200дан ортиқ давлат вакиллари орасидан нари борса 10-12та давлат вакиллари бутун жамоа бўлиб қўлга киритиши мумкин.
Бундай истеъдод эгалари юртимизда йўқ деб ўйлайсизми? Албатта бор. Фақатгина юртимизнинг турли бурчакларидаги анҳорларда, сойларда чўмилиб юрган ўзимизнинг «фелпслар»ни излаб топишимиз, кашф этишимиз лозим.
Ҳамюртларимизга яна бир бор омад тилаган ҳолда, Лондондан хушхабар кутишда давом этамиз. Саломат бўлинг.
Дилшодбек Нурматов