Эртаклар икки хил бўлади. Бирида қандайдир камбағал йигит аждарҳони ўлдириб, малика ва ярим подшоликка эга бўлади. Иккинчисида, бош қаҳрамон - шаҳзода, маликага етишиши учун ўзини исботлаши керак. Гилам тўқибми, этик тикибми, шунчаки, у одамлар орасида ҳам бўла олишини, ҳаммасини унга тақдир инъом этмаганини кўрсатиши керак бўлади.
Масалан, Марадона биринчи тоифага тушади. У доим ҳаммага қарши чиқишга мажбур бўлар, фақат қора халқ унинг яхши кўрарди. Уни доим тепишар, хатосини кутишар, охирги икки мундиалини у йиғлаб тарк этди - бирида финалда белгиланган баҳсли пенальти, иккинчисида майдон ташқарисидаги ўйинлар туфайли.
Месси - шаҳзода. Буни илгари ҳам ёзувдим, Барселона қироллигида вояга етди, улғайганда, тахт унга тайёрлаб қўйилган, йўллар тозаланган, унга халақит бериши мумкин бўлган Роналдиньодан тортиб, Златанларгача жавоб бериб юборилган. Месси албатта, ўша аждарҳо билан доим уришиб юрадиган камбағал йигитдан кам эмасдир, аммо буни исботлаши шартмас, унақа эҳтиёж йўқ.
Аслида қироллик клуби «Реал» бўлса-да, чинакам қироллик Барселонада. «Бернабеу»да ҳеч ким шунчаки севилмайди, у ерда гладиаторлар янги қаҳрамон чиққунча тинмай жанг қиладилар, ўзларини исботлайдилар. Оломон голларни, ғалабани, қонни талаб қилади. «Камп Ноу» эса, бахтли қироллик, севги ва садоқат улуғланади, Месси мана шу тахтнинг вориси.
Хуллас, шундай бўлдики, эртак қизиқроқ чиқиши, маликага эришиши учун шаҳзода одамлар қаторига тушиши, шериклари билан ғалаба қозониб, ўзини исботлаши керак бўлиб қолди. У аввалгилан яхшироқ ўйнаяпти, алдаяпти, югуряптими? Ҳа. У аввалгидан яхшироқ ўйинчи, алдовчи, югурувчи бўлиб қолдими? Йўқ.
Месси талант, туғма истеъдод, ўзга сайёралик. Аммо шу сафар ундан инсоний вазифалар, инсоний туйғулар талаб қилинди. Кулги, ғазаб, орзу, ожизлик, шиддат, қўрқув...
Менимча, биринчи марта шунақа синовга дуч келди, энди нафақат голлар уриб паслар бериши, майдонда етакчилик қилиши, балким каттароқ, шу пайтгача қилмаган вазифаларни гарданига юклади. Жамоани ўз атрофида жипслаштириши, аҳилликнинг марказида бўлиши керакки, ҳар бир футболчи тарихнинг бир бўлагидек ҳис қилсин ўзини. Ҳаммаси яна терс кетиб, финалдаги устунлик совурилган паллада ҳам, ҳаммага етадиган қайта куч топа билиш. Эътибор берсангиз, ҳар ўйиннинг қаҳрамони бошқа - бир сафар Алварес масалани ҳал қилди, бошқасида Ди Мария, яна бирида Энцо Фернандес, Эмилиано Мартинес... Эмилиано Мартинес. Эмилиано Мартинес! Скалони умуман шу турнирда даҳога айланди. Кимдир ёш, кимдир гўёки даври ўтиб бўлган, кимдир шунчаки «Брайтон» футболчиси... Уларни чемпионга айлантирсанг, улар ҳам сени чемпион қилади. Мессига айтяпман.
Эртак яхшилик билан тугади. Месси мақсадига эришди. Аммо ҳаёт давом этади, янги қаҳрамонлар, янги эртаклар билан. Барчаси учун раҳмат.
Қаҳрамон Асланов.