Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Убиража Вега да Силва: «Ўзбекистон терма жамоасини Бразилияда кутаяпман»

Баҳо:
+ | -

«Пахтакор» ва Ўзбекистон терма жамоаларига бош мураббийлик қилган бразилиялик Убиража Вейга да Силва навбатдаги жаҳон чемпионати Бразилияда бўлиб ўтишини ва шу боис ўзбекистонлик дўстларини ўз Ватанида кутяётганини ва уларни кўришдан хурсанд бўлишини айтиб ўтди.

1997-98 йилларда «Пахтакор» ва Ўзбекистон миллий терма жамоасида бош мураббий бўлиб ишлаган да Cилвани кўпчилик ишқибозлар яхши  эслашади. Бу мутахассис ўзига хос услуби ва футбол фалсафаси билан барчада илиқ таас­сурот қолдирган. Ҳозирда Бразилиянинг «Корурупе» клубида фаолият кўрсатаётган машҳур футбол мутахассиси билан “Ўзбекистон овози” газетаси мухбири интернет орқали суҳбатлашди.

— Жаноб да Силва, Сизга Ўзбекистондан салом!
— Тўғриси, мени юртингизда ҳамон  эслаб туришларидан хурсанд бўлдим. Демак, Ўзбекистонда ишлаб, ўзимдан яхши ном қолдирибман. У ерда фаолиятимдаги энг яхши даврни ўтказганман. Ўшанда «Пахтакор» мамлакат чемпиони бўлган. Осиё кубок эгалари Кубогида чорак финалгача чиққанмиз. Миллий терма жамоани жаҳон чемпионатига чиқиш учун барча умид сўнганидан кейин қабул қилиб олганман. Гуруҳда фақат иккита ўйин қолганди холос. Илк учрашувда Қозоғистонни йирик ҳисобда мағлубиятга учратганмиз, кейин БАА билан меҳмонда дурангга эришганмиз. Аммо бу тўрт очко мундиалга боришимиз учун камлик қилган.

1998 йил терма жамоани Таиландда ўтказилган Осиё ўйинларига олиб бордим. Биз бу ерга мусобақанинг амалдаги ғолиби сифатида ташриф буюргандик. Бу эса зиммамизга ўзига хос масъулият юкларди. Аммо курашни чорак финалда тўхтатдик. Чорак финалда Эронга мағлуб бўлдик. Ваҳоланки, ўйин борасида катта устунликка эришгандик.

Ўзбекистонда яшаш менга ёққан. Одамларнинг муносабатидан жуда хурсанд бўлганман. Ишқибозлар, Тошкент шаҳри, ўйинчиларнинг савияси кишига роҳат бағишлайдиган даражада эди. Ўйлайманки, Ўзбекистонни ва унинг гўзал пойтахтини кўриш менга яна насиб қилади.

— Сиз ишлаган даврда шароитлар қандай эди?
— Бу борада ҳеч қандай муаммо бўлмаган. «Пахтакор» ва миллий терма жамоа юқори натижаларга эришиши учун барча шароитлар яратиб берилганди. Тўғри, ўша шароитларни янада яхшилашга эҳтиёж йўқ эмасди. Лекин қисқа вақт ичида Ўзбекистон футболининг ҳозиргидек тараққиётга эришишини ўша пайтда ич-ичимдан ҳис қилардим.«Пахтакор» мамлакат чемпиони бўлган йили таркибда миллий терма жамоа аъзолари кўпчиликни ташкил этган. Лекин бу «Пахтакор» ўйинчиси миллий терма жамоада ўйнайди, деган кафолатни бермасди. Ҳаммасини майдонда, футболчиларнинг ҳаракатига қараб ҳал қилганман. Сабаби, клубда бошқа, терма жамоада умуман бошқа талаблар бўлади. Мен футболчиларни нафақат тактик ва жисмоний, балки руҳий томондан ҳам тайёрлаганман. Шу боис маш­ғулотларда ким кўп тер тўкса ва ўзини кўрсатса, ўшани майдонга туширганман.

— Ўзбек футболида юз бераётган бугунги ўзгаришлардан хабарингиз бўлса керак?
— Албатта, ўзбек футболи тўғрисидаги янгиликлар билан мунтазам танишиб бораман. Зико билан суҳбатлашганимда у менга юртингиздаги ўзгаришлар ҳақида гапириб берган. Мамлакатингизда футбол юқори суръатда ривожланиб бораётганидан хабарим бор ва бундан жуда хурсандман. Зико Ватанингизда ишлаган пайтида менга интернет орқали хат жўнатди. Унда ёзилишича, футболчилар Зикодан мен ҳақимда сўрашибди, қаерда ишлаётганим билан қизиқишибди ва жуда илиқ фикрлар билдиришибди. Буларни ўқиб кўнглим кўтарилди. Айтганча, агар ўшанда ЎФФга фаолиятимда эришган натижаларим маъқул бўлмаганида мени терма жамоада ишлаш учун таклиф қилишмасди. Менга ишонишганининг ўзи катта бахт.

Юртингизни тарк этганимдан кейин менга ўзбек клубларидан таклифлар бўлмади. Сабаби у пайтларда интернет тармоғи ҳозиргидек оммалашмаган эди. Мен билан алоқага чиқиши мумкин бўлган одамлар ҳам буни уддалай олишмаган. Лекин бу ажойиб мамлакатда яна ишлашни хоҳлардим.

Ўтган йили Мексикада ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Унда кучли ва томошабоп ўйин кўрсатган Ўзбекистон терма жамоаси менда ёрқин таассурот қолдирди. Барча футболчилар яхши тайёргарлик кўришгани яққол сезилиб турди. Жамоа сардори (Аббос Махсталиев) ҳақиқий етакчиларга хос ўйин кўрсатиб, шерикларини олға бошлади. Чорак финалда вакилларингиз Уругвай терма жамоасига етарли қаршилик кўрсатишган бўлса-да, уларга бироз омад етишмади. Агар ўша беллашувда ўзбекистонлик ўсмирлар ғолиб бўлишганида Бразилия терма жамоасига қарши майдонга чиқарди. Бу барча учун қизиқарли ўйин бўларди. Сабаби айнан ўша пайтда ҳар иккала жамоанинг савияси деярли тенг эди ва учрашувда қайси жамоа муваффақият қозониши ҳақида олдиндан башорат қилиб бўлмасди.

 — Ўша пайтда тўп сурган ўзбекистонлик футболчилардан кимларни алоҳида кўрсатишингиз мумкин?
— Мен билан бирга ишлаган футболчиларнинг ҳаммаси яхши савиядаги ўйинчилар эди. Улар билан машғулотлар ўтказиш, ўйинларга тайёргарлик кўриш доимо қизиқарли бўлган. «Пахтакор»даги бир йиллик фаолиятим мобайнида атиги икки учрашувда ютқазганмиз холос. Айнан шу натижа футболчиларнинг маҳорати қай даражада эканидан дарак беради. Бугун кўплаб футболчиларни яхши эслайман. Лекин улар орасида Миржалол Қосимов алоҳида ўрин тутади. Пеле Бразилиянинг фахри бўлса, Ўзбекистонда Қосимов худди шундай тарзда эъзозланади. Жамоада энг кучли футболчи Миржалол бўлса, қолганлар унинг ортидан эргашадиган меҳнатсевар ўйинчилар эди. Ҳозирда у миллий терма жамоага мураббийлик қилаётган экан. Бундан жуда ҳам хурсанд бўлдим.

Бундан ташқари, Павел Бугало, Рустам Шоймардонов, Андрей Акопянц, Илҳом Шарипов, Николай Ширшов, Игор Шквирин ва Азамат Абдураимов каби футболчилар ҳам нафақат Ўзбекистон, балки Осиёнинг кўзга кўринган чарм тўп усталари эди. Футболда битта ўйинчи билан натижага эришиш мушкул. Бунинг учун барча футболчилардан катта меҳнат талаб қилинади.

— «Пахтакор» ва Ўзбекистон терма жамоасини бошқарган мутахассис сифатида мураббийнинг ҳам клубда, ҳам терма жамоада ишлашига қандай қарайсиз?
— Бир вақтнинг ўзида икки жамоани бошқаришнинг фойдали томонлари кўп. Чунки клубда ишлаш орқали миллий терма жамоада ўйнашга лойиқ футболчиларнинг салоҳиятини кузатиш имконияти бўлади. Агар яна шундай вазиятга тушсам, клубда ишлаш орқали терма жамоани кучайтира олишимга ишонаман. Чунки термани қандай тартибда ўйнатишни ва ривожлантиришни биламан. Шундан бўлса керак, Ўзбекистондан кетганимдан кейин маҳаллий мутахассислар менинг иш услубимдан фойдаланишган.

— Футболчилар билан мулоқот қилишда муаммолар бўлганми? Масалан, тил борасида?
— Бошида жамоа билан мулоқот қилиш учун профессионал таржимон билан ишладим. Кейинчалик унинг ёрдамига таянмай қўйдим. Ўзим таржимонсиз гаплаша бошладим. Ишонаманки, ўшанда йигитлар мени жуда яхши тушунишган. Чунки улар айтганимни бажаришарди. Менда тил борасида катта муаммо бўлмаган. Сабаби, ўзбек тилини анча-мунча ўрганиб олган эдим.

— Яқин келажакда Ўзбекистондан таклиф тушса қандай жавоб қайтарасиз?
— Ўзбекистонга қайтсам хурсанд бўламан. Сизнинг мамлакатингизда кўплаб дўстлар орттирдим. Ўзбекистонни жуда ҳам соғиндим. Одамлари одобли, хушмуомала ва меҳмондўст. Шунинг учун Ватанингизни ажойиб хотиралар билан эслайман. Сизлар ҳам бразилияликлар сингари меҳмондўстсизлар. Айниқса, паловни соғиндим. Доим бошқача иштиёқ билан тановул қилардим. Ҳатто Бразилияда бу таомни тайёрлашга уриниб кўрдим. Аммо ҳақиқий ўзбекча ошга нима етсин. Бир сўз билан айтганда, мени мамлакатингиз билан ажойиб таассуротлар боғлаб туради.

 — Ўзбекистон терма жамоаси ҳозирда 2014 йилда Бразилияда ўтказиладиган жаҳон чемпионатининг финал босқичида қатнашиш учун саралаш баҳсларида иштирок этаяпти. Терма жамоамизнинг имкониятларини қандай баҳолайсиз?
— Айни пайтда Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионатида қатнашиш учун асосий даъвогарлардан бири бўлиб турибди. Мен термангизнинг ўйинларини томоша қилиб бораман. Бу гапларни Ўзбекистонда ишлаганим учун айтмаяпман, балки улар шунга муносиб ўйин кўрсатишаяпти. Профессионал мураббий сифатида айтишим мумкин, миллий терма жамоангиз жаҳон чемпионатига чиқа олади, мен бунга ишонаман.

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 18:45, 06.08.2012.
Ўқилди: 7237 марта.
Фикрлар: 8 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.