Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

ЖЧ юлдузлари ҳаёт сўқмоқлари

Баҳо:
+ | -

Қатар мундиалида ватани шарафини ҳимоя қилган барча футболчиларни ҳеч иккиланмай сайёрамизнинг етук спортчилари дейиш мумкин.

 Улар ўз маҳоратлари эвазига 4 йилликнинг Бош турнирида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлдилар. Бироқ бу йигитлар ҳам кўпчилик каби болалик пайтларидан бошлаганлар: спорт мактабларига қатнашган, маҳорат сирларини ўрганишган, йиқилиб қадларини тиклашган, мақсад сари интилишган.

«Чемпионат» ўзининг махсус лойиҳасида ЖЧ-2022 иштирокчилари орасидаги энг сара футболчиларнинг нуфузли турниргача босиб ўтган йўллари ҳақида ҳикоя қилади.

Криштиану Роналду

Бу футбол афсонаси Португалиянинг Мадейра оролида дунёга келди. 8 ёшга чиққанида, отаси Криштиануни ўзи ишлайдиган «Андоринья» академиясига олиб келди. Икки йилдан кейин болакай «Насьонал» мактабига, 1997 йилда эса Лиссабоннинг «Спортинг»ига ўтди. Болалигида Роналдуни «Абелинья» (Асаларича), деб чақиришарди. Ўзи миттигина бўлишига қарамасдан, ўта меҳнатсеварлиги учун у шу номни олганди.

«Спортинг»даги жамоадошлари Роналдуни ўзгача шевада гапириши учун мазах қилишар, у ҳар куни кечқурун онасига қўнғироқ қилиб, уйга олиб кетишини сўрарди. Кейинчалик футболчи шунга ўхшаш қийинчиликлар уни тоблагани ва «МЮ»га ўтганида муҳитга мослашишида ёрдам берганлигини айтганди. Лиссабон клубида у атиги бир мавсум тўп суриб, кейин Алекс Фергюсон жамоасига йўл олди. Манчестерда Роналду улкан совринлар коллекциясига эга бўлди, энг муҳими - 23 ёшда «Олтин тўп» соҳиби бўлди.

2009 йилнинг ёзида Роналду «Реал»га ўтди, унинг тақдимот маросимига 80000 мухлис ташриф буюрди. «Қироллик клуби» билан у ЕЧЛда 4 марта ғолиб чиқди ва шунча «Олтин тўп»ни қўлга киритди. Кейинчалик «Ювентус» ва «МЮ»да тўп сурди. Қатардаги ЖЧда футболчининг клубсиз қолгани маълум бўлди. Кейин Саудиянинг «Ал-Наср» жамоасига ўтиши ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Лекин буни расман тасдиқлайдиган ҳужжат йўқ.

2016 йилда футболчи Португалия терма жамоаси таркибида Европа чемпиони бўлди. Бироқ унинг ҳисобида жаҳон чемпиони унвони йўқ.

Лионель Месси

Аргентиналик афсона Росарио шаҳрида таваллуд топган. 5 ёшга чиққанида, болакайнинг юксак салоҳиятига шубҳа қилмаган ягона шахс - бувиси Леони «Грандоли» клубига етаклаб борганди. Афсуски, 5 йилдан кейин бувиси оламдан ўтди, Леонинг футболдаги муваффақиятларини кўриш унга насиб этмади. Ўз голларини Месси қўлларини юқорига кўтарган ҳолда нишонлашининг сабаби ҳам шундан.

8 ёшга чиққанида Месси «Ньюэллс Олд Бойз» клубидан жой олиб, тез орада сардорлик мақомига эришди. Кейин иккита клуб учун тўп суриш имкониятига эга бўлди - ноёб иқтидор соҳибини «Ривер Плейт» скаутлари ўзларига оғдиришди.

Лео 11га чиққанида, шифокорлар унда ўсиш гормони танқислигини аниқладилар. Бир йиллик даволаниш учун 11000 доллар талаб этилди - бундай маблағ на клубда, на болакайнинг ота-онасида бор эди. Иложсиз вазиятда қолган Мессининг отаси ўғлига қизиқиш билдирган «Барселона»ни эслаб қолди ва Лео билан Испанияга йўл олди.

Каталония гранди Леонинг барча ҳаражатларини ўз зиммасига олиб, оиласи билан Испанияга кўчирди. Месси академияда таҳсил олиш билан бир вақтда ўсмирлар жамоасида тўп сура бошлади. Бўлажак афсонанинг энг ёрқин даври айнан шу клубда ўтди. У 10 марта Ла Лигада, 4 марта ЕЧЛда ғолиб чиқиб, 7 марта «Олтин тўп»ни қўлга киритди. Табиийки, бу Лео совринларининг тўлиқ рўйхати эмас.

2021 йилда Месси Парижга йўл олиб, «ПСЖ»да тўп сурмоқда. Шунингдек, у ўз терма жамоаси билан Америка Кубоги соҳиби бўлишга улгурди. Шунингдек, Роналдудан фарқли равишда, Леонинг колллекциясида ЖЧнинг медали ҳам бор - 2014 йилда Аргентина кумуш медалларни қўлга киритганди. Бироқ бу билан чекланмаслиги аниқ бўлган Месси ўзи учун сўнгги мундиал бўлган Қатар турнирида чемпионликка эришиш йўлида бор куч-маҳоратини сарфламоқда.

Неймар

1998 йилда 6 ёшли болакай ўзининг бўлажак устози - Бетиньонинг эътиборини тортганди: «Сан-Паулу»даги пляж футболи мусобақасида Неймарнинг ўйинидан ҳайратда қолдим. Қум устида яшиндек елаётган 6 ёшли боланинг қобилияти, чаққонлиги ва координацияси ҳар қандай мутахассисни бефарқ қолдирмайди».

Неймар 11 ёшли пайтида «Сантос» ўсмирлар академиясидан жой олди. Кейинроқ ёш иқтидор соҳиби «Реал» кўригига йўл олди. Лекин отаси ўғлининг ўз юртида шуғулланишини маъқул кўрди.

«Сантос»нинг асосий таркибидаги дебютини Неймар 17 ёшида нишонлади ва Европа грандлари эътиборига туша бошлади. Бироқ «Сантос» барча таклифларни рад этди. Ниҳоят, 2013 йилда футболчи «Барселона»да тўп сурадиган бўлди. Каталонияда Неймар икки марта Испания чемпиони, ЕЧЛ ва УЕФА Суперкубогида ғолиб чиқди.

2017 йил ёзида ҳужумчи «ПСЖ»га футбол тарихидаги энг қимматбаҳо (222 млн. евро) футболчи мақомида йўл олди ва Франциядаги барча совринларни қўлга киритди. Аммо ЕЧЛ у учун ҳамон забт этилмаган чўққи бўлиб қолмоқда. Неймар - 2016 йилдаги Олимпиада ғолиби, 2021 йилдаги Америка Кубоги турнирининг финалчиси. Лекин унда ҳам ЖЧ медаллари йўқ. Қатар мундиалида эса Хорватиядан енгилган Бразилия чорак финалдан кейин курашни тўхтатишга мажбур бўлди.

Килиан Мбаппе

Мбаппе Париж яқинидаги Бонди шаҳарчасида дунёга келди. Футболдаги илк сабоқни эса отасидан олди, кейин машҳур Клерфонтенга дадил йўл олди. Тьерри Анри ва Лилиан Тюрам каби афсоналар айнан шу даргоҳда таҳсил олганлар. Гарчи академия Мбаппелар уйидан бир неча ўн чақирим узоқликда бўлсада, ҳар куни отаси уни машғулотларга олиб борарди. Ана шу оворагарчиликлар беҳуда кетмади - 13 ёшли ўсмирни «Реал» ўз сафига чорлади. Лекин ёш иқтидор отасининг измидан чиқмай, таклифни рад этди.

Кейинчалик «Монако» 17га етмаган футболчи билан шартнома имзолади. Чунки Мбаппе катталар билан тенгма-тенг ўйнарди.

Узун оёқли ҳужумчи нафақат тезкорлиги, балки техник маҳорати ва тўп билан муомала қилиш бобида ҳам бошқалардан устун эди. Муҳими, Килиан - ўта сермаҳсул ҳужумчи. «Монако»нинг чемпион бўлиши ва ЕЧЛда ярим финалга қадар кўтарилишида унинг ҳиссаси беқиёс бўлди. 2017 йилда Мбаппе «ПСЖ»га кўтарилди ва Парижда ҳам етакчи ҳужумчи мақомига эришди. Фаолиятидаги энг асосий совринга Россия мундиалидаги ғалаба эвазига эришди.

Футболдаги энг йирик муваффақиятга Мбаппе 2018 йилда эришди - Россия мундиалидан жаҳон чемпиони унвони билан қайтди. Турнир якунида уни турнирдаги энг яхши ёш футболчи сифатида эътироф этишди.

Фаолиятидаги 2-мундиалда ҳам ҳужумчи ёрқин ва сермаҳсул ўйин кўрсатмоқда. Стартни у Австралия дарвозани забт этиш билан бошлаб, кейин дубль эвазига Дания устидан ғалабани таъминлади. Нимчорак финалдаги дубли туфайли Польша мусобақани барвақт тарк этди. Ярим финал йўлланмаси учун баҳсда ўзи гол урмаган бўлсада, жамоа муваффақиятига улкан ҳисса қўшди. Ҳозир Мбаппе Қатар мундиалининг етакчи тўпурари бўлиб турибди. 23 ёшли иқтидор соҳиби нафақат ЖЧ-2022 турнири, балки футбол оламининг энг ёрқин юлдузларидан бири эканлигига шубҳа йўқ.

Харри Кейн

Ҳикоямиз қаҳрамонлари орасида турнирни барвақт тарк этган 3 иштирокчининг бири. Англиялик ҳужумчи доимо «Тоттенхэм» мухлиси бўлган, болалик йилларини суюкли клуби стадионига қўшни бўлган уйда ўтказган. Тўғри, Гарри бир йил «тақачилар»нинг азалий рақиби бўлмиш «Арсенал» академиясида ҳам сабоқ олган ва «тўпчилар» ташаббуси билан таҳсилни тўхтатганди.

«Афсуски, Харрини ортиқча вазни учун чиқариб юборгандик. У дўмбоққина ва секинроқ ҳаракатланадиган болакай эди. Шу боис, катта футболда муваффақиятга эриша олмайди, деб ўйлагандик. Ўшанда биз жиддий хатога йўл қўйгандик», - деганди «Арсенал» академиясининг собиқ раҳбари Лиам Брэди.

Гарри таҳсил олишни «тақачилар» академиясида давом эттирди ва жамоанинг доимий аъзосига айланди. Қизиғи, 2013 йилда у ярим йил «Лестер» сафида тўп сурган ва ортиқча вазни (атиги 3 кг.) сабаб мураббий билан келиша олмаганди.

Кейннинг коллекциясида ЕЧЛ кубоги ҳам, «Олтин тўп»ҳам, АПЛнинг олтин медали ҳам йўқ бўлсада, уни замонамизнинг энг яхши ҳужумчиларидан бири сифатида ҳурмат қилишади. Гарри - сермаҳсул тўпурар, клубида ҳам, терма жамоада ҳам. 2018 Англия медаллардан, Евро,2020да ғолибликдан бир қадам ортда қолганди. Қатар мундиалига у сардор мақомида ва албатта, ғалабадан умидвор ҳолда ташриф буюрди. Гуруҳ босқичида жамоадошларини самарали узатмалар билан таъминлаб, нимчорак финалда гол уришни бошлади. Гарри чорак финалда Льорис дарвозасини ишғол этган бўлсада, ягона гол инглизларни мағлубиятдан қутқара олмади.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади. 

Ушбу мақола “ИнтерФУТБОЛ” нашрининг 15 декбрь куни сонида чоп этилганди.

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 09:25, 21.12.2022.
Ўқилди: 2291 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.