«2011-2013 йилларда республикада футболнинг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлар Дастури»га мувофиқ, Олмалиқда янги стадион қурилиши ишлари олиб борилмоқда.
2012 йилги Олий Лига баҳслари 14-туридан ўрин олган «Металлург» – «Пахтакор» ўйини билан Бекободда янги – «Металлург» стадиони очилиши бўлиб ўтди. Худди шу вақтда эса Тошкент вилоятининг бошқа бир шаҳри – Олмалиқда ҳам «Металлург» номли стадион қурилиши ишлари давом этмоқда.
12 минг томошабинга мўлжалланган бу стадион катта бир спорт мажмуасининг бир қисми бўлиши кўзда тутилган ва 2013 йилнинг март ойида фойдаланишга топширилиши режалаштирилмоқда.
Ташкилотчиларнинг сўзларига кўра, стадион ОФК Чемпионлар Лигасининг барча талабларига жавоб бера оладиган ҳолатда бўлади. Унда журналистлар учун барча шароитлар яратилган бўлиб, ўйиндан кейинги жараёнлар (микст-зона, матбуот анжумани зали)нинг ҳам Регламентларда кўрсатилгандек кечиши чоралари кўрилган.
«Олмалиқ» футбол клуби мухлислари 2013 йилдан бошлаб севимли жамоаларининг ўйинларини кечки вақтда бемалол томоша қилишлари ҳам мумкин бўлади. Янги стадиондаги ёриткичларнинг қуввати 1200 люксдан кам бўлмаслиги маълум қилинди (бу эса, ўз навбатида, ОФК Чемпионлар Лигаси талабларига айнан мос келади). Шу кунларда ёриткичлар жойлаштириладиган маёқлар ўрнатиб чиқилди.
Қуйида Олмалиқдаги стадион қурилиши майдонидан олинган фотосуратлар билан танишиб чиқиш мумкин.
Ҳозир стадионга киришда шундай манзарани кўриш мумкин.
Ёриткичлар жойлаштириладиган маёқларни ўрнатиш ишлари якунига етган.
Стадионда югуриш йўлаклари ҳам бўлади.
Марказий трибуна тўрт қаватдан иборат.
Айни вақтда трибуналар жойлаштириб чиқилмоқда.
Сўнгра ўриндиқларни жойлаштирилади.
Стадион юқоридан шундай кўринади.
Стадион қурилиш ишлари 2013 йилнинг март ойида якунига етади.