Кириш Регистрация
26/11 00:45 Венеция 0-1 Лечче
26/11 01:00 Ньюкасл 0-2 Вест Хэм
26/11 15:00 Ульсан Хёндэ 1-3 Шангхай Порт
26/11 15:00 Виссел Кобе 3-2 Сентрэл Кост
26/11 17:00 Бурирам Юнайтед 0-3 Кавасаки Фронтале
26/11 17:00 Шандонг Тайшан 1-0 Жоҳор Дорул Таъзим
26/11 19:00 Шаржа 3-1 Истиқлол Душанбе
26/11 21:00 Ас-Садд 1-1 Ал-Ҳилол
26/11 21:00 Аш-Шорта 1-3 Ал-Васл
26/11 21:00 Сепоҳон 1-1 Ал-Виҳдат
26/11 22:45 Слован 2-3 Милан
26/11 22:45 Спарта 0-6 Атлетико
27/11 01:00 Байер 5-0 Зальцбург
27/11 01:00 Бавария 1-0 ПСЖ
27/11 01:00 Янг Бойз 1-0 Аталанта
27/11 01:00 Барселона 3-0 Брест
27/11 01:00 Интер 1-0 РБ Лейпциг
27/11 01:00 Манчестер Сити 3-3 Фейеноорд
27/11 01:00 Спортинг 1-5 Арсенал

Танловга: Медаллар талвасаси

Баҳо:
+10 | -

1894 йили барон Пьер де Кубертен халқаро олимпия ҳаракатига асос солганида, бир томондан ҳаваскор спортни оммалаштиришни мақсад қилган бўлса, иккинчи томондан ҳалол спорт беллашувлари воситаси ила ер юзида тинчликни тарғиб этишни кўзлаган эди. Чунки урушлар остонасида турган XX аср бошида бу ғоялар жуда долзарб эди.

Бугунги кунга келиб олимпиада мусобақаларида ҳаваскор спортчиларга ўрин ҳам қолмади. “Муҳими ғалаба эмас, балки иштирок” - деган Кубертен ғояси аллақачон ахлатга ташлаб юборилди ва ким кўп олтин, кумуш, бронза медали соҳибига айланганини кўрсатувчи “умумжамоа медаллар ҳисобига” алмаштирилди. Олимпия мусобақаси пайтидаги муроса ва тинчлик келишувлари XX аср ўрталарига келиб АҚШ ва собиқ СССР давлатларининг спорт ареналаридаги даҳанаки жангларига алмаштирилди. Америка собиқ президенти Жон Кеннеди эса: “Мамлакат шон-шуҳрати жанг майдонида эмас, балки космос ва спорт майдонларидаги ғалабалар билан ўлчанади”, деган гапи билан оловга ёғ сепиб, бу курашга янада қаттиқ туртки берди.

Замонамиз Олимпия ҳаракатини таҳлил қиладиган бўлсак, у аллақачон каттакон бюрократия машинасига айланиб улгурганини кўрамиз. Олимпиада мусобақалари бошидан охиригача фитна, коррупция ва фирибгарликдан иборат бўлиб қолган. Ҳаммаси Олимпиада мезбонини сайлаш жараёнидаги порахўрликдан бошланиб, реклама шартномалари, телевизион хуқуқлар, спорт иншоотларини қуришдаги фирибгарликлар, спортчиларнинг ғирромликлари, медалларни “тақсимлаш”даги ҳакамларнинг нохолис қарорлари, допинг машмашалари билан тугамоқда.

Халқаро олимпия қўмитасининг собиқ президенти Хуан-Антонио Самаранчнинг ҳар бир Олимпиада мусобақасининг ёпилиш маросимида: ”бу олимпиада - тарихдаги энг яхши олимпиада бўлди”  деган гаплари турткисида, кейинги олимпиада мезбонлари аввалгисидан ўтиб кетиш учун бор кучини сарфлаб ҳаракат қила бошлади. Олимпиада мусобақаси - қурилиш фирмаларининг жанггоҳига айланди. Спорт иншоотларига, олимпия тураргоҳига миллиардлаб пуллар сарфлана бошланди. Ваҳоланки, уларнинг аксарияти мусобақа тугаганидан кейин хеч кимга керак бўлмай қолади. Олимпиаданинг очилиш ва ёпилиш маросими сиёсий томоша театрига айланиб кетди. Унда ҳар бир мезбон мамлакат ўзининг бошқалардан устунлиги ғояларини тарғиб қила бошлади.

Олимпиада дастурига хеч кимга қизиғи йўқ бўлган спорт турлари тиқиштириб ташланди. Буларни мухлисларга қизиғи бор ё йўқлиги билан эса хеч кимнинг иши бўлмади. Ҳозирги кунда олимпиада дастуридан 37 спорт тури ўрин олган бўлса, уларнинг аксарияти спортчиларнинг ўзи, ҳакамлар ва спорт амалдорларидан бошқа бирор кимсага керак эмас. Бир мисол, елканли спорт, академик эшкак эшиш, таэквондо, стол тенниси, бадминтон спортидан бирорта спортчининг исмини айта оласизми? Пляж волейболидан-чи? Чим устида хоккейда охирги марта ким олимпиада чемпиони бўлган? Камон отишда-чи? Бу спорт турларини биз хар тўрт йилда бир марта эслаймиз, лекин уларга миллионлаб маблағ сарф қилинади, ўнлаб медаллар ўйналади.

Олимпия мусобақаларини томоша қилган одамлар, мухлислар ва айниқса болалар телевизор экранлари олдидан туриб, спорт билан мунтазам шуғуллана бошлашлари, уларнинг қалбида спортга меҳр уйғониши керак. Лекин хозирги мусобақаларни кўрган одамлар спортчиларининг ғирромлигидан ранжиб, ҳакамларнинг нохақ қарорларидан ҳафсаласи пир бўлиб, асабийлашиб, қон босими ошиши натижасида, юрак ҳасталигига учраши, баъзилар эса спиртли ичимликларни истеъмол қилиб ёки тамаки чекиб, ўз соғлиқларига путур етказишлари сир эмас.

“Кичик арава катта араванинг изидан боради” - деган доно аждодларимиз. Бизда ўтказилаётган “Универсиада” ва “Умид ниҳоллари”га ўхшаган мусобақаларда ёши катта спортчиларни паспортини сохталаштириб, ёшини кичрайтириб мусобақаларга киритиш, спорт яхши ривожланмаган вилоятларда Тошкент шаҳридан спортчиларни олиб келиб, яшаш жойларини қалбакилаштириб, вилоят терма жамоаси таркибига киритиш, пора эвазига ҳакамларни ўз томонига оғдириш, спорт иншоотларини қуриш баҳонаси билан давлат бюджети маблағларини мақсадсиз йўлларга ишлатиб юбориш ёки ўзлаштириш каби иллатлар бизда ҳам борлиги кишини ташвишлантиради. Ажабо, ёши катта спортчига қалбаки гувоҳнома тўғирлаб, уни мактаб ўқувчилари мусобақасида қатнаштириш – бунга қандай баҳо бериш мумкин? Афсуски, бу мусобақаларда ёшларнинг ҳалол беллашишлари, иштирок этишлари учун ҳеч қандай шароит йўқ. Балки медаллар сонини ошириш йўлида ҳар қандай кўзбўямачилик ва ғирромликдан тап тортмаслик ғоялари устун.

Бугунги кундаги олимпиада ҳам спортчиларга ва спорт амалдорларига, дунёда якка ҳоким бўлишга интилаётган ва буни ўзича даъво қилаётган АҚШ, Россия ва Хитойга ўхшаган давлатларга, “бизнинг медалларимиз ҳаммадан кўп”- деб кўкрагига мушт урадиган “ватанпарвар”ларга керак. Улар ҳалол спорт беллашувларини – сиёсий ғирромлик кураши майдонига айлантириб улгуришган. Ҳакамларни пора ва ҳомийлик воситасида ўз томонига оғдириш, махфий лабораторияларда ҳеч ким топа олмайдиган допинг дориларини тайёрлаб, спортчиларга едириш – уларнинг асосий қуролига айланган. Улар олтин, кумуш ва бронза медаллари жадвалидаги рақамларни ошириш йўлида бир-бирини гўштини ҳам ейишга тайёрдирлар. Бу билан гўё дунёда ҳаммадан устун эканликларини “исботлашган”. Улар Пьер де Кубертен ғояларини аллақачон оёқости қилиб бўлишган.

Афсуски, олимпиада – спорт ва дўстлик байрамига эмас, балки халқаро масхарабозлик ва кўзбўямачилик томошасига айланиб қолди. Агар барон Кубертен тирик бўлганида, бундай олимпиада ташкилотчилари, спортчилар ва ҳакамларнинг башарасига тупурса, ҳечам ажабланмаган бўлардим.

«Тараллабедод»

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 10:11, 09.08.2012.
Ўқилди: 6280 марта.
Фикрлар: 18 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.