Кириш Регистрация
13/05 00:00 Страсбур 2-1 Метц
13/05 00:00 Клермон 0-1 Лион
13/05 00:00 Нант 1-2 Лилль
13/05 00:00 Монпелье 0-2 Монако
13/05 00:00 ПСЖ 1-3 Тулуза
13/05 00:00 Ренн 1-1 Ланс
13/05 00:00 Марсель 3-1 Лорьян
13/05 00:00 Бетис 3-2 Альмерия
13/05 19:00 Сурхон 1-1 Динамо
13/05 19:00 Насаф 0-0 Бунёдкор
13/05 21:30 Лечче 0-2 Удинезе
13/05 23:45 Фиорентина 2-1 Монца
14/05 00:00 Астон Вилла 3-3 Ливерпуль
14/05 00:00 Барселона 2-0 Реал Сосьедад
14/05 19:00 Локомотив - ОКМК
14/05 22:30 Осасуна - Мальорка
15/05 00:00 Тоттенхэм - Манчестер Сити
15/05 00:30 Реал Мадрид - Алавес
15/05 01:00 Жирона - Вильярреал
15/05 22:30 Севилья - Кадис
15/05 22:30 Райо Вальекано - Гранада
15/05 23:45 Брайтон - Челси
16/05 00:00 Ман. Юнайтед - Ньюкасл
16/05 00:00 Реймс - Марсель
16/05 00:00 Ницца - ПСЖ

Василис Хадзипанагис - яхшилар аро энг яхшиси!

Баҳо:
+ | -

Грециянинг энг йирик спорт нашри - Gazzeta.gr мамлакатда ўйнаган тарихдаги энг яхши футболчини аниқлаш учун алоҳида сўров ўтказди.

 Халқаро миқёсдаги ушбу жараён натижасига мувофиқ, ўзбек футболи афсонаси Василис Хадзипанагис «ЯХШИЛАРНИНГ ЭНГ ЯХШИСИ» сифатида тан олинди. Юксак эътироф!

Василис Хадзипанагис - бу исм-фамилия Греция ва Ўзбекистонда ўзини футбол мухлиси деб ҳисоблайдиганларга яхши таниш, албатта. Уни кўпчилик ҳалигача буюк футболчи сифатида улуғлайди. Грециянинг энг нуфузли спорт нашри сўровига келсак, у 1980-2022 йиллар оралиғида мамлакат миллий чемпионатида қатнашган ва юнонистонлик мухлислар қалбидан жой олган футболчилар орасида энг яхшисини аниқлаш учун ташкил этилди. Ушбу халқаро сўровда хорижлик юлдузлардан бири ёки маҳаллий футболчи ғолиб чиқиши тахмин қилинганди. Бинобарин, ўтган асрнинг 80-йилларидан эътиборан Греция чемпионатида дунёнинг турли мамлакатларидан ташриф буюрган кўплаб буюк легионерлар ҳам фаолият юритишган. Мисол тариқасида, Бразилия терма жамоаси билан жаҳон чемпионатида ғалаба нашидасини суришган Ривалдо ва Жильберто Сильва, Испания­нинг «Барселона» клуби тарихида чуқур из қолдиган бразилиялик яна бир юлдуз Жованни, Франция футболининг ёрқин намояндалари Кристиан Карамбё ва ҳамда Жибриль Сиссени тилга олиш мумкин. Бундайлар жуда кўп - «Атлетико»нинг чемпионлик мавсумида энг яхши футболчи мақомини олган югославиялик Милинко Пантич, Аргентина, Польша, Норвегия, Португалия, Венгрия ва бошқа кўплаб мамлакатлар терма жамоалари вакиллари...

Умуман, кўплаб етук ижрочилар номзоди муносиб кўрилгани боис, сўров ташкилий қўмитаси биринчи босқичда мухлислар ёрдами билан 50 нафар энг яхши футболчи рўйхатини шакллантирди. Шу тариқа сўровнинг иккинчи раундида мухлислар ҳукмига «ЯХШИЛАРНИНГ ЭНГ ЯХШИСИ»ни танлаб олиш ҳавола этилди. Айтиш ўринли, бунда интернет тармоғи орқали очиқ овоз бериш тамойилига амал қилинди. Оддий айтганда, сўров кенг қамровли тус олиб, нафақат Греция фуқаролари, балки хориж мамлакатларида яшовчи греклар ҳам овоз бериш имкониятига эга бўлишди. Эътиборлиси, барча 50 нафар номзод футболчи портрети ва уларнинг қисқача биографик маълумотлари ҳам интернетга жойлаштирилди. Сўров материаллари (https:||www.gazzet-ta.gr|top-greek-football-players-poll)ни кўриб чиқиш асносида даъвогарлар қаторида энг ёши катта футболчилардан бири Василис Хадзипанагис эканлигини пайқаш мумкин. Бундан таш­қари, яна шуниси ҳам эътиборга моликки, ўзбек футболи тарбияланувчиси Грецияда мухлислари унча кўп саналмаган клубда ўйнаган. Охирги «ноқулай» ҳолат шуки, 50 нафар даъвогар рўйхати овоз бериш учун юнон алифбоси тартибида тақдим этилди. Шунга мувофиқ, Василис Хадзипанагис 49-қаторда кўрсатилди.

Асосийси, Грециядаги ҳақиқий футбол мухлислари (бутун дунёдаги греклар ҳам) Василис Хадзипанагисни «ЯХШИЛАРНИНГ ЭНГ ЯХШИСИ» сифатида танладилар. Қолаверса, собиқ «пахтакорчи» сўровда энг яқин таъқибчиси - польшалик Вазехни катта фарқ билан ортда қолдирди. Сўровда 3-ўрин бразилиялик жаҳон чемпиони ва «Олтин тўп» соҳиби Ривалдога берилганини ҳам айтиш керак. Тақдирлаш маросимида ғолибга махсус сов­рин топширилганидан сўнг Gazzeta.gr таҳририяти нашр­нинг YouTube канали «Интервю» саҳифасида Василис Хадзипанагис ва юнон журналистлари ўртасидаги видеомулоқотни ҳавола қилди. ОАВ вакиллари афсона билан суҳбат чоғи сўров натижалари улар учун «сюрприз» эмаслиги, аксинча, кутилган ҳолат эканлигини алоҳида таъкидлашди. Суҳбат якунида Василисга битта қизиқарли савол билан мурожаат қилишди: «Истеъдод ўз йўлига, бунингсиз иложи йўқ. Айтингчи, сизни футболчи сифатида қаерда кўпроқ шакллантиришди - бу ер (Греция)дами ёки у ерда (собиқ иттифоқ - Ўзбекистон - Тошкент)да?» Хадзипанагис эса ўйлаб ўтирмай, дарҳол жавоб берди: «Албатта, собиқ иттифоқ - Ўзбекистон - Тошкентда».

Василис Хадзипанагис 1954 йилнинг октябрь ойида Тошкентда туғилган. Унинг отаси кипрлик, онаси эса грециялик. Улар иккинчи жаҳон уруши тугаганидан бир неча ой ўтиб, Грецияда бошланган қонли фуқаролар урушидан қочиб, эмигрантлар сифатида Тошкентга кўчиб келишга мажбур бўлишганди. Василис ёшлигиданоқ футболда катта умид уйғота бошлади. Фантастик тезлик ва дриблинг салоҳиятига эга болакай тўпни оҳанрабодек ўзига тортарди, гўё. Шу тариқа Тошкент ҳовлиларида дўстлари билан ўйнаб юрган ёш болакай дарҳол қатор жамоаларнинг селекционер мураббийлари эътиборига тушди. Тошкент «Динамо»си ҳаммадан илдамроқ ҳаракат қилди, аммо Василис бу жамоада узоқ қолмади. Хуллас, 1972 йили 17 ёшли Хадзипанагис «Пахтакор» сафига қўшилди, аммо бунга қадар иттифоқ фуқаролигини қабул қилишига тўғри келди. Чунки бу профессионал футболга киришнинг асосий шарти эди. Якунда «Пахтакор»да шаклланган Хадзипанагис - Ан - Фёдоров ҳужум триоси рақибларга чинакам бошоғриғи бўлди. Василис Тошкент жамоасида деярли 4 йил ўйнади. У шу вақт давомида жами 96та учрашувда майдонга тушиб, 22та гол урди. Хадзипанагис ва унинг жамоасининг энг яхши лаҳзалари 1975 йилнинг кузига тўғри келди. Ўшанда «Пахтакор» собиқ иттифоқ чемпионати доирасида бир неча ой олдин Европа Кубок эгалари кубогини қўлга киритган Киев «Динамо»сини қабул қилиб, 5:0 ҳисобида ғалаба қозонганди. Айтишларича, «Олтин тўп» соврини таъсисчиси - нуфузли France Football журнали вакиллари ўша ўйинни стадионда кўришган ва собиқ иттифоқнинг энг яхши футболчилари рўйхатида Олег Блохиндан кейин иккинчи ўринда Хадзипанагис туришини эътироф этишган. Эслатма, 1975 йили «Олтин тўп» айнан Блохинга топширилганди. 

1975 йилнинг охирида Хадзипанагис Грецияга кўчиб кетди. У Грецияга футболчи эмас, ватанга қайтган эмигрантлар оиласи вакили сифатида йўл олганди. 22 ноябрь куни эса қаҳрамонимиз «Ираклис» клуби билан шартнома тузди, 1 йилдан кейин мамлакат кубогини боши узра баланд кўтарди. 1985 йили эса ўша пайтда ўтказилган Болқон кубоги турнири ғолибига айланди. 

2003 йили УЕФАнинг 50 йиллиги муносабати билан Европадаги ҳар бир миллий ассоциациядан мамлакат тарихидаги энг яхши футболчини аниқлаш сўралди. Греция футбол федерацияси эса айнан Василис Хадзипанагисни танлади. Шу тариқа ўзбек футболи тарбияланувчиси Бобби Мур, Альфредо ди Стефано, Йозеф Масопуст, Эйсебио ва бошқа афсоналар қаторидан жой олди. Оддий айтганда, Василис Хадзипанагис 2003 йили Грециянинг 50 йилликдаги энг яхши футболчиси сифатида тан олинди! Умуман, Хадзипанагиснинг футболдаги хизматлари анча кеч, у бутсаларини михга илганидан кейин тан олинди. Бу ҳам  Василиснинг бутун фаолиятидаги ўзига хос акс-садодир...

Мавлон ШУКУРЗОДА

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 10:00, 05.01.2023.
Ўқилди: 1214 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.