Кириш Регистрация
16/06 18:00 Польша - Нидерландия
16/06 20:00 Сўғдиёна 1-0 Насаф
16/06 20:00 Пахтакор 0-0 Навбаҳор
16/06 21:00 Словения 1-1 Дания
16/06 23:59 Сербия 0-1 Англия
17/06 18:00 Руминия - Украина
17/06 20:00 Локомотив - Динамо
17/06 20:00 Олимпик - ОКМК
17/06 21:00 Бельгия - Словакия
17/06 23:59 Австрия - Франция
18/06 21:00 Туркия - Грузия
18/06 23:59 Португалия - Чехия

Пойдевор

Баҳо:
+5 | -

1968 йилги футбол мавсуми «Манчестер Юнайтед» учун жудаям омадли келди. Клуб Европа Чемпионлар кубоги финалида «Бенфика»га қарши ўйнади. Ўйин 4:1 ҳисобида инглизларнинг ғалабаси билан якунланди. Ўйин тугагач, майдон марказида уч киши бир-бирларининг қўлларини ушлаб, кўзларини юмиб туришар, кўзларидан ёш оқарди.

«МЮ»нинг ўйинларини узоқ вақт кузатиб келган ҳар қандай мухлис бу ҳолатдан таъсирланмай қолмасди. Бу уч киши — Мэтт Басби, Билл Фоулкс ва Бобби Чарльтон эдилар. Бу уч киши 1958 йили содир бўлган Мюнхен авиаҳалокатидан тирик қолгандилар ва буюк эҳтимол уларни, марҳум дўстларини кўз олдиларига келтираётгандилар. Ўзаро ичилган қасамни бажарганликларидан шод эдилар. Бу кубокда ўша тўққиз футболчининг улуши борлигини ўйлаётгандилар. Бу кубок аслида ҳеч нарса эмаслигини, айни пайтда эса ҳамма нарса эканини ҳис қилиб тургандилар. «Уэмбли»ни тўлдириб ўтирган 98 000 футбол мухлиси ҳам ўрнидан турди ва бир-бирининг қўлидан тутди. Бу ҳолат хотира ва миннатдорчиликнинг бир пайтдаги кўриниши эди.

— Қасам амалга оширилди, — деганди кейинчалик Бобби Чарльтон, — биз фожеавий ўлим топган дўстларимизга берган сўзимизнинг устидан чиқа олдик. Бу ҳаётимдаги энг муҳим ғалаба бўлиб қолади.    
Бу сўзлар икки йил олдин жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан футболчининг тилларидан янграётганди.

***

Баъзилар Ватанимиз озодлигини осонликча қўлга киритдик, деб гапириб қолишади. Йўқ. Фикримча, бундай тарихий аҳамиятга молик воқеалар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Ўша кунгача, айнан ўша кун учун умрини сарф қилган, қурбон қилган, ўша куннинг ҳаракатида вафот этган, ўша кунни орзу қилган барча инсонларнинг тўкилган қон ва кўз ёшлари, заҳматлари, армонлари озодлик учун пойдевор бўлиб хизмат қилади. 

Эҳ-ҳе, не-не кунларни кўрганди бу халқ. Бир кечада саводсизга айланди, бир неча йилда зиёлилари «душман» бўлди. Отаси «қулоқ қилинган» қизалоқ тўйидан бир ой ўтмай, ёрини урушга, бедарак кетишга кузатди. Мансабидан фойдаланиб, ўғлини афғон шамолидан асрашни ўзига эп кўрмаган, ватанпарвар раис икки йил ўтиб, «пахта иши» орқасидан қамалди. Не-не кунларни кўрмади бу халқ...

Мана шундай синовлар орқали халқ катта воқеаларга тайёрланади, лойиқ бўлиб боради ва бир кун келиб, бахтга эришади ҳам. Эришганлар елкасида эса янаям катта масъулият бўлади. Виждон назорати, Иймон салтанати, Аждодлар хотираси, Авлодлар омонати...

***

Ўша куни ҳамма йиғлаганди. Фақат ўша куни йиғлаганлар ҳам бор мухлислар ичида. Отасининг йиғлашини илк бор кўриб ҳайрон бўлиб қолган болакайлар ҳозир улғайган, сўрасангиз, айтиб беришади. «Йигирма икки тентак бир тўп орқасидан югуриб юришини» томоша қилаётган эрини тушунмай, елка қисадиган аёл ўша куни мана шу футбол туфайли унинг йиғлаётганини кўрди. Футбол мухлислар учун нима эканини қайсидир маънода ҳис қилди.  

«Бу шумхабарни эшитгач, аввалига ишонмадим. Уйга зўрға етиб келдим. Авзоимдан танишлар ҳам қўрқиб кетганди, улар мени ҳеч қачон бу аҳволда кўрмаганди. Тинчликми, деб сўради қўшним. «Пахтакор» ҳалок бўлди!»... «Кимлар?»... «Ҳаммалари!»... Уввос солиб йиғлаб юбордим», деб эслайди барчамиз учун устоз саналган Ахбор Имомхўжаев. У киши бу воқеани ҳозиргача йиғламасдан айтиб бера олмайдилар. Қизиғ-а, ўз яқинларини хотиржам ва ширин кулги, энтикиш билан эслаб гапириб ўтирадиган одамзот уларни йиғламасдан ҳикоя қилиб беролмаса? Шунчалик яқинмиди-а улар биз учун? Шунчалик алам қилганмиди-а, ўшанда? 31 йил шунақа оз вақтмидики, биргина ярага малҳам бўла олмаса? Кўзёшнинг умри 31 йилдан ҳам узоқ бўларкан-а?   

Катталар айтиб беришади кўпинча, ўша воқеадан кейин янги тузилган «Пахтакор» Тошкентда илк учрашувни «Динамо» (Тбилиси)га қарши ўтказган экан. Ўша ўйин олдидан сухандон ҳалок бўлган таркибни бирма-бир ўқиган ва ҳар бирининг исми айтилганда, унинг рақамидаги футболчи майдонга тушиб келган экан. Ўзини зўрға тутиб турган сухандон Фёдоровнинг исмини ўқиётиб, чидай олмаган, уввос солиб йиғлаб юборган. Бутун стадион унга жўр бўлган. Ҳамма йиғлаган. Ҳамма. Улар бунга арзирдилар. Ҳаммалари...

Айтишларича, Сирожиддин Бозоров ҳалокатдан бир кун олдин ўринбосарлар билан учиши керак экан. Аммо ўша куни Самарқаддан отаси ўғлини кўргани келади ва мураббийдан ўғлининг эртанги рейс, асосий таркиб билан учишини илтимос қилади. «Ўғлимнинг дийдорига тўя олмадим, яна бир кун мен билан қолсин», деганди ўшанда ота! Эҳ, ота-я...

Айтишларича, 1979 йилги таркибнинг асосий ўйинчиларидан бўлган, аммо баъзи сабабларга кўра ўша машъум сафарга бормаган Тўлаган Исоқов ҳалокатдан кейин янгиланган таркиб билан ҳам майдонга тушган. Лекин кўп ўйнай олмаган. Футболни ташлаган.

— Мен энди «Пахтакор»да ўйнай олмайман, — деганди ўшанда Тўлаган Исоқов. — Ҳаракат қилиб кўрдим, бўлмади. Тўпни янги таркибда 11-рақамда ўйнаётган футболчига ошираман-да, Фёдоров эсга тушаверади. 3-рақамли ҳимоячидан тўпни қабул қиламан, кўзим ўнгида шу рақамда ўйнаган мар­ҳум Олим Аширов пайдо бўлаверади. Бунақада жинни бўлиб қолиш ҳеч гап эмас. 

***

Сергей Покатилов 1975 йилда оғир жароҳат олади. Аммо унинг иродаси ва қатъийлиги орқага чекинишга йўл қўймайди ҳамда орадан уч йил ўтиб, 1978 йилги чемпионатнинг иккинчи даврасидан бошлаб асосий таркибдаги ўрнини қайтариб олади.  Тошкентга келмасдан олдин, шифокорлар Юрий Загуменнихнинг ҳаётини зўрға сақлаб қолишганди. Аммо бу ҳаёт ногиронлик тамғаси остида ўтиши кераклиги қатъий талаб қилинади ва унга пенсия тайинланади. Футболчининг ақл бовар қилмас иродаси натижасида у катта футболга қайтади. Владимир Макаров Душанбеда футбол ўйнай бошлаган, кейинчалик эса Одессанинг «Черноморец» жамоаси сафидан жой олди. Ҳатто ярим ҳимоячи бўлишига қарамасдан, 1976 йилда 13 гол билан жамоанинг мавсумдаги тўпурари ҳам бўлганди. Макаров «Пахтакор»га ҳар жиҳатдан мос келганди, у жамоавий футболчи эди ва бу жамоадошлари билан тезда тил топишида ва жамоанинг ажралмас бўлаги бўлиб қолишида муҳим аҳамият касб этганди. Олим Аширов «Пахтакор»га 17 ёшида келганди ва ҳимоя марказидан жой олганди. Ҳимоячи бўлишига қарамасдан, у ҳужумга ҳам тез-тез қўшилар, бир нечта муҳим голлар муаллифига айланганди. Николай Куликов футболдаги илк қадамларини Москвада қўйганди, 1974 йилда эса Ўзбекистонга келиб «Хон­қа», «Янгиер» каби жамоаларда ўзини кўрсатди. 1977 йилда «Пахтакор»га таклиф қилинди ва ҳимоячи сифатида жамоанинг олий лигага қайтишида ўз улушини қўшди. Равил Агишев футболчи сифатида Бухорода тарбия топди, 16 ёшида эса «Пахтакор»нинг ўринбосарлар таркибида майдонга туша бошлади. 1978 йилдан эса асосий таркиб ўйинларида майдонга туша бошлади. 

Шуҳрат Эшбўтаев 1978 йилги ўринбосарлар таркибидаги сермаҳсул ўйинлари орқали мураббийлар назарига тушганди. Асосий таркибда ҳам йўқолиб қолмади, асосан захирадан майдонга тушганига қарамасдан, учта гол муаллифига айланганди. Ҳар учала голини сафардаги ўйинларда киритган ва ҳали ўзбек мухлисларининг олқишларига сазовор бўлиб улгурмаганди. Владимир Собировни ўша пайтларда Хоразмнинг «Хонқа» жамоасининг бош мураббийи Сергей Доценко тавсия қилганди. «Пахтакор»­да ҳам у йўқолиб қолмади, аста-секин асосий таркибга кириб бораётган эди. Сирожиддин Бозоров балки Минскда ўзининг асосий таркибдаги илк учрашувини ўтказиши керак эди. Виктор Чуркин 1976 йилда таркибга қўшилган ва асосий таркибнинг барқарор ўйинчиларидан бирига айланди. Чунки у бунгача олий лига баҳсларида тажриба тўплаб улгурган ва ҳатто СКА (Ростов) таркибида мамлакат кубоги финалида майдонга тушганди. Константин Баканов «Пахтакор»даги илк ўйинини 1972 йилда, 18 ёшида ўтказганди. Истеъдодли футболчи, футбол мактабида унинг илк устози «Пахтакор»нинг 60-йиллардаги ҳимоячиси Акмал Азизхўжаев эди. Александр Корченов жамоанинг етакчиларидан бири, қийин вазиятларда ўзида куч топиш ва жамоани олдинга бошлаш қобилиятига эга эди. У «Пахтакор» таркибида 200га яқин ўйинларда майдонга тушган ва мухлисларнинг севимли футболчисига айланганди. Михаил Ан бутун мамлакатда тан олинган, ном қозонган футболчи эди. У собиқ иттифоқ ёшлар терма жамоасига Капиани билан биргаликда, катта ёшли футболчилар лимити учун жалб этилганди ва жамоа сардори сифатида зафар қучганди. Владимир Фёдоров «Пахтакор»да ўйнаган ўйинчилар орасида терма жамоага энг кўп жалб қилинган футболчи эди. Тошкентликлар 1-лигага тушиб кетганларида ҳам, Лобановский уни термага чақиришни тўхтатмаганди. Идгай Тезитдинов футболчиликни тугатгач, мураббийлик соҳасида ишлай бошлади ва нимадир уни «Пахтакор»га доим тортарди. У жамоага қайтди ва иккинчи мураббий сифатида ишлай бошлади. Ўша «нимадир» уни орамиздан олиб кетди. Аммо қалбимиздан эмас. Шунингдек, жамоа администратори Мансур Толибжонов ва врач Владимир Чумаковлар ўша мудҳиш авиаҳалокат қурбонига айлангандилар.

***

Ёш авлод учун юқорида ёзилган сатрлар балки анча оддий туюлар, жалб ҳам этмас. Лекин аниқ биламанки, ўша жамоанинг ўйинини кўриш бахтига муяссар бўлган мухлисга бошқача таъсир қилади. Бунақалар жуда кўп. Айнан мана шу жамоа туфайли футболга ошно тутинган ва ҳалигача «Пахтакор» деганда юраги ҳапқирадиган, ундан воз кеча олмайдиганлар исталганча топилади. Айнан мана шулар туфайли, ҳозирги футболчилардан ўшаларнинг ғайратини ахтариб, футболдан безиб кетганлар ҳам кўп. Сканворд ечиб ўтириб, АН ёзувига кўзи тушганда, томоғига бир нарса тиқиладиганлар бор. Корченов, Собиров, Бакановларнинг ўғиллари катта бўлиб, футбол майдонларида пайдо бўлгач, уларга чин дилдан мухлислик қилган ва кўзларидан оталарининг нигоҳини излаганларни танийман. Улар мақолани ўқишгани ҳам йўқ. Улар исмларни ўқишди холос, уёғига қалбларида ўзларининг мақолалари ёзила бошланди. Дард билан ёзилган мақола. Қоғозга тушириб бўлмайдиган мақола.

Таниқли адиб Ўткир Ҳошимов айтганди: «Ҳақиқий асарнинг ўз мусиқаси бўлади. Айнан ўша мусиқа ўқувчини ўзига жалб қилади, асар ўқилиш жараёнида элас-элас чалиниб туради». Бу тўғри гап бўлса керак. Мана шу исмларда ҳам қандайдир мусиқа бор. «Пахтакор-79» мусиқаси, футбол мусиқаси, мухлислар дарди...
Йиллар ўтди. Биз ҳар йили уларни хотирлаймиз. Турнирлар ўтказамиз, тадбирлар уюштирамиз. Биз уларни яхши кўрамиз, деймиз, йиғлаймиз. Шу орқали уларнинг хотираси олдида ўзимизни оқлагандек бўламиз. Аммо...

Хотира бунақа бўлмаслиги керак аслида. Айтайлик, инсон ўз ота-онасига муносиб фарзанд бўлиш учун нима қилиши даркор? Кўчага чиқиб, ҳаммага уларни яхши кўришини айтиши, вафот этганда ҳаммадан баланд йиғлаши керакми? Йўқ. Қачонки, фарзанд ўзининг ахлоқи билан, ҳалоллиги билан ном қозонса, ўша ота-онасига раҳмат олиб беради ва бурчини бажарган ҳисобланади. Бу ҳамма биладиган оддий ҳақиқат. Хўш, ўша «пахтакорчилар»нинг мақсадлари нима эди? Ўзбек футболини юқорига кўтариш. Биз уларнинг бу мақсадини бажариш йўлида виждонан ҳаракат қилиш орқалигина хотирани мукаммал равишда адо этган бўламиз.

***

Ҳар қандай ҳолат ҳам инсонни орзу қилишдан қайтара олмайди. Бир кун келади, бир вақт­лар ўша «пахтакорчилар»нинг иккинчи уйи бўлган «Пахтакор» стадионида қандайдир уч ёки беш футболчи буюк ғалабасини ўша манчестерликлар каби нишонлайди. Бир кун келади, юртимизда ўша дақиқалар учун жонини бериб ҳаракат қиладиган футболчилар кўпаяди. Бир кун келади, биз ўша ғалабамизга осонлик билан, фақат кимнингдир қарори, кимнингдир тактикаси, кимнингдир голи орқали эришмаганимизни пайқаб турамиз. Ҳаммасини эслаймиз. Ҳаммаларини эслаймиз. 

Ўқимасдан «профессор» бўлган Анни ҳам... Нарпай қолиб бутун ўзбекни йиғлатган Сирожиддини ҳам.  Орзулари осмонларга сиғмай портлаб кетган Шуҳратни ҳам... Чемпион жамоа чақирганда ҳам биринчи лигадаги «Пахта­кор»ни танлаган Фёдеровни ҳам. Бошқаларни ҳам... Ўзбек футболига бўлган садоқатига мукофот қилиб бир шиша ароқни олган Красницкийни эслаймиз ўшанда. «Ўзбек бомбардири» сифатида бутун собиқ иттифоқни зир титратган Биродар Абдураимовни унутмаймиз. Бутун фаолиятини терма жамоага бахшида этиб, сўнгги голи бесамар кетган Миржалол Қосимовни ҳам ёдга оламиз. Чиройли голлари кераксизга айланаверадиган омадсиз Ширшов ўтади хаёлимиздан... Аввалданоқ Касильясга қиёсланса-да, испан дарвозабони каби йиғлаш насиб этмаётган Нестеров кўз ўнгимизда бўлади. Мағлубиятларга кўмилиб ҳам, эртадан умид қилиб, стадионга келаверадиган мухлисларнинг севинчли нигоҳлари таъқиб қилади ўшанда...  

Мана шулар эмасми ўша ғалабамизга замин ҳозирлаган, халқ­ни ғалабаларга тайёрлаган? Осонми ғалаба қозониш? Осонми ғолиб бўлиш? Мен орзу қилавераман ва ижобатига ишонаман. Мен дуо қилавераман ва ижобатига умидворман. Чунки ижобат қиладиган Зот шундай қудратлики, бутун дунё тиш-тирноғи билан қаршилик қилса ҳам, асло кор қилмайди!

Қаҳрамон Асланов
2010 йил
Киритилди: 16:23, 11.08.2012.
Ўқилди: 6015 марта.
Фикрлар: 7 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.