Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида 12 август куни ХХХ ёзги Олимпия ўйинлари якунланди.
Мустақиллигимизнинг 21 йиллигига катта тайёргарлик кўрилаётган шу кунларда Ўзбекистон спортчилари ХХХ ёзги Олимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этиб, эркин ва обод Ватанимизнинг энг улуғ, энг азиз байрамига муносиб туҳфа ҳозирлади. Лондон Олимпиадасида мураккаб саралаш босқичларидан муваффақиятли ўтган 53 нафар олимпиячимиз спортнинг ўн беш тури – бадиий гимнастика, трамполин, велоспорт, сузиш, енгил атлетика, оғир атлетика, байдарка ва каноеда эшкак эшиш, бокс, дзюдо, таеквондо, эркин ва юнон-рум кураши, ўқ отиш, қиличбозлик ҳамда теннис бўйича беллашувларда иштирок этди.
Замонавий Олимпия ўйинлари илк марта Греция пойтахти Афина шаҳрида ташкил этилган. 1896 йилнинг 6-15 апрель кунлари ўтказилган ўша мусобақаларда ўндан зиёд мамлакат вакиллари спортнинг тўққиз тури бўйича ғолиблик учун куч синашган.
Бугунги кунда Олимпия ўйинлари дунёнинг барча қитъаларига ёйилган энг нуфузли ва оммавий мусобақага айланди. Барча мамлакатлар ушбу нуфузли спорт анжуманида иштирок этишни хоҳлайди, шунга ҳаракат қилади. Лекин бу ўйинларда қатнашиш, айниқса, медалларга сазовор бўлиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди.
Бу йилги Олимпия ўйинларида дунёнинг 204 мамлакатидан спортчилар иштирок этган бўлса, уларнинг 119 таси совринлардан бебаҳра қолди. Фақат 85 давлатнинг спортчиларигина шоҳсупага кўтарилди.
Улар орасидан олтин медални қўлга киритганлар янада кам – 54 тани ташкил этди. Аҳолиси 1 миллиард 300 миллион бўлган Ҳиндистондан мусобақаларда 83 нафар спортчи иштирок этди ва улардан бирортаси олимпия олтин медалини қўлга кирита олмади. Ёки Олимпия ўйинларининг ватани – Греция Лондонга ўн тўққиз спорт тури бўйича 103 нафар олимпиячини сафарбар этганига қарамай, фақат бир жуфт бронза медал билан кифояланди. Олимпия ўйинларида мунтазам қатнашиб келаётган Миср Араб Республикасининг 113 нафар олимпиячиси эса атиги иккита кумуш медалга сазовор бўлди.
Ушбу кўрсаткичлар қиёсида ўзбек спортчиларининг ХХХ ёзги Олимпия ўйинларида қўлга киритган ютуқлари сони ва салмоғи қанчалик юқори экани намоён бўлади, деб ўйлаймиз.
Ўзбекистон спортчилари ютуқларининг асосий омили Президентимиз Ислом Каримов томонидан спорт ривожига қаратилаётган улкан ғамхўрлик ва эътибордир. Мамлакатимизда оммавий спортни ривожлантириш орқали халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, халқаро майдонларда Ватанимиз шарафини ҳимоя қилишга қодир спортчиларни тарбиялашга устувор вазифа сифатида аҳамият қаратиб келинмоқда. Бунинг самарасида юртимизда соғлом ва баркамол авлод вояга етмоқда, ёш спортчиларнинг янги авлоди майдонга чиқмоқда. Спортчиларимиз ёзги Олимпия ўйинларидан ҳеч қачон медалсиз қайтмаган. 1996-йилдан буён Олимпиадаларда мустақил жамоа сифатида иштирок этаётган олимпиячиларимиз Атланта, Сидней, Афина, Пекин ва Лондондаги ўйинларда бешта олтин, бешта кумуш ва ўн битта бронза медалга сазовор бўлган.
Давлатимиз раҳбарининг 2009 йил 5 январда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси спортчиларининг 2012 йил Лондон шаҳри (Буюк Британия)да бўлиб ўтадиган ХХХ ёзги Олимпиада ва ХIV Паралимпиада ўйинларида иштирок этишга тайёргарлиги тўғрисида”ги қарорига биноан спортчиларимиз жаҳон стандартларига мос янги спорт анжомлари билан таъминланди. Замонавий меъёрлар асосида ташкил этилган ўқув-машғулот йиғинларини ўтади, халқаро мусобақаларда тажриба ва маҳоратини оширди. Уларнинг юқори спорт тайёргарлигини таъминлашга кўмаклашувчи илмий-услубий, тиббий-биологик тадқиқотлар ўтказилди.
ХХХ ёзги Олимпия ўйинларида дунёга донғи кетган ўзбек спортчилари – дзюдо бўйича икки карра жаҳон чемпиони ва Осиё ўйинлари ғолиби Ришод Собиров, бокс бўйича икки карра жаҳон чемпиони Аббос Атоев ва эркин кураш бўйича Пекин Олимпиадаси кумуш медали совриндори Сослан Тигиев Ўзбекистон спорт делегацияси ҳисобига биттадан бронза медал қўшдилар.
– Ҳар қандай халқаро мусобақада Ватан шарафи учун майдонга чиқиш биз, спортчиларга улкан фахр-ифтихор бағишлайди, – дейди Аббос Атоев. – Мамлакатимизда ёшларнинг барча соҳаларда бўлгани каби спортда ҳам ўз иқтидори ва истеъдодини намойиш қилиши, тажриба ва маҳоратини ошириши учун ҳар томонлама қулай шарт-шароит яратилган. Бундай улкан эътибор ва ғамхўрлик бизни ҳамиша шоҳсупа сари бошлайди.
ХХХ ёзги Олимпия ўйинларининг энг муҳим воқеаларидан бири эркин кураш мусобақаларида рўй берди. Дунёнинг энг забардаст эркин курашчилари иштирок этган 120 килограмм вазн тоифасидаги баҳсларда ўзбек полвони Артур Таймазов спорт оламида кам кузатиладиган тарихий натижани қайд этиб, учинчи маротаба Олимпия ўйинлари олтин медалини қўлга киритди.
Артур Таймазов ғалабаси шарафига ХХХ ёзги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи кўтарилиб, Давлат мадҳияси янгради.
– Беллашувлар олдидан Ватанимиз – Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 21 йиллигига Олимпия ўйинлари олтин медалини туҳфа қиламан, деб ўзимга сўз берган эдим, – дейди уч карра Олимпия чемпиони Артур Таймазов. – Сўзимнинг устидан чиққанимдан, Лондон Олимпиадасида Президентимиз Ислом Каримов ишончини яна бир бор оқлай олганимдан бахтиёрман.
А.Таймазов ёзги Олимпия ўйинларининг эркин кураш беллашувларида уч маротаба олтин медални қўлга киритган дунёдаги учинчи полвон сифатида жаҳон спорти тарихидан жой олди. Бундай шараф эркин кураш мусобақалари ёзги Олимпия ўйинлари дастурига киритилган 1904-йилдан буён фақат икки спортчи – беларуслик Александр Медвед ва россиялик Бувайсар Сайтиевга насиб этганди.
Артурнинг улардан устун томони шундаки, ҳамюртимизнинг медаллар жамланмасида Афина, Пекин ва Лондон Олимпиадаларининг олтин медалларидан ташқари, 2000 йили Сиднейда қўлган киритилган кумуш медал ҳам бор. Бу кўрсаткич бўйича ўзбекистонлик полвон дунёдаги ягона эркин курашчидир. Шунингдек, машҳур полвонимиз жаҳон чемпионатларида иккитадан олтин ва кумуш, битта бронза медалга сазовор бўлган, икки карра қитъа чемпиони ва Осиё ўйинларининг уч карра ғолибидир.
Спортда натижалар нафақат куч ва маҳоратга, балки омадга ҳам боғлиқдир. Лондонда бир гуруҳ олимпиячиларимизнинг шоҳсупадан жой олишига озгина омад, бир неча сония етишмади, холос. Велошоссе бўйича маррага бешинчи келган Сергей Лагутин ғолибдан саккиз сонияга ортда қолди. Боксчилар Элшод Расулов, Жасур Латипов, Ўктам Раҳмонов ва Фазлиддин Ғойибназаров, дзюдочи Рамзиддин Саидов, эркин курашчи Қурбон Қурбоновга медални қўлга киритиш учун бир ғалаба, енгил атлетикачи Светлана Радзивилга баландликдан сакраб ўтишга уч сантиметр камлик қилди. Каноэда эшкак эшиш бўйича икки карра жаҳон чемпиони Вадим Менков, оғир атлетикачи Руслан Нуриддинов тўртинчи, Иван Ефремов эса бешинчи ўринни эгаллади.
Ульяна Трофимованинг бадиий гимнастикачиларимиз орасида биринчи бўлиб Олимпия ўйинларида гиламга чиққани, хотин-қизлар ўртасидаги оғир атлетика беллашувларида юртимиз вакиласи Мария Сисоеванинг илк бор қатнашгани, қиличбозлик бўйича эркаклар ўртасида шпага баҳсларида иштирок этган биринчи ўзбек спортчиси – Руслан Кудаевнинг Осиё чемпиони, жаҳон кубоги ғолиби ва жаҳон чемпионати совриндори Кёнгду Паркни (Жанубий Корея) мағлубиятга учратгани ҳам халқаро спорт мутахассислари томонидан Ўзбекистон спортининг улкан ютуғи сифатида баҳоланди. Мамлакатимизнинг энг кучли ракетка устаси Денис Истомин Олимпия ўйинларида кетма-кет икки учрашувда ғалаба қозонган биринчи теннисчимиз бўлди.
Умуман олганда, спортчиларимиз ХХХ ёзги Олимпия ўйинларида ўз маҳорати, тажриба ва салоҳиятини кенг намоён этиб, Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди. Норасмий ҳисоб-китоблар бўйича умумжамоа ҳисобида олимпиячиларимиз 47-ўринни эгаллади. Бу МДҲ давлатлари орасида олтинчи, Осиё қитъасида еттинчи кўрсаткичдир. Спортчиларимизнинг Лондон майдонларида қўлга киритган ютуқлари халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами – Ватанимиз мустақиллигининг 21 йиллигига муносиб туҳфа бўлди.
Энди бутун дунё мамлакатлари спортчиларини 2016 йилда Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўладиган навбатдаги ёзги Олимпия ўйинлари чорлайди.
Зоҳир Тошхўжаев. ЎзА. Лондон.