Кириш Регистрация
18/05 19:00 Қизилқум 2-4 Олимпик
18/05 19:00 Андижон 1-1 Металлург
18/05 21:00 Лечче 0-2 Аталанта
18/05 23:45 Торино 3-1 Милан
19/05 00:00 Алавес 1-0 Хетафе
19/05 15:30 Сассуоло - Кальяри
19/05 18:00 Монца - Фрозиноне
19/05 18:00 Удинезе - Эмполи
19/05 20:00 Манчестер Сити - Вест Хэм
19/05 20:00 Шеффилд Юнайтед - Тоттенхэм
19/05 20:00 Арсенал - Эвертон
19/05 20:00 Брентфорд - Ньюкасл
19/05 20:00 Брайтон - Ман. Юнайтед
19/05 20:00 Бёрнли - Ноттингем Форест
19/05 20:00 Челси - Борнмут
19/05 20:00 Кристал Пэлас - Астон Вилла
19/05 20:00 Ливерпуль - Вулверхэмптон
19/05 20:00 Лутон - Фулхэм
19/05 21:00 Интер - Лацио
19/05 22:00 Валенсия - Жирона
19/05 22:00 Вильярреал - Реал Мадрид
19/05 22:00 Атлетик Бильбао - Севилья
19/05 22:00 Атлетико - Осасуна
19/05 22:00 Барселона - Райо Вальекано
19/05 22:00 Бетис - Реал Сосьедад
19/05 22:00 Кадис - Лас-Пальмас
19/05 22:00 Мальорка - Альмерия
19/05 22:00 Гранада - Сельта
19/05 23:45 Рома - Женоа
20/05 00:00 Лорьян - Клермон
20/05 00:00 Монако - Нант
20/05 00:00 Лилль - Ницца
20/05 00:00 Лион - Страсбур
20/05 00:00 Реймс - Ренн
20/05 00:00 Ланс - Монпелье
20/05 00:00 Тулуза - Брест
20/05 00:00 Гавр - Марсель
20/05 00:00 Метц - ПСЖ
20/05 21:30 Салернитана - Верона
20/05 23:45 Болонья - Ювентус

Танловга: ОФК комиссияси ҳаммасидан қониқдими?

Баҳо:
+-1 | -

Кутилганидек, 2-8 август кунлари ОФК тафтиш комиссияси олий лигамизда иштирок этаётган 12та клубнинг («Пахтакор» ва «Бунёдкор»дан ташқари) иш юритиш услуби билан яқиндан танишди. Олти кишидан иборат комиссия аъзолари 12та клубнинг ҳаммасига бирма-бир бориб, мавжуд камчиликларни ўрганди. Сафар давомида ОФК вакилларига ПФЛ етакчи мутахассислари Алексей Фролов билан Александр Давиденко ҳамроҳлик қилишди. Комиссия бир ҳафта ичида ўз ишини битириб кетди, энди келаси йил Ўзбекистонга халқаро мусобақаларда нечта ўрин берилишини билиш учун ҳар галгидек ноябрни кутамиз. Ҳозирча эса тафтиш қандай ўтгани-ю, меҳмонларга нима маъқул келгани ва нима маъқул келмагани хусусида ўз фикримизни билдириб ўтмоқчимиз.

КЛУБЛАРНИ ТЕКШИРИШДАН МАҚСАД НИМА ЭДИ?
Комиссия келиб кетди ҳамки кўпчилик улар нима учун келишганини тушунмай қолаверди. Стадионларни нега текширишди, клубларнинг ҳисобот ишлари билан нима учун қизиқишди, клуб устави (низоми) билан танишиш, маркетинг бўйича ишларни суриштириш уларга нима учун керак бўлиб қолди ўзи каби саволларни кўп эшитдик. ОФК комиссияси келиши ҳақида тахминан майнинг ўрталарида хабар топгандик. ПФЛ ҳар бир клубга расмий хат йўллаб, комиссия августда келиши мумкинлигини билдирган ҳамда шунга яраша тайёргарлик кўриш лозимлигини уқтирганди. Жиддий тайёргарлик кўриш учун нима ишлар қилиш лозимлиги хатга илова тариқасида жўнатилганди. Шундан сўнг олий лиганинг барча клублари ишга чуқур шўнғиб кетишди. Ҳужжатлар ўзбек (ёки рус) ва инглиз тилида тайёрланди.

Комиссиянинг иши шундан иборат бўлдики, футбол клуб ривожи учун бажарилаётган амалий ишлар қоғоздаги гап-сўзлар билан қанчалик мос келишини аниқлаш. Шунингдек, ўтган бир йил давомида клублар олдинги камчиликларни қай даражада бартараф этишган, умуман клуб бир йил ичида бир қадам олдинга ташлаганми, буни ҳам билиш меҳмонлар учун қизиқ эди албатта. Бизга маълум бўлишича, ОФК инспекцияси қайси давлатга бормасин, ўша ердаги футболни ўрганади, клублар инфратузилмаси билан яқиндан танишади ва шунга қараб чемпионлар лигаси учун ўринлар тақсимланади. Масалан, бу йил бизга ОЧЛ учун 3+1 ўрин ажратилди, келаси йил нима бўлишини эса ҳозирча билмаймиз. Лекин эшитишимизча, ўринлар сони камайиши мумкин экан. Чунки йиғилишлардан бирида ПФЛ бош директори Фарҳод Магометов «Келаси йил бизга 1+1 ўрин берилади» дея айтиб ўтди.

КЛУБЛАР ФИКРИ: ҲАММАСИ ЯХШИ ЎТДИ
ОФК тафтиш комиссияси қайси жамоага бормасин, эртаси куни ўша клубнинг расмий сайтида комиссия келгани ҳақида хабар ёзилди. Қизиғи шундаки, ҳеч қайси клуб комиссия бизнинг ишимизни салбий баҳолади деб ёзмади, аслида ёзмасди ҳам, ахир комиссия аъзолари фақат умумий камчиликларнигина айтиб ўтишди. Кўп нарса уларнинг аслида нимани ўйлаётганига боғлиқ. Комиссия ўз ишининг охирги куни матбуот анжуманида иштирок этди. Ўша куни мен олий лиганинг қайси жамоасида расмий сайт бўлса, бирма-бир кириб комиссия борасидаги хабарларни ўқиб чиқдим. Барча сайтларда ҳаммаси яхши ўтгани-ю, комиссия аъзоларида клубда олиб борилаётган ишлар илиқ таассурот қолдиргани ёзилган. Лекин аслида-чи? Аслини олганда олий лига клублари комиссия келяпти деб жиддий ишлашга киришиб кетишди. Мана энди улар кетди, ҳозир исталган стадионга боринг: эски ҳаммом – эски тос. Аксарият ўйингоҳларда журналистлар билан мухлисларнинг кириши ҳалиям айро қилинмаган. Аммо комиссия учун биз йўлларни айро қилиб кўрсатдик. Ўзимизнинг ривожимиз учун эмас, ОФК учун шундай қилдик. Юқоридан гап тегиб қолишидан қўрқдик. Футболчилардан кичик интервью олса бўладиган микст-зоналар тайёрлаб қўйдик, лекин ҳозир ўша микст-зона бор бўлгани билан ўйиндан кейин футболчидан интервью оладиган журналистнинг ўзи йўқ.

Яқин бир танишимнинг айтишича, Саудия, Эрон ва ҳатто Иорданияда клубларнинг ўзи ўсишни хоҳлашяпти, улар ОФК комиссиясидан муваффақиятли ўтиб олиш учун эмас, ўзлари ривожланиш учун жон куйдиришмоқда экан. Афсуски, биз ҳаммасини комиссия учун бажаришга ўрганиб қолганмиз. Комиссия келиб текширмагунча фалончи ишларни қилишимиз керак деган гап бировнинг парвойига ҳам келмайди. Савол туғилади: нега шундаймиз?

КОМИССИЯ НИМАДАН РАНЖИДИ?
Юқоридаги саволнинг биринчи жавоби шундаки, охирги пайтларда ҳаракатдан тўхтаб қолдик. Эндиликда келажак борасида режалар тузмаяпмиз, бошга тушганни кўз кўрар қабилида иш тутишни маъқул деб биляпмиз. Аслида-ку, ОЧЛда бизга нечта ўрин берилишини ОЧЛда қатнашишни мақсад қилаётган клублардан ташқари бошқа кимгадир қизиғи бормикин? Баъзиларнинг айтишича, бир томондан кам ўрин берилгани маъқул. Шунда олий лига тақвими бир тизимга тушиб олади ва ҳар ким ўйинни ўзи хоҳлаган кунга қўйиб ўзини ҳам, бошқаларни ҳам овора қилиб ўтирмайди. Иккинчидан эса чемпионлар лигасида муносиб қатнашиш учун олий лига савияси ҳам шунга яраша бўлиши керак. Олимпиада ўйинлари мисолида кўрдик, Япония ва Кореяда футбол қанчалик ривожланаётганини. Биздаги ўйинлар тезлиги уларнинг соясига ҳам тўғри келмаяпти.

ОФК вакиллари қай бир клубга боришмасин, албатта етарли миқдорда камчиликларни топишди. Аммо камчиликлар фақат ўша клубларга тегишли бўлгани учун ҳам бу ҳақда аниқ маълумотга эга эмасмиз. Шу боис умумий масалалар ҳақида суҳбатлашсак. Биласиз, тафтиш аъзолари юртимизга учинчи йил келишди. Улар билан ҳар гал суҳбатлашганимда шуни тушуниб етдимки, бизда энг аввало маркетинг сиёсати ўта паст даражада. Бизнинг аксарият клубларда турли компаниялар билан ҳамкорлик шартномаси тузилмаган. Ўзбекистонда ҳамма жамоалар давлат қарамоғидаги клублар ҳисобланади, ташкилот МЧЖ бўлгани билан давлат томонидан бириктирилган ҳомий томонидан ажратилаётган йиллик бюджет эвазига футбол жамоалари кун кўришмоқда. Бизда маркетинг қисман «Пахтакор» ва «Бунёдкор» бор. Лекин қолганларда бу соҳа айтарли йўлга қўйилмаган. Негаки клублар ҳозирча маркетинг йўналишига эҳтиёж сезаётгани йўқ. Фараз қилинг, отангиз ҳар ойда сизга 1 миллион сўм беряпти, ўзингизни ўтга-чўққа уриб ишлагингиз келадими? Йўқ, албатта. Футболда ҳам шундай: маркетинг нега ишламаяпти деб сўралса, ҳомий керакли пулни бериб турибди, ҳозирча шунинг ўзи маъқул деган жавоб янграйди. Аммо ОФКнинг талабига кўра, футбол клублари фақат ҳомийга қараб қолмасдан ўзлари ҳам пул топишни ўрганишлари керак. Шундагина олдинга силжиш бўлади.

Биздаги оғриқли нуқталардан яна бири клублар олий лига ўйинларини ТВга пуллашмайди. Аксинча, баъзан ТВ пул талаб қилади. Бизда олий лига ўйинларининг нархи йўқ, ҳаммаси текин. Худди кинода айтилганидек, «Бемалол кўраверинглар, пули тўланган». ОФК эса биздан лига ўйинларини сотишни талаб қиляпти. Малайзиядаги катталарнинг фикрича, профессионал футболда ФУТБОЛ текин бўлмаслиги керак. Биз эса баъзан стадионга киришни бепул қилиб қўйяпмиз, ишқилиб мухлис келса бўлди деган маънода.

ХУЛОСА ЎРНИДА
ОФК комиссияси ўзбек клубларининг бугунги ҳолатидан қониқдими-йўқми, бу ҳақда аниқ бир гап айта олмаймиз. Албатта, уларнинг қанчалик қониқишгани ноябрь ойига келиб маълум бўлади. Агар ҳозиргидек 3+1 кўринишини сақлаб қолсак, ажойиб иш бўларди, лекин ўринлар сони камаядиган бўлса, демак шунга лойиқ баҳоланган бўлиб чиқамиз. Юқорида айтилганидек, бизга ўринларнинг кам берилиши чемпионлар лигасида қатнашишни астойдил истаётган жамоалардан бошқаларни кўп ҳам ташвишга солмаяпти. Чунки олий лиганинг аксарият клублари футболдан нолийдиган аҳволда эмаслар, улар бир маромда олий лигада иштирок этиб туришибди, ҳомий пулни вақтида беряпти, ойлик маошлар кечикмай тўланяпти, шундай экан ортиқча ташвиш шартмикин. Хуллас, кўп ҳам шошиш керак эмас, ҳаммаси секин-аста бўлади.

Хайрулла ХОЛИҚОВ

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 09:02, 18.08.2012.
Ўқилди: 4867 марта.
Фикрлар: 34 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.