Жанубий Корея футбол ассоциацияси Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан ўйин учун мамлакат бош жамоасининг пойтахт Тошкентга ташрифи ҳақида маълумот жўнатди. Унга кўра делегация уч қисмга бўлинган ҳолда Тошкентга етиб келади.
31 август куни терма жамоа бошлиғи Хйонгчае Ким ва жамоа менежерининг ёрдамчиси Сунгхо Син Тошкентга етиб келади. Орадан тўрт кун ўтиб, аниқроғи 5 сентябрь куни бош мураббий Кангхи Чой хамроҳлигида Жанубий Корея миллий чемпионатида тўп сурадиган терма жамоага аъзо футболчилар ва бошқа расмий шахслар ташриф буюради. Мактубда жамоа расмийлари сони 14та экани қайд этилган. Кей лига футболчилари эса 10тадан 15тага қадар бўлиши мумкин.
Ниҳоят делегациясининг учинчи қисмини Европа ва бошқа континентларда тўп сураётган футболчилар ташкил қилади. Уларнинг сони 8тадан 13тага қадар бўлиши мумкин. Мазкур легионер футболчилар 4 сентябрдан эътиборан терма жамоа ихтиёрига қўшилишни бошлайди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Жанубий Кореяга қарши ўйини 11 сентябрь куни 18:00да «Пахтакор» стадионида бошланади. Рақиб жамоа делегацияси 13 сентябрь куни ортга қайтиб кетади.













