Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Красницкийнинг туғилган кунига: Генани хотирлаб...

Баҳо:
+3 | -

Бугун ўзбек футболининг ХХ асрдаги энг яхши футболчиси Геннадий Красницкийнинг туғилган кун. Ўзига хос "пушка" бугун ҳаёт бўлганида 72 ёшга тўлган бўларди. Бугунги мақола айнан ўзбек футболининг афсонасига бағишланади.

Терма жамоаларимиз гол уришга қийналган пайтларда, жарима тўплари оддий вазиятга айланганда, Осиёнинг ўртамиёналари ҳам Тошкентдаги стадионга қўрқмасдан тушиб келаётганда, биз футболчиларни айблаймиз. Қани янги Красницкийлар, Абдураимовлар деб жар соламиз. Футболчиларимизда ватанпарварлик етишмайди, деймиз. Аммо барчасига ўзимиз айбдормиз, чунки, биз бойликни асрашни, уни қадрлашни билмаймиз. Ватанни севиш фақат мадҳия куйлашда, ёки йиғлаб туриб “мен ватанни севаман” дейишда эмас. Ахир итни ҳам бошқа жойга оборсангиз кечаси билан увиллаб чиқадику! Ҳақиқий ватанпарварлик юртига, миллатига тегишли ҳар қандай жавоҳирини қадрлашда, ўз мулкидек муносабатда бўлишда намоён бўлади.

Дунёнинг Пелеси, Аргентинанинг Марадонаси, французларнинг Платиниси бор. Франц Баккенбауер ўзининг “Кайзер” лақабига эга бўлишида ҳам асосий ролни майдондаги ажойиб ўйини сабаб бўлган. Акс ҳолда қанчадан қанча мураббийларни кўрмади немис футболи.

Бизнинг Красницкиймиз бор. Биз уни Ўзбекистоннннг 20-асрдаги энг яхши футболчиси деб эълон қилдик. Уни эслаб турамиз. Аммо...

Геннадий Красницкийнинг болалиги Тошкентдаги “Пишевик” стадионида ўтганди. Ёшлигидан бирга катта бўлган мактабдоши ва қўшниси, келажакдаги жамоадоши Виталий Суюнов уни стадионга етаклаб келганди. Ўшандаёқ ўзида бомбардирлик қобилиятини намоён этиб турган Геннадийнинг “Пишевик” жамоаси мураббийи Ермаков назарига тушиши қийин бўлмади.

-Гена ўшанда ўн уч ёшда эди. Унинг гол уриш маҳорати мени ва бошқаларни ҳайратга солди. Айнан унинг ҳаракатлари туфайли жамоамиз 1954 йилдаги барча мусобақаларда ғолиб чиққанди ва деярли барча голларни Гена урганди, -деб хотирлайди Г.Ермаков.

1956 йилда “Пахтакор” сафида илк учрашувини ўтказган қаҳрамонимиз жамоанинг етакчисига айланди ва 1960 йилда собиқ Иттифоқ олий лигасига олиб чиқди.

Ўша мавсум Красницкийга аталди. Ўша мавсумда “Пахтакор”нинг дастлабки ўнта голини фақат Красницкий урганди ва бутун мавсумда 19 тўп киритиб, олий лига бомбардирлари ичида иккинчи бўлди. Кейинги мавсумда ҳам у 20 та тўп киритди. У ҳақида мураббийц Келлер шундай деганди:

-У футболда ҳамма нарсани биларди ва қила оларди. Унинг маҳорати шу даражада эдики, менимча, биз унинг бор салоҳиятининг учдан бирини ҳам кўрмаганмиз.

У мамлакатнинг турли терма жамоаларида ўйнади. Айниқса унинг мамлакат терма жамоасидаги иккинчи голи ақл бовар килмас воқеалардан бири сифатида тарихга кирди.

-Учрашувнинг 82-дақиқаси эди, -ҳикоя қилади Красницкий, -дарвозадан чамаси йигирма метрлар масофада Лобановскийни чалиб йиқитишди. У мени олдимга келди ва “Гена, сен теп” деди.

Эртаси куни маҳаллий “Коррео” газетасида қўйидаги сўзлар босилиб чиқди.

“Агар тўп дарвозабонга текканида, “Кристал” жамоаси бошқа дарвозабон излашига тўғри келарди”

Зарба шунчалик кучли эдики, дарвоза тўрини тешиб ўтиб кетганди. “Кристалл”нинг мураббийи Диди гол бўлмаганлигини айтарди ва ҳакам иккиланиб қолди. Дарвоза тўридаги тўп ҳажмидаги тешик барчасини ойдинлаштирди.

1966 йилда, Москванинг “Спартак” дарвозасига ҳам у ажойиб тўп киритганди. Майдон марказида меҳмонлар дарвозаси томон жарима тўпи белгиланади. Тўпни Геннадий тепишга ҳозирланади ва узоқ вақт тайёргарлик кўради. Унинг кучли зарбасидан хабардор бўлган рақиб ўйинчиларидан бири жонли девор ўрнатишга ҳаракат қилади. Аммо, дарвозабон Владимир Маслаченко, жонли девор шарт эмаслигини айтади. Красницкий узоқдан югуриб келади ва унинг кучли зарбасини Маслаченконинг жон жаҳди билан ташланиши ҳам қайтара олмайди.

“Спартак”нинг ўша пайтлардаги сардори Геннадий Логофет хотирлайди:

-Унинг дарвозамизга майдон марказидан тўп киритганини яхши эслайман. Ўшанда ҳеч ким Маслаченкони айблай олмаганди. Чунки, бундай зарбалар қайтариб бўлмас тоифага кирарди.

Эътибор беринг, майдон марказидан тепилган зарба ҳақида гап бормоқда!.

Унинг жарима тўплари ҳақида таниқли журналист Лев Филатов ҳикоя қилади: “Тўпни узоқ вақт жойига ўрнатарди, анча узоққа орқага юрарди. Зарба бериш учун югуришни бошлаганда, гўёки ер қимирлагандек бўларди, томошабинлар жим қолишарди. Дарвозабон асабийлашишдан ўзини тўхтата олмас, жонли девор эса “сочилиб” кетишга тайёр турарди ва кўпинча шундай бўларди -ҳар тарафга тарқаб кетишарди. Тўпнинг учиши деярли кўринмасди ва агар, тўғри борса, аниқ гол бўларди”

1997 йилда Москвада чиқарилган футбол энциклопедиясида у ҳақида қуйидагилар ёзилган:

“60-йиллардаги “Пахтакор”нинг етакчи ҳужумчиси. Ўз даврининг энг серқирра футболчиларидан бири. Жисмонан бақувват бу футболчи ўзининг қатъияти ва тўп учун курашувчанлиги билан ажралиб турган. Фаолиятининг дастлабки йилларида ўзининг тезлиги, кучли зарбаси ва таранлик хусусиятлари билан муваффақият қозонган бўлса, кейинчалик, тактик томондан ҳам салоҳиятини намойиш эта олди. Жарима зарбалари устаси”

Ҳақиқатдан ҳам у фаолиятининг дастлабки қисмида таран футболчи сифатида эътибор қозонди ва йигирма саккиз ёшида футболни тарк этди. Чунки, унинг тезлиги ва кучи бироз йўқолган ва гол уриши қийинлашиб қолганди. Ўша пайтларда юздан ортиқ тўп киритган футболчилар аъзо бўладиган Федотов клубига криш учун атиги еттита гол қолган бўлса-да, у ўйнашни хоҳламади. 1968 йилги мавсумни “Пахтакор” Геннадийсиз бошлашга мажбур бўлди.

Ўша пайтларда “Динамо” (Минск) Мустигин деган ҳужумчи ўзини кўрсата бошлади. Биринчи даврада энг кўп тўп киритган 31 ёшли футболчи қўйидаги маънода интервью беради:

-Ҳужумчи нафақат юқори тезлик ва зарбага, балки техникага ҳам эътибор қаратиши лозим. Масалан, Тошкентда Красницкий деган футболчи бор эди. Асосан ўзининг жисмоний тайёргарлиги ва зарбаси туфайли яхши ўйнаб юрганди. Ёши ўтиб, унда кучли зарба ва тезлик пасайгач, ҳеч нарса қила олмади ва уни ҳозир футболимизда кўрмаяпмиз. Мен эса техник жиҳатдан кучли бўлганим учун ўттиз бир ёшда бўлсам ҳам гол уришда давом этяпман ва албатта Федотов клубига аъзо бўламан.

Гена бу сўзларни эшитганми ёки йўқми, билмадим, аммо ўша мавсумнинг иккинчи давраси олдидан у яна машғулотларга киришди. Энди у бошқача эди. У кўпроқ плеймейкерлик хусусиятларини намойиш эта бошлади ва яхшигина техника соҳиби эканлигини кўрсатиб қўйди. “Пахтакор”нинг ўйини Абдураимовга қаратила бошлаганди ва Геннадий бу схемада ҳам йўқолиб қолмади. Жарима зарбалари эса ҳамон ўша-ўша эди. Шу тақлид у яна уч йил ўйнади, киритган голлари сонини юзтадан оишриб ўша клубга ҳам аъзо бўлди, Мустигин эса майдонда ва тарихда йўқолиб кетди.

Келинг, замондошларининг у ҳақидаги фикрлари билан танишайлик:

Владимир Перетурин:

“У шундай футболчи эдики, мухлислар уни томоша қилгани боришарди. Унинг зарбалари ҳақида афсоналар, латифалар тўқиларди, футболда “Красницкий муаммоси” деган масала долзарб бўлиб, ҳар қандай рақибни таҳликага соларди. У футболда энг ёрқин изларни қолдирди”

Анатолий Бишовец:

“Тошкентликлар билан ўйин олдидан, барча тренерлар Красницкий тўп сурадиган жамоага қарши бир дақиқа бўлса ҳам бўшашмаслигим лозимлигини уқдиришарди. У бир ўзи учрашув тақдирини ҳал қила оларди ва барчасини кутилмаганда қиларди- финт, пас ва асосийси зарбани.

Константин Бесков:

“Менга бу йигит ёқарди. У фақат бомбардир эмас, тактик жиҳатдан ҳам кучли эди. Менимча, у Европанинг ҳар қандай кучли клубида ўйнаб кета оларди.

Вячеслав Кольцов:

“У ўзининг йирик гавдаси ва қўпол нутқи билан ҳам нозик қалб эгаси эди. Уни хафа қилиш жуда осон эди”

Ҳа азизлар, биз уни хафа қилгандик. У футболдан кейин аянчли ва ачинарли ҳаёт кечирди ва ичкилик орқасидан вафот этди. Маст ҳолатда юқори қаватли уйдан пастга қулади. Бу унинг кучсиз характер эгаси эканлиги сабабли бўлдими?

Авияҳалокатга учраган пахтакорчилар ҳақида кўп ёзамиз, хотирлаймиз. Камида йилда бир маротаба. Айбдорларни излаймиз. Ўзимизни жабрланувчидек тутамиз, ўшалар ўлмаганда футболимиз янада ривожланарди, чемпион бўлардик, деймиз ҳаммага. Нега биласизми? Чунки, улар ўйнаб турган пайтларида вафот этишган. Яъни улар бизга майдонда керак эдилар. Улар биз учун футболчи эдилар, шу холос. Инсон сифатида ҳеч ким.

Рад этманг. Ноҳақ бўлсам, нега Геннадийни асрай олмадик. Уни фақат майдонда олқишладик. Кейинчи? У бир футболчи эди. Уни дунё бўйлаб кўз-кўз қилишни билардик, аммо, майдон ташқарисида у бизга керак эмасди. У авваламбор инсон эди, ёшлигини, болалигини етимликда, камбағалликда ўтказганди. Унинг бир тепиб, дарвоза тўрини тешганини ҳамма гапирарди-ю, жаҳон урушида отасидан айрилганини, онаси ёлғиз ўғилни боқаман деб не куйларга тушганини кўпчилик билмасди. Уни хотини ташлаб кетганди. У айта олмасдики, “хурматли раҳбарлар, мураббийлар, футболни тарк этсам ннма бўлади, оиламни қандай боқаман”, деб.

У футболни севарди. “Пахтакор”ни севарди. Тошкентни севарди. Аммо, бунинг учун ҳеч нарса талаб қилмасди. У бор кучини ўзи туғилиб ўсган ватанининг равнақи йўлида сарфлади ва мухлислар олқишига сазовор бўлди. Фаолиятидаги барча голларини у фақат “Пахтакор” таркибида киритди. Айнан шунинг учун ҳам, Собиқ Иттифоқда унга бироз панжара ортидан қарашарди. Айби нима эди? У кўпгина, ҳатто, ўзидан анчагина истеъдодсизроқ бўлган футболчилар йўлини тутмади. Уни қўлга киритиш учун Киевнинг ҳам, Москванинг ҳам “Динамо”лари, ЦСКА жамоалари қанчалик ҳаракат қилганликларини тасаввур қилишимиз мушкул.

Аммо, Гена фақат битта байроқни, битта клубни тан оларди. Унинг даражасига чиқиб, бундай йўл тутганларни бутун футбол тарихини титкилаб ҳам топа олмайсиз. У барча рекордларини “Пахтакор” дафтарига ёзиб қўйди. Унинг учун футбол касб эмасди, футбол бу минглаб мухлислар қувончи эди ва бу қувончнинг бир бўлаги унинг елкасида эканлигини биларди.

Мен юқорида бежиз Пеле-ю Платиниларни эсламадим. Уларни қанчалик қадрлашяпти кўринг. Чунки улар талаб қилишни биладилар. Инсон қизиқ, футболчи майдонда қийналса, сабаб ахтарамиз, талаб қиламиз, маслаҳат берамиз. Уни йиқитган ҳимоячини сўкамиз, ҳакамни айблаймиз, заҳирада қолдирган мураббийдан аламимизни оламиз. Аммо, ҳаётда қоқилсачи? Уни турғазиб қўймаймиз. Айбдорни қидирмаймиз, маслаҳат ҳам бермаймиз, ачиниб қўямиз холос. Чунки, биз унинг анор сиққандек барча сувини сиқиб шарбатини олиб бўлганмиз, энди у кераксиз буюмга айланган бўлади. Ачиниб қўямиз. Бу ҳолимизга аслида, ўзимиз ачинарлимиз.

У футболдан кетди. Пойтахт кўчаларида бемақсад кезди. Уни мухлислар таниб қолишар ва олдига югуриб келишарди. Нима учун? Юлдузнинг “тириги”ни кўриш учун, у билан бир стакан ароқ ичиб, мақтаниб юриш учун. Бечора Гена эса, текин ароқ топилганидан хурсанд бўларди.

Унинг тақдири футболга беғубор муҳаббат қўйган Гарринчанинг фожеаси каби интиҳо топди. У орамиздан кетди.

Қаҳрамон Асланов

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 10:54, 27.08.2012.
Ўқилди: 5450 марта.
Фикрлар: 9 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.