Лондон шаҳрида (Буюк Британия) ўтказилаётган XIV ёзги Паралимпия ўйинларида бугун тўртинчи кунги мусобақалар ўтказилмоқда.
Бугунга келиб мамлакатимизнинг 5 нафар вакили дзюдо, сузиш, енгил атлетика ва пауэрлифтинг спорт турлари бўйича ўтказилган мусобақаларда иштирок этиб, делегациямиз ҳисобида хозирча битта кумуш медал мавжуд.
Эътироф этиш керакки, “Лондон-2012” Паралимпия ўйинларида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилаётган 10 нафар юртдошимиздан фақатгина Равил Диганшин (енгил атлетика) “Пекин-2008” ўйинларида қатнашган. Қолган спортчиларимиз учун мазкур йирик спорт байрами дастлабкиси ҳисобланади.
Қувонарлиси, бу жиҳат спортчиларимизни иштирокига сезиларли даражада таъсир кўрсатмаяпти. Яъни, дунёнинг мана-ман деган спортчилари билан мусобақалашишдаги кузатиладиган ҳаяжон, ҳадиксираш вакилларимизда сезилаётгани йўқ. Буни эса, шу кунга қадар кўрсатилган натижалар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Жаҳон чемпионати ҳамда ПараОсиё ўйинларида совринли ўринларни қўлга киритган дзюдочимиз Шариф Халилов ўзига билдирилган ишончни Паралимпия-2012 ўйинларида ҳам тўла-тўкис оқлади. Ўрта вазнда татамига чиққан ҳамюртимиз, биринчи беллашувда 2009 -2010 йиллардаги Панамерика ўйинлари совриндори Маурисио Брисенони (Венесуэла), чорак финалда “Пекин-2008” Паралимпия ўйинлари совриндори, жаҳон чемпиони Рудолфо Рамиресни (Аргентина), ярим финалда эса жаҳон ва Европа чемпионатлари ғолиб ва совриндори Шахбан Қурбоновни (Россия) муддатдан аввал “иппон”, яъни соф ғалаба билан мағлуб этиб, ўзбекнинг мард баҳодирлари нималарга қодир эканлигини амалда яна бир бора исботлади. Ушбу муваффақият Ўзбекистон спорти тарихида Паралимпия ўйинларида эришилган дастлабки кумуш медали сифатида зархал ҳарфлар билан битиладиган бўлди. Энг қувонарлиси, Шариф Халиловнинг оламшумул муваффақияти мамлакатимизда Истиқлолнинг 21 йиллик байрами кенг нишонланаётган кунда қўлга киритилди.
“Бугунга кунга келиб нимагаки эришган бўлсам, ҳаммаси мустақиллик шарофати билан эришилди – дейди “Паралимпия-2012” ҳамда “ПараОсиё-2010” ўйинлари совриндори, жаҳон чемпионати бронза медали соҳиби Шариф Халилов. Мендан кўпинча муваффақиятларнинг асосий омили нимада деб сўрашади. Шунда мен, Ўзбекистонда жисмоний тарбия ва спортга Давлат томонидан катта эътибор қаратилишини, Президентимиз томонидан биз спортчиларга кўрсатилаётган алоҳида ғамхўрликларни, яратилган шароитларни фахр ва ифтихор билан сўзлаб бераман. “Лондон-2012” ўйинларига йўл олар эканмиз, мухтарам юртбошимизнинг, “Соғ-саломат бориб, яхши ҳушхабарлар билан қайтинглар” деган сўзлари қалбимдан ўрин эгаллади ва Паралимпия ўйинларидаги дастлабки муваффақиятга айнан энг улуғ, энг азиз байрамимиз Мустақилликнинг 21 йиллиги кенг тантана қилинаётган кунда эришганимдан жуда ҳам бахтиёрман”.
Ўзбекистон делегациясининг ҳисоби Паралимпия ўйинларининг дастлабки медали билан бойиган кун яна бир ҳамюртимиз Кирилл Панков ҳам совриндорлар сафидан ўрин эгаллашига жуда яқин эди. 100 метр масофага баттерфляй усулда сузиш мусобақаларида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Кирилл, дастлаб саралаш кейин эса финал мусобақаларида иштирок этди. Гарчи умидли спортчимиз совриндорлар сафидан ўрин эгалламаган бўлсада, икки бор Осиё рекордини ўрнатишга муваффақ бўлди.
Кирилл Панков учун ҳали мусобақалар тугагани йўқ. 3 сентябрь куни у 100 метр масофага чалқанча усулда сузиш баҳсларида стартга чиқади. Мазкур мусобақанинг саралаш баҳслари Тошкент вақти билан соат 15:17да, финал мусобақалари эса 23:42да бошланади.
Паралимпия ўйинларида иштирок этаётган спортчиларимизнинг аксарияти енгил атлетикачилардан иборатлигидан хабарингиз бор. Айни пайтга келиб, 6 нафар енгил атлетикачиларимиздан фақатгина Муяссар Ибрагимова мусобақаларда иштирок этди. Урганч Олимпия захиралари коллежининг ўқитувчиси Муяссар Ибрагимова 100 метрга югуриш мусобақаларида саралаш баҳсларидан муваффақиятли ўтиб, ярим финалга қадар етиб келди. Афсуски, ушбу босқичда ёш спортчимизга бироз тажриба етишмади.
Икки нафар пауэрлифтингчиларимиз Яшин Шобердиев (48 кг) ҳамда хотин-қизлар ўртасидаги мусобақаларда иштирок этган Елена Абасовалар учун мазкур Олимпиада ўйинлари ўзига хос тажриба ва маҳорат мактаби вазифасини ўтади.
Демак, шу кунга қадар ўтказилган мусобақалар якунларига кўра Ўзбекистон делегацияси ҳисобида ҳозирча битта кумуш медал мавжуд ва умумжамоа ҳисобида Словения ҳамда Хитой Тайпейи термалари билан бирга 46-48-ўринларни банд банд этишмоқда. Медалларга сазовор бўлиш борасида ҳамюртларимиз Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи, Осиё миқёсида эса 7-ўринда боришмоқда. Умид қиламизки, бўлажак мусобақаларда вакилларимиз делегациямиз ҳазинасини медаллар билан бойитишда давом этадилар.
Бошланаётган ҳафтада спортчиларимиз иштирокидаги мусобақалар қуйидагича:
03.09.2012. Сузиш. 100 м. чалқанча.
S 13. Кирилл Панков.
05.09.2012. Енгил атлетика. Ядро улоқтириш.
F 37/38. Иван Панафидин.
06.09.2012. Енгил атлетика. Уч хатлаб сакраш.
F 11. Миран Сахатов.
06.09.2012. Енгил атлетика. Ядро улоқтириш.
F 46. Равил Диганшин.
07.09.2012. Енгил атлетика. Диск улоқтириш.
F 37/38. Ҳусниддин Норбеков.
08.09.2012. Енгил атлетика. Уч хатлаб сакраш.
F 12. Дониёр Солиев.
Барча юртдошларимизга омад ва зафарлар тилаб қоламиз.
Шавкат Жалилов
Лондон шаҳридан махсус тайёрланди.