Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Қаторасига 134 ўйин, яна бошланғич таркибда!

Баҳо:
+ | -

«Фрайбург» сардори Кристиан Гюнтер кетма-кет 134та ўйинни бошланғич таркибда бошлаб, қойилмақом натижа кўрсатди.

 Бироқ германиялик ҳимоячининг ажиб серияси 26 февраль куни узилди. Деярли 4 йилдан буён «Фрайбург» ўйинларидан бирор марта четда қолмаган Гюнтер сариқ карточкалар лимити туфайли «Байер» билан баҳсда майдонга тушолмади. Шундай ажиб серияни «сариқ»лар оқибатида тўхтатиш аламли, албатта.

Гюнтер бундан олдин «Фрайбург» ўйинини охирги марта 2019 йилнинг февралида ўтказиб юборганди. Ҳимоя­чига ўшанда ҳам карточка халақит берган. Тўғрироғи, «Шальке»га қарши баҳсда олинган «қизил» майдонга тушишига йўл қўймаганди. Германиялик футболчи шундан кейин Бундеслиганинг тўлиқ 3 мавсуми давомида барча ўйинларни бошланғич таркибда бошлади. Қаторасига 134та ўйин - бу қанчалик эътиборли натижа? Ҳаттоки, машҳур Иньяки Уильямс серияси ҳам Гюнтер натижаси олдида хирароқ кўринади қайсидир маънода. Чунончи, Испания Ла Лигасида қаторасига 251та ўйинда майдонга тушган «темир» Иньяки ҳам ло­ақал 1 мавсум доирасидаги барча баҳсларни бошланғич таркибда бошлаган эмас. Кристиан эса нақ 3 мавсум шундай қилишга эришди. 

Демак, Гюнтер ўзига хос ноёб натижа муаллифидир. Тўғри, унинг ўзи бу борада камтарона гапиришга мойил. «Бу серияда қандайдир ақл бовар қилмас нарсани сезмаяпман, - деди Гюнтер SPOX журналисти билан суҳбатда. - Ме-ни хавотирга соладиган ягона жиҳат - жамоам натижаси. Йўқ, «Фрайбург»да муҳим ролга эга эканлигимни англашдан мамнунлигимни яширмайман. Бу серия клубга наф келтираётганимдан далолат бермоқда. Чиндан ҳам, шундай бўлса, бағоят бахтиёрман. Сериянинг узилиб қолишидан эса ортиқча ранжимайман. Футбол шунақа, унда эртага нима бўлишини ҳеч қачон олдиндан билолмайсан. Дейлик, сени жиддий жароҳат ҳам четга суриб қўйиши мумкин. Шундай экан, 1та ўйинни ўтказиб юбориш на руҳиятим ва на иштиёқимга таъсир кўрсатади».

Гюнтер деярли 17 йилдан буён «Фрайбург» тизимида. Яъни жамоадаги тарихи 2006 йили бошланган. Энди мақом бўйича унинг олдига тушадиган рақобатчи ҳам йўқ. Кристиан ҳамиша ўзини оддий тутади, характери ҳам жойида. Аслида ҳимоячи ҳеч қачон бошқалардан алоҳида ажралиб турган эмас. Ҳар ҳолда, бир-икки марта ҳаттоки, клуб академиясидан кетишига оз қолган. Чунки мураббийлар Кристианда ҳеч қандай алоҳида иқтидорни пайқашмаган, футболдаги истиқболига шубҳа билан қарашган гарчи унинг тиришқоқлиги ва фидойилигини қадрлаган бўлсаларда. Муҳими, Гюнтер меҳнаткашлиги эвазига академияда қолади. Кейинчалик мураббий Кристиан Штрайх йигитча иқтидорини тўғри баҳолаб, 2012 йили уни иккинчи жамоа­дан «асосий»га тортади. Шу-шу Кристианнинг фаолияти бир маромда ривожланди. Ҳимоячи 10 йил давомида «Фрайбург»нинг 300тадан ортиқ ўйинида қатнашди. У бу орада Германия миллий жамоаси билан Евро-2020 ва ЖЧ-2022га ҳам борди, тўғри, йирик турнирларда 1 дақиқа ҳам ўйнамасдан ортга қайтди. Умуман, Гюнтер олдида бир неча марта кучлироқ клуб сафига қўшилиш имконияти юзага келди, лекин «Фрайбург»да шаклланган алоҳида муҳит туфайли жонажон қўнимгоҳидан кўнгил узолмади.

Яна бир муҳим факт бор. 2015 йили Кристианнинг ҳозирги турмуш ўртоғи Катринда лимфа тўқималари саратони борлиги аниқланди. Шу мураккаб вақтда клуб ҳамиша футболчи билан алоқада бўлиб турди ва имкон қадар унинг ҳамхонаси ёнида кўпроқ туришига шароит яратиб берди. Айни пайт Катринда ҳаммаси яхши. Жуфтлик 2019 йили никоҳдан ўтди, кейингисида қизчали бўлди. «Унинг «Фрайбург»­га нисбатан муҳаббати ҳаттоки, меникидан ҳам кучлироқ», - дея кулади Гюнтер. Фрайбургда Кристианга шу қадар қаттиқ ишонишадики, клубда амплуа бўйича чап қанот ҳимоячиси саналган бошқа футболчи йўқ. Ваҳоланки, «Фрайбург» айни пайт 3та фронтда кураш олиб бормоқда. Яъни жамоа Бундеслигада ЧЛ йўлланмасини қўлга киритиши керак, бундан ташқари, уни олдинда кубок турнири чорак финали («Бавария»га қарши) ва ЕЛ 1/8 финали («Ювентус»га қарши) кутиб турибди. Демак, Гюнтер ҳар жойда ўйнашда давом этади.

Д.АЛИМОВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 09:00, 10.03.2023.
Ўқилди: 2072 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.