Хорватия терма жамоаси аъзоси Матео Ковачич Грэм Поттернинг истеъфосига жамоа футболчилари айбдор эканини билдирди. Поттер "Астон Вилла"га қарши мағлубиятли ўйиндан кейин ишдан бўшатилган эди. Айни дамда "Челси" АПЛ жадвалининг иккинчи қисмига тушиб кетган. Жамоага трансферлар ойнасида сарфланган 600 миллион фунт ҳам ёрдам бера олмади. Бироқ, Ковачичга кўра Поттер фожиасида жамоа футболчиларининг ҳам айби бор. У бу ҳақида Sky Sports'га берган интервьюсида айтиб ўтди.
"Биз ўз виждонимизни уйғтишимиз керак. Охирида 30 футболчидан кўра, битта мураббийни жамоадан ҳайдаш осонроқ. Аммо вазиятни яхшилаш, Поттердан кўра бизнинг қўлимизда эди. Айнан биз яхшироқ ҳаракат қилишимиз керак. Биз Поттерга шу ерда бўлиб, бизни қийин вазиятларда қўллагани учун раҳмат айтишимиз лозим. Ўзгаришлар кўп бўлгани учун футболчиларга ҳам, мураббийларга ҳам осон бўлгани йўқ".
Поттернинг ёрдамчи мураббийи Бруно Сальтор "Челси"ни "Ливерпул"га қарши нурсиз дурангда бошқариб турган эди. Аммо пайшанба куни "Челси"га Фрэнк Лэмпард вақтинчалик мақомида олиб келинди. У 2021 йилнинг январь ойида ишдан бўшатилган эди. Айни дамда "аристократлар" жадвалнинг 11 поғонасидан жой олган ва жамоани еврокубоклардан 11 очко ажрариб турибди. Шунга қарамай, жамоа ҳали ҳам ЕЧЛда ўз иштирокини давоми эттирмоқда ва чорак финалда "Реал"га қарши майдонга тушиши керак. Шундай вазиятда Ковачич шерикларини Лэмпард атрофида бирлашишга ва уни қўллаб-қувватлашга чақирди.
"Биз уни биламиз. Ўтмишда Лэмпард бизга устозлик қилган. Унинг қайтиши ижобий ҳолат деб ўйлайман. У эндиликда ёмон кечаётган мавсумимизни баҳолиқудрат ўзгартиришга ҳаракат қилади. Лэмпард ва футболчилар билан учрашув бўлди. У бизга ўзининг мақсадларини тушунтириб берди. Бизда ҳали ҳам имконият бор ва жадвалда иложи борича юқорироққа интиламиз. Айтишим керакки, "Реал" билан олдинда бизни иккита муҳим баҳс кутиб турибди. Бизда мавсумни яхши тугатишга ҳали имкон бор. Биз ушбу таркиб билан ЕЧЛни ютишга қодирмиз. Бу йўлда фақатгина Лэмпардга қулоқ тутишимиз лозим. У "Челси"га аниқ ва пухта режалар билан қайтиб келди. Ҳали унинг келганига кўп бўлмади. Шундай экан, биздан талаб қилинаётган нарсаларни ҳали билмаймиз. Ҳозирдан келажак ҳақида бирор нима дейиш мушкул иш, аммо Лэмпард қайтди ва биз жамоа учун ҳамма нарсага тайёрмиз".
Фрэнк Лэмпарднинг илк ўйини "Вулверхэмптон Уондерерс"га қарши меҳмонда кечади. Ушбу учрашувдан сўнг, жамоа Испанияга, "Реал" майдонига, ЕЧЛ чорак финал ўйини учун йўл олади. Жавоб баҳсидан аввал "аристократлар" 15 апрель куни "Брайтон" билан тўқнаш келади. Эслатиб ўтамиз, "Челси" ва "Вулвз" ўртасидаги учрашув бугун, Тошкент вақти билан 19:00да старт олади.
ИСМАТОВ Ж.