20- тур доирасидан ўрин олган “Шўртан” – “Динамо” жамоалари учрашувидан кейин уюштирилган матбуот анжуманида журналистлар билан дастлаб, самарқандликлар клуби бош мураббийи вазифасини бажарувчи Сергей Арслонов учрашди.
«Ғузорликлар билан бўлажак учрашув олдидан биз имкон қадар рақибимиз ўйин услубини ўрганиб чиқишга ҳаракат қилдик. Эдгар Гесс жамоасининг ўз майдонида ҳар қандай рақиб билан муроссасиз кураш олиб бориши ва кўп гол киритишини инобатга олдик. Шу боис бугун ўйин услубимизни ҳимоявий тарзда олиб боришга қарор қилдик. Умуман олганда шогирдларим уларга берилган кўрсатмани яхши бажаришди».
«Майдон эгаларига бутун учрашув давомида биз томонимизда эркин ҳаракат қилишга йўл қўймадик. Тўғри ташаббус бугун мезбонлар тарафида бўлди. Тўп билан ҳам улар кўпроқ эгалик қилишди. Хавфли вазиятлар ҳам уларда кўп бўлди. Ўйин ҳам биз кўзлагандек дуранг натижага қараб якун топаётгандек эди. Афсуски, сўнгги дақиқалардаги хатолигимиз қимматга тушди».
«Ғузордан бир очко олиб кетишни жуда хоҳлагандик. Бу албатта, турнир жадвалимиздаги аҳволимизга ижобий томонга силжишига ёрдам берарди. Лекин ўйлаган ниятимиз амалга ошмади... Ҳаёт давом этаверади, мағлубият билан тўхтаб қолмаймиз. Навбатдаги учрашувларда муваффақиятли ўйнаб, очколар захирамизни кўпайтиришга ва турнир жадвалидаги ҳолатимизни яхшилашга ҳаракат қиламиз».
- Олдинги чизиқда тезкор ҳаракатлари билан ажралиб турган Иван Нагаевни иккинчи бўлимда алмашштиришингиз кутилмаган ҳол бўлди.
- Бу мажбурий алмаштириш бўлди. Албатта, биз ҳам Нагаевнинг ёрдамига бутун учрашув давомида умид қилгандик. Лекин у биринчи бўлимдан кейин ўзини ёмон ҳис қилди.
- Кейинги учрашувларга тайёргарлик қандай олиб борилади.
- Мавсум ҳал қилувчи паллага кириб бормоқда. Навбатдаги турда турнир жадвалида деярли бир хил вазиятдаги рақиб билан рўбарў келамиз. Ўз майдонимизда ҳаракат қилишимиз ва ҳар бир очко муҳимлигини инобатга олсак, “Қизилқум” билан фақат ғалаба учун ўйнаймиз.