«Удинезе»да порлаган «Тоттенхэм»нинг янги ҳимоячиси Дестини Удожи кўзда тутилмаган ва ғалати кўнгилсизликка учради:
Автомобили билан йўл бўйидаги барга «кириб борди». Маълум бўлишича, футболчи бунда шунчаки, бошқарувни қўлдан чиқарган. Sky Sports нашрида ёзилишича, полиция текширув ўтказиб, италиялик футболчи мутлақо ўзида бўлгани (умуман ичмаган) ҳақида баённома тўлдирди.
Муҳими, нохуш воқеликдан ҳеч ким жабрланмади. Яхшиямки, ноодатий «авария» тунги соат 3да рўй берган ва бу вақтда муассасада мижозлар бўлишмаган. Бар хўжайинлари эса дарҳол талофат даражасини маълум қилишди. Демак, Удожининг машина билан кириши оқибатида 12та стул, 3та стол, бир жуфт соябон ва 5та катта гул идиши (10тача гул билан) синган. Messaggero газетасида ёзилишича, зарарни қоплаш учун чамаси 3 минг евро кетади. «Барга бирдан автомобиль учиб келди. Худди бомба портлагандек бўлди. Атиги 1та соябон бутун қолди. Ўзи бу жиҳозлар унча арзон эмас. Яна бир соябон автомобиль остида мажоқланиб кетди», - деди муассаса раҳбари. Асосийси, Дестини воқеа жойидан қочиб кетмади ва зарарни қоплаб беришдан ташқари, жарима тўлашга ҳам рози.
Ўзи Дестини Удожи ким? Веронада нигериялик мигрант-лар оиласида туғилган футболчи. У 10 ёшида «Верона» академиясида шуғулланган. Айтиш жоиз, Дестини болалигидан «Ювентус»га мухлислик қилган ва шу клубда ўйнаш орзусида жиддий шуғулланган. Яна бир факт: Удожи 15 ёшидан Италия ўсмирлар термалари либосида ўйнай бошлаган. Чап қанотда тўп сурадиган футболчи ўйин услуби бўйича Ашраф Ҳакимини эслатади бир қарашда - тезкор латераль, ҳужумга кўп қўшилади, гоҳида меъёридан ортиқ ҳатто. «Яшириб нима қилдим, ҳужумга чиқсам, бутун вужудим яйрайди. Жисмонан чидамлиман, чунки ўйин услубим ҳолдан тойдирмайди асло. Қолаверса, техник салоҳиятим ҳам чакки эмас. Шундай экан, олдинга ўтишдан нега тийилишим керак?», - деганди футболчи ўз интервьюларидан бирида ўйини ҳақида.
Нигериялик «итальян» - жорий мавсум «Удинезе» бағрида юз очган бош юлдузлардан бири. Ҳар ҳолда, Удожи «А» серия старт қисмини анча қизитди. Рақамларда айтсак, «Гол+пас» тизими бўйича 6 балл (3та гол ва шунча ассист) тўплашга улгурди - ҳимоячи учун зўр натижа. Бироқ «Удинезе» уни ёзда ўз сафида олиб қололмаса керак. Бинобарин, «Тоттенхэм» ўтган йили 18 млн. евро баҳридан ўтиб, нигериялик ўсмирни ўз томонига оғдирди. Қисқаси, Лондон клуби Дестинини тажриба ошириши учун 1 йил муддатга Италияда қолдирди. Удожининг ўзи «Милан» вакили Тео Эрнандес ва «Бавария» юлдузи Альфонсо Дэвисга ҳавас билан қарашини яширмайди. The Athletic нашрида ёзилишича, «Тоттенхэм»нинг собиқ бош мураббийи Антонио Конте ҳам италияликдан ошкора ҳайратланган ва уни жаҳон футболидаги бош иқтидорлардан бири сифатида эътироф этганди. Удожи энди ҳушёрликни оширса ва бар-кафеларга бошқа «бош суқмаса», бас.
А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади