Кеча Душанбеда ОФК президенти кубоги якунига етди. Финалда майдон эгалари "Истиқлол" ва Фаластин чемпиони "Ал-Аммарий" клублари ўзаро баҳс олиб боришди.
Ўйин бошланишига икки соат қолганида стадион деярли тўлиб бўлганди. Шунингдек, учрашувни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва унинг ўғли ТФФ президенти Рустами Эмомали бевосита стадиондан кузатишди.
Ўйин кутилганидек мезбонларнинг устунлиги остида бошланди. Юзага келган бир қанча қулай вазиятлардан Юсуф Рабиев, Дилшод Восиев ва Фарҳод Тоҳиров фойдалана олишмади.
Меҳмонларнинг биринчи қарши ҳужумиёқ гол билан якунланди. 21-дақиқада ўнг қанотдан етказиб берилган тўпни Аҳмад Кешкеш дарвозага аниқ йўллади - 0:1.
26-дақиқада "Истиқлол" жарима тўпи тепиш ҳуқуқини қўлга киритди. Аммо Фатҳулло Фатҳуллоевнинг зарбаси устунга тегиб қайтди. 30-дақиқада эса "Дрогба" (Фарҳод Тоҳиров) ҳисобни тенглаштириши мумкин эди. Лекин Даврон Эргашевнинг тўп узатишидан сўнг Фарҳоднинг бош билан берган зарбаси бироз ноаниқ чиқди. Биринчи тайм "Истиқлол"нинг ҳужумлари билан якунига етди.
Иккинчи тайм бошида Никола Кавазович икки ўзгариш амалга оширди. Шундан сўнг ҳужумлар янада хавфли тус ола бошлади. Лекин 56-дақиқада меҳмонлар легионери Сулайман Обайд барчасига нқута қўйиши мумкин эди. У Алишер Тўйчиев билан бирга-бир вазиятга чиқиб бориб зарба берди, айнан шу сонияларда Тўйчиев "дарвозабон - ярим жамоа" эканини исботлади!
Бу ҳужум мезбонларни янада кучлироқ ўйнашга мажбур қилди. 62-дақиқада Фатҳуллоев гол урди, лекин, ҳакам ўйиндан ташқари ҳолатни қайд этди. 69-дақиқада эса Даврон Эргашев (марказий ҳимоячи) супергол муаллифига айланди. У қанотдан узатилган тўпни тўхатмасдан дарвозага йўллади - 1:1.
Шундан кейин мухлислар жамоани янада қаттиқроқ қўллаб-қувватлай бошлашди. Фаластинликлар эса қолган дақиқаларда ҳужум нималигини бутунлай унутишди. 78-дақиқада жаримада оширилган тўпни жамоа сардори Дилшод Восиев дарвозага аниқ йўллади - 2:1!
Қолган дақиқаларда "Истиқлол" хотиржамлик билан тўпга эгалик қилди ва ўйин "Истиқлол"нинг иродали ғалабаси билан якунланди.
Учрашувдан кейин эса тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Эмомали Раҳмон стадионни ўзидаёқ бош мураббий Никола Кавазовичга алоҳида раҳмат айтди ва уни ғалаба билан табриклади. Дарвоқе, Никола Кавазович ҳақида... Сербиялик мутахассис "Пномпен Краур"га қарши ўйиндаги иши билан жуда кўп мухлислар муҳаббатини қозонди. У гуруҳнинг сўнгги учрашувига костюм-шим ёки спорт кийимида эмас, балки, жамоа ярим ҳимоячиси Александр Кудряшовни формасида келди. Ҳайрон бўляпсизми? Чунки, Александр ўша ўйиндан олдин оғир жароҳат олиб, мавсум охиригача сафдан чиққан эди. Мураббий эса футболчини шу тарзда қўллаб-қувватлашни лозим топди.
"Истиқлол" футболчиси Дилшод Восиев "мусобақанинг энг яхши футболчиси", Алишер Тўйчиев эса "мусобақанинг энг яхши дарвозабони"га айланди.
Тўғри, "Истиқлол" чемпион бўлди, лекин, ҳозирдан айтиш мумкин-ки, жамоа кейинги мавсумда ўз совринини ҳимоя эта олмайди. Чунки, келгуси мавсумда Тожикистоннинг икки клуби ОФК кубоги гуруҳ босқичида қатнашиши кутилмоқда.
ОФК президенти кубоги - 2012. Финал
«Истиқлол» (Тожикистон) - «Ал-Аммари» (Фаластин) - 2:1
Голлар: Аҳмад Кешкеш, 21 (0:1). Даврон Эргашев, 69 (1:1). Дилшод Восиев, 78 (2:1).
«Истиқлол» (Тожикистон): Алишер Тўйчиев, Соҳиб Саванқулов, Эраж Ражабов, Маҳмадали Содиқов (Александр Франк, 46), Даврон Эргашев, Нуриддин Давронов, Жаҳонгир Жалилов, Юсуф Рабиев (Иброҳим Рабимов, 46), Дилшод Восиев, Фатҳулло Фатҳуллоев, Фарғод Тоҳиров (Умеджон Шарипов, 81).
«Ал-Аммарий» (Фаластин): Абдуллоҳ ас-Сидавий, Холид Маҳдий, Аҳмад Салама, Айед Жамҳур, Жамал ал-Висат, Мали Каваре, Маҳмуд Шайхқосим, Нур Овда, Аҳмад Кешкеш, Ҳамза Зубий, Сулайман Обайд (Адҳам, 73).
Бош ҳакам: Фаҳад ал-Мирдасий (Саудия Арабистони).
30 сентябрь. Душанбе. Марказий стадион. 19 323 томошабин.