Уго Льорис клубдаги 11 йиллик фаолиятидан сўнг "Тоттенхэм"ни тарк этади.
L’Équipe нашри хабарига кўра, дарвозабон мавсум охирида Лондон клубини тарк этиш ниятида. Унинг "Тоттенхэм" билан шартномаси 2024 йилгача мўлжалланган, аммо клуб Льорисга фаолиятини давом эттиришнинг мумкин бўлган вариантларини кўриб чиқишга имкон беради.
Манбага кўра, Уго 2022 йилги жаҳон чемпионатидан кейин руҳий жиҳатдан чарчаган. "Тоттенхэм"нинг ўша пайтдаги бош мураббийи Антонио Конте Льорисдан 24 декабрь куни – Франция терма жамоаси ЖЧ-2022 финалидаги мағлубиятдан 6 кун ўтиб машғулотларга қайтишни сўради.
Қайд этилишича, Льорис фаолиятини якунлаш ниятида эмас.
Аввалроқ 36 ёшли дарвозабонга Саудия клубидан маоши 3 баравар оширилган ҳолда таклиф тушгани ҳақида хабар берилганди. "Тоттенхэм"да у ҳафтасига 100 минг фунт маош олади.
Май ойи бошида Льорис жароҳати туфайли мавсум охиригача сафдан чиққан эди.