Премьер-лига ўзининг энг қизғин палласидан ўтмоқда. Биз сўнгги тўрт-беш ҳафта давомида оловли кечган чемпионлик, кучли тўртлик ва АПЛда қолиш учун курашларга гувоҳи бўлдик. Сўнгги тур титул курашида кучли бурилиш ясади. Хусусан, "Арсенал"нинг ўз уйидаги "Брайтон"га учраган мағлубияти, бу жамоани чемпионлик пойгасидан бутунлай чиқиб кетишига олиб келди. Аксинча ҳолат, "Манчестер Сити" билан кузатилди. "Шаҳарликлар" сафарда "Эвертон" устидан йирик ҳисобда ғалаба қозониб, чемпионлик учун катта қадам ташлашга муваффақ бўлган эди.
Бошқа бир томонда Эрик тен Хаг бошчилигидаги "Манчестер Юнайтед" клуби ўз уйида "Вулверхэмптон"ни таслим этди. 2-0 ҳисоби билан тугаган ўйин, "МЮ"ни ЕЧЛ футболига янада яқинлаштирди. Бу учрашув натижаси, ўз навбатида, "Ливерпул"га босим юклайди. Эндиликда, Юрген Клопп шогирдлари курашдан чиқиб кетмаслик учун "Лестер Сити"ни мағлуб қилиши керак. Мерсисайдликларнинг ЕЧЛдан умиди бўлса, қолган барча баҳсларда ғалаба қозониб, "МЮ"га рақобат уюштириб кўриши лозим бўлади.
Жадвал пастида Чемпионшипга равона бўладиган дастлабки жамоа номи аниқ бўлиб улгурди. Унга кўра, "Саутгемптон" кейинги мавсумни АПЛда ўтказмайди. "Авлиёлар" сўнгги турда "Фулхэм"га 2-0 ҳисобида мағлуб бўлганди. Шунингдек, "Лидс" ва "Ноттингем" қайд этган дуранг натижалар, уларнинг жон сақлаб қолиш масалаларини янада оғирлаштириб қўйди.
Якуний жадвал қандай кўринишга эга бўлади?
Суперкомпьютер бу борада ўз тахминларини янгилади. Юқори технологияга асосланган қурилма 28 май, сўнгги турдан кейин турнир жадвалидаги аҳволни башорат қилди. Унга кўра, "Манчестер Сити" етакчиликни қўлдан бой бермай, энг яқин таъқибчиси бўлган "Арсенал"ни 5.2 очко фарқ билан ортда қолдиради ва чемпион бўлади. Кучли тўртликда ҳам ўзгариш бўлиши қайд этилган. Жумладан, "Манчестер Юнайтед" сўнгги турлардан кейин "Ньюкасл"ни қувиб ўтади ва учинчи ўринни эгаллайди. Бу икки жамоа ўртасидаги фарқ бор-йўғи 0.1 очко бўлиши тахмин қилинган.
Юқоридаги маълумотлардан хулоса қилиш мумкинки, "Ливерпуль" янги мавсумда ЕЧЛда иштирок этмайди. Мерсисайдликлар бешинчи ўрин билан Европа лигасида қатнашади. АПЛдан "Брайтон" ҳам айни турнирда иштирок этиши тахмин қилинган. "Тоттенхэм" эса якунда еттинчи поғонани банд этган ҳолда, ЕКЛда яна бир бор ўз имкониятларини синаб кўради. Охирги пайтларда фантастик спорт формасига кирган "Астон Вилла", охир-оқибат еврокубоклардан бебаҳра қолади.
Жадвалнинг пастки қисмида "Лидс" ва "Лестер" Чемпионшипга равона бўлиши кутилмоқда. Уларни "Саутгемптон"нинг тақдири кутмоқда. "Эвертон" ва "Ноттингем" эса бир амаллаб лигада жон сақлаб қолади. Жадвалнинг ўрта қисмида ҳам бироз ўзгариш бўлиб, у ерда "Челси" 11 ўриндан пастроққа, 12 поғонага силжиши мумкин. Лондонликларни, ўз қўшниси бўлган "Кристал Пэлас" қувиб ўтади.
ИСМАТОВ Ж.