Германия Бундеслигасида чемпионлик учун кураш олиб бораётган “Бавария” 20 май, шанба куни 33-тур доирасида “Лейпзиг”га 1:3 ҳисобида мағлуб бўлди. Дортмунднинг “Боруссия” жамоаси эса меҳмонда “Аугсбург” устидан йирик 3:0 ҳисобида ғалаба қозониб, турнир жадвалида биринчи ўринга кўтарилиб олди.
Айни вақтда Бундеслига турнир жадвали қуйидагича кўриниш олган.
Сўнгги турда “Боруссия Д” ўз майдонида “Майнц”ни қабул қилади. “Бавария” эса “Кёльн” меҳмони бўлади. Дортмундликлар чемпионликни қўлга киритиш учун ғалаба қозониши, ёки “Бавария” очко йўқотиши керак.
Дормунд клуби мағлуб бўлса-ю, мюнхенликлар ғалаба қозонса, чемпионлик уларга ўтиб кетади.
Қизиқарлиси, агар Эдин Терзич шогирдлари дуранг ўйнаса ва “Бавария” ғалаба қозонса, иккала клубнинг ҳам очколари сони 71 тага етади. Бу ҳолда тўплар нисбатига қаралади ва унда мюнхенликлар яхшироқ натижа қайд этмоқда: +53 га +39.
Германия чемпионатининг янги ғолибини кўрамизми? Бундеслиганинг сўнгги ўнта чемпионлиги “Бавария”га тегишли. “Боруссия” охирги марта 2011/12 йилги мавсумда Юрген Клопп мураббийлигида ғалаба қозонганди.
Аллер “Боруссия Д”ни чемпионлик сари етакламоқда. Футболчи май ойидаги барча ўйинларда гол киритган
Германия чемпионатида бу мавсумда ҳам “Боруссия” чемпионлик имкониятини “Бавария”га топшириб қўядигандек кўринганди. Лекин дортмундликлар ҳужумчиси Себастьян Аллер бунга рози бўлмади.
“Аугсбург” дортмундликларга қарши ўйиннинг биринчи бўлимида бир киши кам бўлиб қолди. Ҳимоячи Феликс Удуохая сўнгги умид фолини ишлатгани учун майдондан четлатилди. Шунга қарамай дортмундликлар узоқ вақт давомида рақиб дарвозасини ишғол қила олмади.
Ўйиннинг 58-дақиқасига келибгина ҳужумчи Себастьян Аллер рақиб жарима майдони ичида тўпни қабул қилди ва ҳисобни очди. 84-дақиқада эса Себастьян дублга эришди. Ҳужумчи Марко Ройснинг зарбасидан кейин қайтган тўпни дарвоза тўрига жойлаб қўйди.
Аллер Бундеслиганинг 2022/23 йилги мавсумида 9 та гол урди. Мавсумнинг биринчи ярмида у саратон касалига қарши курашаётганди. Футболчи касалликни енгди, майдонга қайтди ва май ойида жамоани чемпионлик сари етакламоқда. Кот-Д’Ивуарлик футболчи май ойидаги учта тур ўйинларининг ҳар бирида гол урди. У 5+3 натижани қайд этиб турибди.
Якунда Юлиан Brandт ҳисобни йирик 3:0 кўринишига келтирди. “Боруссия” ғалаба қозонди, аммо сўнгги тур олдидан хавотирли вазият юзага келди. Тиззасидаги муаммолар туфайли сафдан чиққан Жуд Беллингҳемдан ташқари, “Аугсбург”га қарши ўйинда Матс Ҳуммелс ҳам жароҳат олди.
“Бавария” президенти Герберт Ҳайнер “Аугсбург” футболчиларига “Боруссия”дан очко тортиб олинса, мукофот ваъда қилганди. Лекин бу иш бермади. “Боруссия Д” узоқ кутилган Бундеслига чемпионлигидан бир қадам ортда турибди. Сўнгги тур ўйинлари 27 май куни бўлиб ўтади.