Суперлига 11-турида сафарда “Андижон”га мағлуб бўлган “Қизилқум” клуби устози Тачмурод Агамуродов хатолар, жамоасининг мағлубиятга лойиқ эмаслиги, Нурматовнинг қайта алмаштирилиши ва шогирдларининг деярли ҳар ўйинда четлатилаётгани ҳақида фикр билдирди.
“Бугун ўзимизнинг хатолар эвазига мағлуб бўлдик. Иккита хато ва иккита гол. Рақиб стандартлардан қандай фойдаланишини билардик ва шунга яраша тайёргарлик кўргандик. Биринчи вазиятда қанотда унчалик зарур бўлмаган вазиятда қоида буздик. Рақиб ўйинчисини ёпиши керак бўлган футболчимиз эса хато қилди. Иккинчи вазиятда ҳам ҳимоячи хато қилди. Жарима майдонида рақиб футболчиси билан курашда умуман ортдан контакт қилмасликка уқтирилади. Аммо, футболчимиз буни эсидан чиқарган кўринади. Умуман олганда, бугун футболчилар кўрсатган ўйин менга ёқди. Ҳаракат қилишаяпти. Вазиятлар яратилаяпти. Бугун жамоа ҳеч бир жабҳада рақибга ютқазмади. Жамоа мағлубиятга лойиқ бўлмади”, - деди Агамуродов.
“Ойбек Нурматовнинг қайта захирага олиниши – тактик ўзгариш. Ўтказиб юборган иккинчи голимиздан кейин бизга рақиб майдонида боши билан ўйнайдиган ўйинчи керак эди. Албатта, футболчи захирадан майдонга тушиб, қайта захирага олиниши уларга ёмон таъсир қилади. Буни ўзим унга тушунтиришга ҳаракат қилдим. Бунда унинг айби йўқ. Вазият тақозо этгани учун шундай қилдик”.
“Футболчилар деярли ҳар ўйинда қизил карточк олаётгани интизом билан боғлиқ эмас. Бу маҳорат ва тажриба этишмаслиги туфайли дейиш мумкин. Айнан маҳорат ва тажриба йўқлиги учун футболчилар керак бўлмаган вазиятларда қоида бузишяпти. Четлатишлар интизом ёмонлиги учун эмас, тажрибасизлик туфайли қоида бузиб қўяётганимиздан келиб чиқаяпти. Агар, ҳимоячимизда бироз тажриба бўлганида, жарима майдончамиз ичида рақибга ортдан контакт қилмаган бўлар эди”.