Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Ижод, характер ва фантазия

Баҳо:
+ | -

Халқимиз орасида футбол ҳақида Ойбек, Абдулла Қаҳҳор ва Комил Яшинлар билан боғлиқ ажойиб ҳангома юради. Айтишларича, уларнинг дўстлари қўярда-қўймай футбол томошасига олиб боришибди. Ўйингоҳда ҳакамнинг ҳуштагидан сўнг ўйин бошланибди. Ўйингоҳдаги вазият эса ўзингизга маълум. Адиблар худди футболни тушунгандек, эътибор билан жимгина томоша қила бошлашибди. Орадан ҳеч қанча ўтмасдан бир ўйинчи тўпни қаттиқ тепиб осмонга чиқариб юборибди. Шунда Ойбек «вооҳ» деб ажабланибди-ю, шартта ўрнидан туриб жўнаш тараддудига тушибди. Ҳамроҳлари бундан ҳайратланиб, ўйин энди бошланганини, қизиғи ҳали олдинда эканлигини тушунтиришса ҳам, Ойбек энди барибир ҳеч ким коптокни бунчалик қаттиқ тепа олмаслигидан афсусланиб кетиб қолибди. Ўйин тугагач, Яшиндан ўйиннинг қандай ўтганлиги ҳақида сўрашибди. Яшин шундай жавоб берибди: «Ўйинни билмадиму, аммо манави ҳаммаёқни ёритиб турган чироқларнинг сони нақ 64 та экан». Ҳамроҳлар энди Абдулла Қаҳҳорга юзланишиб, уни сўроққа тутишганида, у «Тошкентда шунча жинни борлигини билмай юрган экан»лигини билдирган. Ҳангома-ку, ўз йўлига. Биз энди эътиборимизни уларнинг ўйинни ҳамма каби бирдек кузатишмаганига, воқеликдан барча ҳамроҳлари сингари таъсирланмаслиги сабабига қаратсак. Шунда уларнинг бадиий асарлар яратишдаги ўзига хосликлари, табиатан қандай характерга эга эканликлари намоён бўлади.

Учала адибнинг ҳам жавобларидан маълум бўляптики, футбол уларни унчалик ҳам қизиқтирмайди. Шунинг учун ўйин давомида Ойбекни коптокнинг баландга тепилиши ҳайратлантирса, Яшинни ўйингоҳнинг ёритгичлари қизиқтириб қолган, Абдулла Қаҳҳор эса ўингоҳдаги оломоннинг қий-чув, тўполонидан аллақачон безиб бўлган. Ҳангоманинг биз учун қизиқ ва аҳамиятли кўринган томони шуки, уларнинг аксарият асарларидаги руҳият, асар яратишдаги принциплар ҳам мана шу ҳолатга яқин.

Ойбек табиатдан, умуман юз бераётган воқеа-ҳодисалардан доимо ҳайратланиб, ажабланиб яшаган ижодкордир. Унинг ўтмишга бўлган ҳайрати Навоий даҳосини яратган бўлса, табиатнинг гўзаллиги ва ҳикмати қаршисидаги ҳайрати ҳаммамиз билган «ваҳший қоялар орасидаги» «Наъматак»ни кашф этган. Бежизга адибнинг дўстлари унинг кўзларида ҳайрат муҳрланганини қайта-қайта таъкидлашмаган. Қайсидир маънода унинг мана шу ҳайратли нигоҳлари асарларига умрбоқийлик бағишлаган.

Комил Яшинга яқин кишиларнинг хотирлашича у статистикани, аниқликни ёқтирган адиб бўлган. Андижонлик Миркомилбой образини яратишда ҳам айнан мана шу истеъдоди унга анча қўл келган. Ёзувчи Миркомилбойнинг бутун бойликлари тўғрисидаги барча маълумотларни анча аниқлик билан тўплашга муваффақ бўлган. Ҳатто асардаги Миркомилбой образини тасвирлашда ҳам у шу йўлдан борди. Асарда бойнинг бир йилда қайси соҳадан қанча даромад қилишини эринмай ўқувчига сарҳисоб қилиб беради.

Абдулла Қаҳҳорнинг яқин шогирдлари, умр йўлдоши Кибриё Қаҳҳорова адибнинг анча инжиқ табиатли, тартиб-қоидага қатьий риоя этувчи ва бошқалардан ҳам шуни талаб қилувчи шахс бўлганлигини эслашади. Саид Аҳмаднинг хотираларида келтирилишича, ёзувчининг уйига меҳмон келиб, дастурхон ёзилгандан сўнг доимо роппа-роса 40-45 минутдан сўнг палов тайёр бўлар экан. Ёки унинг машҳур «Маҳаллада дув-дув гап» киносценарийсидаги қаҳрамонларининг хатти-ҳаракатларини эслайлик. Қаҳрамонлар қийинчиликларга қарамай тартибли, режалаштирилган ҳолда ҳаракат қилишади. Ҳатто ўз оналарининг аччиқ кўз ёшлари, оҳу фарёдлари олдида ҳам босиқлик билан иш тута билишлари буни тасдиқлайди. Адибнинг ўз қаҳрамонларидан тартибни талаб қилиши «Анор» ҳикоясида ҳам сезилади. Ҳикоядаги Туробжоннинг биргина ножўя ҳаракатидан бутун уй ичи ағдар-тўнтар бўлиб кетади.

А.Қаҳҳорнинг ўзига нисбатан ҳам жуда талабчан ва тартибли бўлганлиги унинг ўз дўстларига айтган «Маймун ҳам менчалик ёзганда дурустроқ ёзувчи бўларди» ҳазилнамо гапларидан ҳам билинади. Ёки унинг ҳикоялари-ю романларига эътибор қаратайлик. Ҳали-ҳануз танқидчилармиз у яратган ҳикояларда ортиқча жумла ёки сўз ишлатилганини топиша олмаган. Аксинча, унинг ҳикояларидаги бирорта жумла тугул «оддий сўз» тушириб қолдирилса, асарнинг бутун бадиий структураси ўзгариб кетишини таъкидлашган. Абдулла Қаҳҳор ўзига нисбатан мана шундай қаттиққўллигидан биргина «Сароб» романи устида 40 йил ишлаш учун ўзида куч топа олган. Унинг бундай тинимсиз изланишлари самараси ўлароқ бизга шу романнинг 17 хил қўлёзмаси мерос бўлиб қолди.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, ҳаётий воқеаларга муносабатда ижодкор табиатида кўринган ўзига хослик ижод онларида, образ яратишда, шунингдек, сўзга муносабатда ҳам намоён бўлади. Зеро, ҳар бир ижодкор ижтимоий дунёқарашидан қатъий назар дунёни энг аввало ўз таъб ва сажиясига кўра идрок этади. Ва бу нарса юқорида кўриб ўтганимиздек улар яратган асарларда ҳам ўз аксини топиши, табиий.

Аъзам Ҳамрақулов, АДУ аспиранти

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 11:10, 10.10.2012.
Ўқилди: 8112 марта.
Фикрлар: 16 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.