Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

АПЛ театри: мавсум сарҳисоби

Баҳо:
+ | -

Клублар ўртасида ўтказиладиган мусобақаларнинг энг қийини қайсилиги борасида мутахассислар орасида икки хил қараш бор.

Биринчи тоифа ЕЧЛ вариантини олдинга суради. Чунки мазкур мусобақада, Европа қитъасининг энг номдор жамоалари қатнашади. Боз устига турнир охирлаб боргани сайин, воқеалар ривожи кескинлашиб, ҳар ўйиндан кейин битта топ жамоа турнирни тарк этишга мажбур бўлади.

Иккинчи тоифадагилар АПЛни суядилар. ЕЧЛдан фарқли тарзда, бу ерда зерикарли учрашувнинг ўзи йўқ. Ҳар бир тур ва ундаги ҳар бир ўйинда ўзига хос интригалар бор. АПЛнинг бошқа давравий мусобақалардан афзаллиги ҳам шунда. Даража эътибори билан унга энг яқин бўлган Ла лигани олайлик. Барчамизга маълумки, у ерда грантлар ва аутсайдерлар орасидаги “жарлик” ҳаддан зиёд чуқур. Шунинг учун у ердаги баҳсларнинг аксари бир хил сценарий остида ўтади. Грант жамоа тўқсон дақиқа ҳужум қилади, аутсайдер эса тўрт кишидан иборат бўлган икки чизиқли ҳимояни тортади-да, бор умидини қарши ҳужумларга боғлайди.

АПЛ эса мутлақо бошқа. У ердаги мураббийлар бир-биридан тубдан фарқ қилади. “Грант” ва “аутсайдер” каби терминларнинг таъсири жуда оз. Сўнгги поғонада бораётган “Лидс”ни ҳам, ўртамиёналардан деб ҳисобланадиган “Вест Ҳэм” ва “Брентфорд”нинг ҳам ўзига хос футболи бор. АПЛда ҳар бир ўйин финал ва рақиблар турли хилдир. Мусобақанинг бу йилгиси мухлисларни анча пайтгача ёдидан чиқмаса керак. Турнир бизга бу мавсум ўта кўп эмоцияларни тақдим этди. Зинапоянинг охирига етганда тойилиб кетган жамоа барчани хафа қилган бўлса, кучли олтиликка иккита янги жамоа қўшилиши хурсанд қилди. Турли хил эмоцияларни ўзида жамлагани учун мақолани “АПЛ ТЕАТРИ” деб номладик.

Қайғули тараф — тойилиш

Бу мавсумдаги “Арсенал”ни “Боруссия Дортмунд”га қиёслашмоқда. Асли якун бир бўлса ҳам, унгача босиб ўтилган йўл икки хилдир. “Арсенал” дортмундликлардан фарқли ўлароқ ўттиз уч тур мобайнида етакчилик қилиб келди. Жуда қийин ўйинларда камбэклар амалга ошириб, жамоада характер бор эканлигини намойиш қилди. Артета ўзининг бор потенциалини ишга солиб жамоани чемпионликка тайёрлади. Лондонликлар мураббий атрофида яхши жамланишди ва унинг кўрсатмаларини тўғри бажаришди. “Арсенал” том маънода мураббий жамоасига айланди. Шу ўринда испаниялик мутахассиснинг “козери” ҳақида қисқача ёзиб кетсак.

Бу мавсум “Арсенал” тўп назоратига қурилган классик 4-3-3 схемасида ҳаракатланди.



Расмда кўрганингиздек, позицион ҳужумлар шу схема остида ташкил этилди. Энди қачонки, жамоага гол зарур бўлиб қолса, схема бирданига 3-2-4-1 га ўзгаради.



Зинченко (расмдаги 5-рақам) “Манчестер сити”да орттирган тажрибаси туфайли таянч нуқтасида Парти (7) билан яхши жуфтлик бўлиб ўйнай олди. Буни ҳисобига рақибнинг жарима майдончаси атрофида нақд бешта “Арсенал” футболчиси пайдо бўлаверди. Бундан ташқари, Артетанинг кийиниш хонасидаги мотивациялари туфайли ҳар бир ўйинчи ўз даражасидан юқорироқ ўйин кўрсатишга ҳаракат қилди. Афсуски, узоқ давом этган мавсум футболчиларни анча толиқтирди. Толиққан мушаклар дош беролмай, Салиба каби жамоанинг муҳим ўйинчиси сафдан чиқди. Артетанинг “механизми” эса, ўн бир футболчига мослаб қурилган эди.

Жамоа ўзининг топларини сақлай оладиган даражада катталигини ҳисобга олсак, ёзда улар ўз сафига қўшиб оладиган футболчилар ҳақида кўпроқ бош қотиришлари керак бўлади. Келаси мавсум жамоа таркибида, янги қўшилган ёш юлдузлардан икки-учтасини кўрсак керак. Нима бўлганда ҳам “Арсенал” нейтрал мухлисларни мавсум давомида хурсанд қилиб, охирида йиғлата олди…

Қувончли тараф — кашфиёт

“Брайтон” жамоаси мавсумнинг биринчи ярмида мураббийсиз қолди. Грэм Поттер “Челси”га ўтгач, раҳбарият Роберто Де Зербига жамоани ишониб топширди. Италиялик мутахассис дебютини тўққизинчи турда “Ливерпуль”га қарши ўтказди ва дуранг қайд этди. Мавсум охирига келиб, Роберто раҳбарият ва мухлислар учун Европа лигаси йўлланмаси ва олтинчи ўринни тақдим этди. АПЛнинг бу мавсумдаги энг катта кашфиётларидан бири унинг янгича “Брайтон”и бўлди. У жамоани грантлар учун ҳақиқий бош оғриқ қилиб тарбиялай олди ва бу орқали ўзининг салоҳиятини кўрсатди. Данк ва Уэбстер каби соф Англия футболига ихтисослашган ҳимоячилардан совуққон ва энг нозик вазиятларда ҳам тўғри пас бера оладиган футболчиларни ясади. Митома, Энсисо, Марч каби маҳаллий мухлисларгагина таниш бўлган футболчиларни кашф қилди. Энди эса, Пеп Гвардиолани ўз пичоғида “сўйган” Де Зербининг ишланмаларига назар солсак.



Ушбу расмда кўриб турганингиздек, икки марказий ҳимоячи ўз жарима майдончаси ичида турибди. Икки таянч яримҳимоячилари бўлмиш Мак Аллистер ва Гросс қанот ҳимоячилари билан бир хил чизиқда. Жамоа шу йўл билан кўпинча рақибларни прессинг қилишга мажбурлар, ўзи эса Мак Аллистер ёрдамида марказни ёриб ўтиб, ҳужумни қанотга кўчириш билан кескинлаштирар, ёки қанотда катта ҳудудга эга бўлган Эступиньян ва Лэмптига таяниб тезкор ҳужумлар уюштирди.



Бу услуб ажойиб бўлиш билан биргаликда жуда хавфли ҳамдир. Чунки биргина хато гол билан якун топиши мумкин. Дўппи тор келиб қолган вазиятларда Де Зерби иккинчи услуб билан ҳимоядан чиқиб кетарди. Бу услуб қанот яримҳимоячилари ёки ҳужумчиларга ташланган “лонг болл”дир.



“Брайтон” бу мавсум футболни дақиқ нуқталаригача тушунадиган ихлосмандлар учун ҳақиқий совға бўлди. Эришилган ютуқдан келиб чиқиб, келаси мавсум раҳбарият трансферлар учун ҳар сафаргидан кўра кўпроқ пул ажратса керак. Катта жамоага ўйинчи етказиб берувчи “Брайтон” энди ўзи шундай классдаги футболчиларни сотиб олиши керак. Зеро “масаллиқ” қанча яхши бўлса, “таом” ҳам шунча ширин бўлади.

Мусобақани қайғули тарзда тарк этган “Лестер”, АПЛга янгича ранг қўшган “Ньюкасл”, “Астон Вилла” ва “Брентфорд”лар ҳақида ёзиб, мақолани бойитиш мумкин эди. Лекин, уларнинг натижалари оғзаки айтиб ўтишга эмас, балки таҳлил ва алоҳида мақтовларга сазовор деб ўйладик. Раҳмат.

Эрмон бува

Манба: stadion.uz
Киритилди: 10:10, 13.06.2023.
Ўқилди: 3208 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.