Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Афсонавий гимнастикачи Оксана Чусовитина 48 ёшга тўлди

Баҳо:
+ | -

Еттита ёзги Олимпиада ўйинлари иштирокчиси, Гиннеснинг рекордлар китобидан жой олган ўзбекистонлик гимнастикачи Оксана Чусовитина 19 июнь куни ўзининг 48 ёшини қарши олди.

Бадиий гимнастика афсонаси 1975 йил Бухоро вилоятида таваллуд топган. 1991 йилдан собиқ иттифоқ таркибида халқаро мусобақаларда фаолиятини бошлаган. Ўша йилнинг ўзида Барселонада бўлиб ўтган Олимпиадада МДҲ номидан иштирок этади ва жамоавий баҳсларда олтин медални қўлга киритади. 17 ёшли Оксана учун бу муваффақиятнинг биринчи зинаси эди.

Шунга қарамасдан гўё ҳаммаси яхшидек эди. Аммо кунларнинг бирида унинг фарзандига лейкемия (оққон) ташхиси қўйилади. 2002 йилда фарзандини даволатиш мақсадида оиласи билан бирга Германияга кетишга мажбур бўлади. Оксананинг турмуш ўртоғи юнон-рум кураши устаси Баҳодир Қурбонов ҳам фаолиятини якунлашига тўғри келади. 3 ёшли Алишернинг даволанишига “Кёльн” спорт жамоаси ёрдам қўлини чўзади.

Чусовитинанинг ўзи Германиядаги ҳаётини ёдга олиб шундай дейди:

"Алишер ўшанда 3 ёшда эди. Бу касаллик унда қандай пайдо бўлганини билмаймиз. Кўпчилик унинг даволаниши учун пул топиш мақсадида машғулотларни давом этганим ҳақида ёзади. Аслида сабаб бошқа эди — агарда мен кун бўйи шифохонада ўтирсам, ақлдан озардим. У ердаги касал болаларни кўзларига қараш оғир эди. Германияда болалар касалликдан вафот этарди. Спорт залда мен озгина бўлса ҳам чалғирдим".

Шу тариқа Оксана 2006 йилдан 2012 йилга қадар Германия терма жамоаси шарафини ҳимоя қилади. Ёрдам қўлини чўзган “Кёльн” спорт клубида Чусовитина машғулотларни давом эттиради. Хитойда бўлиб ўтган 2008 йилги Олимпиадада Германия терма жамоаси номидан қатнашиб кумуш медални қўлга киритди.

Шундан сўнг Чусовитина жароҳатлар гирдобида қолади. Икки елкаси ва оёғидан олган жароҳати сабаб операция қилинади. Энди катта спортдаги фаолиятини якунлаб, соғлик ҳақида ўйлашни ўрнига Оксана фаолиятини давом эттиришга қарор қилади. 2012 йилда Лондонда бўлиб ўтадиган Олимпиадага йўл олади.

2013 йилда эса Чусовитина оиласи билан бирга Ўзбекистонга қайтиб келади. 20 йилдан ошиқ вақт мобайнида профессионал фаолиятини олиб бораётган Чусотивина 2016 йилда Бразилияда бўлиб ўтадиган Олимпиада мусобақасида иштирок этишини эълон қилди. Оксана Риодаги Олимпиадага қатнашиб Ўзбекистон учун медал қўлга киритишни истарди. Афсуски, омад яна ундан юз ўгиради.

Оксана Чусотивина Токиода бўлиб ўтадиган ёзги Олимпиадада ҳам иштирок этмоқчи эканлигини ҳам айтиб келарди. 40 ёшни қоралаган спортчининг бу гаплари ким учун ҳазил, яна ким учундир эса чин эди. Оксана ўз сўзининг устидан чиқди ва Токио Олимпиадасига йўлланмани қўлга киритди.

“Бунинг сири нимада?” — кўплаб журналист ва мухлислар томонидан бериладиган савол. “Ҳеч қандай сир йўқ. Шунчаки ҳеч ким гимнастикада бу қадар кўп қолишга уриниб кўрмаган. Ҳар куни ўзимга мақсад қўяман. Мени ҳеч ким мажбурламайди. Бу қизиқиш: уддалай оламанми ёки йўқ”, — дея камтарона жавоб беради Чусовитина.

2022 йилда Чусовитина Озарбайжоннинг Боку шаҳрида спорт гимнастикаси бўйича Жаҳон Кубогида иштирок этди. Оксана таяниб сакраш машқи бўйича ўтказилган финал баҳсида 13,226 очко тўплаб, 1-ўринни эгаллади ва олтин медалга сазовор бўлди.

Оксана Чусовитина фаолиятига оид статистика ва фактлар:

— МДҲ терма жамоаси сафида 1992 йилги Олимпиада чемпиони.

— 2008 йилги Олимпия ўйинлари вице-чемпиони.

— Уч карра Жаҳон чемпиони (1991 йилда жамоавий баҳслар (СССР терма жамоаси) ва эркин машқ, 2003 йилда таяниб сакраш).

— Жаҳон чемпионатларида тўрт карра кумуш (1991, 2001, 2005 ва 2011 йиллар) ва 4 карра бронза медали (1992, 1993, 2002, 2006) соҳиби.

— Таяниб сакраш бўйича Европа чемпиони (2008 йил), кумуш медал (2002) ва уч карра бронза эгаси.

— Таяниб сакраш бўйича Жаҳон Кубоги олтин медал соҳиби (2022 йил).

— Саккизта Олимпиадада қатнашган ягона гимнастикачи. Спорчи ушбу натижаси эвазига Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган.

Манба: daryo.uz
Киритилди: 10:20, 20.06.2023.
Ўқилди: 1607 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.