Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 1-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 3-2 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 3-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Бой берилаётган авлод

Баҳо:
+3 | -

...“Бунёдкор” ва “Улсан Хёнде” жамоалари ўртасидаги баҳсни бевосита стадиондан томоша қилдим. Ўйинга эътибор катта эди, шунга яраша мухлис кирди. Иброҳимов гол уриб, қувончи чегара билмай турган бир пайтда, мен ўзимга ўхшаган футбол “жинни”си билан тортишиб турардим.

Тўғрисини айтсам, чиптамда кўрсатилган жойга эмас, балки бемалолроқ томоша қилиш мумкин бўлган секторга ўтиб олганим ва бу олғирлигим сабаб бироз кечикиб келган дардкашимнинг жойига эгалик қилмоқчи бўлганимдан икки хил кайфият чоғишиб кетди. Ахийри, ноҳақлигимни тан олиб, чиптамга қарай-қарай ўз жойимни излай кетдим. Борсам, менга аталган ўриндиқ бўм-бўш. Ўтира солиб атрофимни бир қур кўздан кечирдим. Ажабки, икки ёнимда ўтирган ва пасту теграмни ўраб турган ўн чоғроқ мухлисларнинг ҳаммаси ёши улуғ кишилар эди. Тошкент вилоятидан келишибди. Ахил дўстлар экан ҳаммаси. Қўшилишдик, қувватладик, "Бунёдкор"ни. Куз эди, ҳазонрезги ранги ўлароқ, “қалдирғоч”лар учолмади. Корейсларнинг узуни ҳам калтаси ҳам Нестеров дарвозасига бош “нуқди”. Ҳасанов пенальтини ура олмагач эса ёнимда ўтирган отахон ўҳўлаб қолди. “Падар лаънат, носимни ютиб юбордим!”. Айбдор футболчини қарғаш бир ён қолиб, биз отахон оғзини чайсин, дея сув излай кетдик. Қаёқда? Сув идишларни ташқаридаёқ олиб қўйишган. Ҳарна, сув бўлмасада, паралелопипед идишли шарбат топилди. Отамиз, зўр бериб оғзини чаяркан, “Аччиқ барибир, аччиқда! Шарбат ҳам бир тийин”, деди. У кишининг мулоҳазасига шерик бўлган дўсти нима деди денг?! “Эй, ошна, бу йил ҳам кетди. Бир авлод бой берилди...”

Мавзуси камина учун ноаниқ бўлган бу иборани эшитиб, отамизга таажжубла қарагандим, у киши аниқлик киритди: — Ўзи, бизлар тўққизта эдик. Ҳозир саккизта қолдик. Биттамиз ўтган йили қазо қилди. У ҳам футбол мухлиси эди.
Тўғриси, бир авлод бой берилди деганингизга тушунмадим — дейман, янаям қизиқсиниб.
Нимасини тушунмайсан — дейди отахон.  — "Бунёдкор"ни финалга чиқишидан чиқолмаслиги аниқ бўлиб қолди. Янаги йил чиқиши мумкин, лекин умр бевафо, бунақа қилиб нос ютаверсак, дорилбақога кетишни тезлаштириб юборамиз, ўша финални кўролмаймиз, аниқ! Бу нима дегани? Бу дегани мухлисларининг бир авлоди ОЧЛ финалида "Бунёдкор"ни кўрмай ўтиб кетди дегани бу, ука...

Очиғи, отахоннинг гапларини касбим тақазоси ила қалам ҳукмига буйсундириб, ҳиссий нуқтаи назардан ёзаётган бўлсам-да, ўша лаҳзадаги манзарани тасвирлай олмайман. Футбол бир ён қолиб, инсоний, шууриотдаги қайғуни ташқарига чиқишини кўриш жуда-жуда оғир эди. Бу оҳанг гўё минг йиллик армонга ўхшарди. Олисларга қанот қоқишга шай турган хаёлларимни онгим қафасига мажбурлаб қамар эканман, отахонларни кайфиятини кўтаргим, чалғитгим, юпатгим ва энг оғриқлиси, аламли мағлубият ўкинчини ўзимдан бир дақиқага яширгим, алдангим келди.

Куюнманг, ота — дейман, ҳудди ўз падаримга айтгандек, — "Бунёдкор" ўз даражасида тўп сурди. Кучли барибир кучли-да. Бояги гапингизга келсак, "Бунёдкор" ютқизса, ана миллий жамоамиз бор. Миржалол ака хали бизни ЖЧ-2014га олиб боради. Насиб қилса, бирга борамиз, Бразилияга. Мени айтди дерсиз, Эронни ютсак, камида ўн ёшга ёшариб кетасиз.
Тўғри айтдинг, агар ютсак...
Ютамиз, ота! Сиз мен билан ЖЧ-2014 га борасиз!..

Стадиондан стадионгача

Майдонни тарк этгач, уйга боргим келмади. Стадиондан муваққат уйимгача бўлган масофа ўн беш чақиримча келади. “Марафон!” дедим, ўзимга ўзим. Яёв кетдим. Қадамим мошинлар йўрғасига мос (М.Юсуф).  Ўйлайвердим, отахоннинг гапларини. Роса мағзи тўқ гап айтдилар-да, ўзиям. У киши ўзидан келиб чиқиб айтди. Лекин масаланинг бошқа томони ҳам бор. Мен бу пайтда ўзимни эмас, ўзимга ўхшаган футбол мухлисларининг дилидаги армонларни ҳам эмас, футболчиларнинг армони ҳақида ўйлай бошлагандим. Вақтнинг ўтишини қаранг! Мустақил бўлганимизга ҳам йигирма бир йил бўлибди. 1991 йилда туғилган бола ҳозир 21 ёшда. Бу дегани битта авлод ҳурликда ўсди, дегани. Қандай яхши, шукроналик ҳисси...

Бироқ танганинг бошқа томони ҳам бор. Дейлик, футболчилик фаолиятини  ўн саккиз ёшда бошлаган ўспирин, йигирма бир йил тўп тепиб, жаҳон чемпионатида ўйнолмай нафақа чиқди дегани эмасми, бу. Менинг ёшимдаги мухлислар (агар чин дилдан ихлос қўйган бўлсак) Ҳудо умр берса,  яна камида эллик йил шу футбол сарҳадидан чиқмаймиз. Аммо футболчи-чи?

Қизиқ парадокс, а? Ўхшатмалиги шундаки, биз хоҳлаган сурурни футболчилар уч баробар кўп исташи керак. Бўлмаса нафақа яқин...

Мен бу борада тахминни ҳам гипотезани ҳам оқламайман. Тасвирни жўнлаштириб қўя қоламан: Агар, мабодо (ҳудо кўрсатмасин) ЖЧ-2014 дан ҳам қуруқ қолсак, икки авлод бой берилади. Бири футболчиларнинг авлоди иккинчиси мухлисларнинг энг катта авлоди.

Нечоғлик аламли бўлмасин, биз шу босқичга етиб келдик. Бугун МТЖда барқ уриб турган суюклиларимиз, ЖЧ-2018да бўлмаслиги мумкин. Тўғрироғи, бўлмаслиги аниқ. Ҳозир ё, отни қаттиқроқ қамчилаш керак, ё,  “ерни чуқуррроооқ қазиш” (Ҳожибой Тожибоев). Авлодлар келиб кетаверадилар, бироқ тарози ўлчами туғилиш-ўлишга қараб эмас, балки амалга ошган ютуқлар, зафарлар, ғалабалар билан белгиланади. Ғолиб аждодлар эса тарих силсиласида мангулашиб бораверадилар...

Уйимга яқинлашиб қолдим. Мактаб стадиони олдидаман. Кузги чимнинг ранггига мос кайфиятимни кўтариш учун элсеварлик ҳисси етишмаяпти, холос. Ҳа, мана у: Ор — Отаники, Номус — Онаники! Бу иккиси битта сўз — ШАЪН! У эса ВАТАННИКИ!

Келинглар, дўстлар! Ватанимиз шаъни, Отамиз ори, онамиз номуси ҳимоясига саф  тортайлик! Футболчилар, мухлислар!...

Бўлмаса, авлодларни бой беришда давом этамиз....

Темучин

Манба: www.voha.uz
Киритилди: 17:15, 25.10.2012.
Ўқилди: 4984 марта.
Фикрлар: 10 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.