Сўнгги йилларда футбол қоидалари фаол ривожланмоқда, бироқ асосий қоидалар жуда ҳам майда деталларга тўлиб кетди. ФИФА офсайдни аниқлаш борасида бир қанча янги усулларни татбиқ этди. "Ўйиндан ташқари ҳолат" тушунчаси 19-асрда пайдо бўлган, икки марта ўзгарган. Амалдаги қоидаларга кўра офсайд нима? Бу тўп узатилаётган пайтда ҳужумкор жамоанинг ўйинчиси рақибнинг ўша томондаги охирги вакилидан кўра дарвозага яқинроқ бўлади. Кўпчилик ҳозирги талқинни ёқтирмайди, чунки ВАР пайдо бўлиши билан чизмалар орқали бутсанинг сантиметрларда олдинда қолиб кетгани ҳам аниқланмоқда. Бундан норози бўлганларнинг талаби қондирилиб, бу борада янги қадам ташлаганга ўхшайди.
Энди радикал ўзгартиришлар киритилади. ФИФА ва ИФАБ (Халқаро футбол ассоциацияси кенгаши - футбол қоидаларини тартибга солувчи ташкилот) томонидан ўйлаб топилган назарияга кўра, тўп узатилаётган вақтда ҳужум қилаётган ўйинчининг бутун танаси (қўлидан ташқари) ҳимоячидан кўра рақиб дарвозасига яқинроқ бўлгандагина офсайд ҳисобланади. Бошқача қилиб айтганда, ҳужум қилаётган футболчи танасининг маълум қисми охирги ҳимоячига тўғри келса, ўйиндан ташқари ҳолат ҳисобланмайди. Айнан шу ҳолатга аввал эътибор берилмагани учун бир қатор муҳим голлар бекор қилинган. Аниқлик учун биз бир нечта мисолларни эслашимиз мумкин. "Манчестер Сити"нинг 2018/2019 йилги мавсумда "Тоттенхэм" билан Чемпионлар лигаси чорак финали жавоб ўйинидаги бешинчи голини эсланг. У катта эҳтимол билан, ишлаб чиқилаётган янги талқинга кўра, қонуний деб ҳисобланади. Ўшанда Маурисио Почеттино эмас, балки Пеп Гвардиола жамоаси ярим финалга чиққан бўларди.
Қатарда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида, 2019 йилдагидан фарқли ўлароқ, офсайдлар видео орқали аниқлаштирилди. 1-турда Аргентина айнан офсайд сабаб учта голдан маҳрум бўлди ва улардан бири амалдаги қоидалар учун норозиликларни келтириб чиқарди. Ўшанда Лаутаро Мартинеснинг елкасининг чети Саудия Арабистони ҳимоячисининг танасидан миллиметрларга олдинга чиқиб қолганди. Лекин бу ФИФАнинг янги ғоясига кўра "тоза" гол сифатида ҳисобланилар эди.
"ФИФАнинг янги ғоялари футболни янада ажойиб қилишни бош мақсад сифатида олади", деб тушунтиради собиқ швед ҳаками Жонас Эрикссон, – "менимча, ўзгаришлар ҳужумчиларга фойда келтиради, ҳамма буни хоҳлайди. Шу тарзда яхшироқ интрига бўлади. Кўпроқ голлар бўлади, демак, футболни томоша қилиш қизиқарлироқ бўлади. Бу қоидани синовдан ўтказиш ва ривожланишига туртки бериш биз учун ажойиб жараён", – деди собиқ ҳакам. Эрикссоннинг сўзларига кўра, ФИФА янги офсайд қоидаси қўлланилган барча ўйинларни таҳлил қилади, шунингдек, ўйинлар иштирокчиларидан интервью олиб, тўлиқ ўзгариш учун идеал формулани ишлаб чиқади.
Лекин қоидадаги ўзгариш ФИФА кутаётган натижага олиб келиши аниқми? Шубҳалар бор. Мисол учун, таҳлилчи Никита Васюхин ўзининг Телеграм-каналида янги офсайдлар қоидаси киритилгандан сўнг бу ҳимоячиларга юқори ҳимоя чизиғини ушлаб туриш фойда келтирмаслиги ҳақида ёзди. Энди ҳужумда устунлик рақиб ҳужумчилари томонида бўлади ва тескари таъсирни кўришимиз мумкин - энг чуқур ҳимоя чизиғи юзага келади ва голлар сонининг камайиши содир бўлади.
Янги қоидалар қачон кучга киради?
Барча янги қоидаларда бўлгани каби, бу биринчи навбатда кичик лигаларда синовдан ўтказилади, шунда расмийлар янгиланиш қандай ишлаётганлигини кўришлари мумкин. Тез орада Италия, Швеция ва Голландияда янги офсайд қоидалари синовдан ўтади. Бу, албатта, юқори дивизионлар ҳақида эмас. Маълумки, шведлар бу ғояни 21 ёшгача бўлган эркаклар ўртасидаги чемпионатда синаб кўради. "Аввалига биз бироз иккиланиб қолдик, лекин бу яхши фикр ва биз бу ишда иштирок этишимиз керак деб ўйладик", - деди Швеция футбол ассоциацияси вакили Пьер Вайден. “Бундан ташқари, биз тажриба ҳақида гапиряпмиз - бундай ўзгаришларнинг бошида бўлиш жуда яхши. Шуни тан олиш керакки, ФИФА бу ғояни бизга аъло даражада "сотди". Биз ўз футболимизга ишонамиз ва улар бизнинг юқори даражадаги ташкилотчилик тизимига эга эканлигимизни билишади", – деди у.
"Арсенал"нинг афсонавий мураббийи Арсен Венгер 2019 йилдан бери ФИФАда Жаҳон футболини ривожлантириш бўлими бошлиғи сифатида ишлаб келмоқда. Бундай позицияда Венгер тез-тез ўйинга янги нарса қўшиш ёки уни қандайдир тарзда ўзгартиришни таклиф қилиши мантиқан тўғри. Тўғри, Арсеннинг аксарият ғоялари футбол жамоатчилигида кутилганидек акс-садо бермайди. Янгича офсайд ғояси бошқа кўпчилик сингари, Венгер томонидан 2020 йилда илгари сурилган.