Андижондаги “Бобур арена” Ўзбекистон профессионал футбол лигаси талаб қилган кўринишга келиши йўлида олиб борилаётган таъмирлаш ишлари сабаб клуб биринчи даврадаги уй учрашувларини Фарғонадаги «Истиқлол» стадионида қабул қилди.
12 июль куни Лига мутахассислари “Бобур арена”да бўлди. Айни пайтда стадионда таъмирлаш ишлари якуний босқичга кирган. Майдоннинг суғориш ва дренаж тизими тўлиқ янгиланган бўлиб, майдонда ўсиб турган янги майса яхши ҳолатда.
Эндиликда медиа трибунани кенгайтириш, ВИП трибуна ва захира ўриндиқларини кенгайтириш, уларни замонавий кўринишга келтириш, матбуот анжумани хонасини жиҳозлаш, ўйин давомида жамоалар чигалёзди машғулотларини ўтказиши учун махсус жойларни ҳозирлаш, камералар ўрнатиладиган жойларни тайёрлаш ишлари давом этмоқда.
Якунига етказиш муҳим бўлиб турган яна бир масала — прожектор лампаларини Андижонга олиб келиш ва стадионга ўрнатиш ишлари бўлиб турибди. Келишувга кўра, прожектор мавсум аввалидаёқ тайёр бўлиши керак эди. Бироқ бу борада шартнома тузиш ишлари бироз чўзилди. Бугунга келиб барча шартномалар имзоланган бўлиб, эндиликда тегишли техниканинг хориждан кириб келиши ишлари давом этмоқда.
Лига «Андижон» иккинчи даврадан бошлаб “Бобур арена”га қайтиши йўлида клуб ҳамда унда иш олиб бораётган корхоналар билан доимий алоқада бўлиб турибди. Шундан келиб чиқиб, мутахассислар бир ҳафтадан сўнг Андижонга қайта келади ҳамда прожекторларни назоратдан ўтказади. Унинг ўша кундаги ҳолатидан келиб чиқиб, Суперлига 14-туридан ўрин олган «Насаф»га қарши беллашувнинг қайси стадионда ўтказилиши масаласига ойдинлик киритилади.